Линклар

Тошкентда ўқитувчилардан қарзни тўлаш сўралмоқда

  • Барно Анвар

Тошкентлик ўқитувчилар 1 сентябргача коммунал қарздан қутулиш талабидан норози бўлсаларда, буни очиқ айтишдан бироз чўчидилар.

Тошкентлик ўқитувчилар 1 сентябргача коммунал қарздан қутулиш талабидан норози бўлсаларда, буни очиқ айтишдан бироз чўчидилар.

Ўқитувчиларга мустақилликка қадар коммунал тўловлар қарзидан қутулиш талабининг шаҳар ҳокимиятидан келганини айтмоқда.


Шу йил 10 августда Тошкент шаҳридаги қатор умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари ва ходимларига 1 сентябргача коммунал қарзлардан қутулгани ҳақидаги маълумотномани мактаб раҳбариятига топишириш талаби қўйилган эди.

Тошкент шаҳар Сирғали туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари бу талаб ўз муддатида бажарилганини айтди.

- Бизда ўқитувчиларнинг кўпи пластикадан тўлашган экан. Ëзда отпускага чиқаëтганда кўпчилиги справкани олиб келишди. Ҳар уч-тўрт ойда тўлаб қўйишаркан. Бизда мактабларда жуда катта қарзлари борлар йўқ экан ўзи, - деди Сирғали туманидаги умумий ўрта таълим мактаби раҳбари.

Айрим интернет нашрлари, жумладан Uzmetronom сайти, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг бу талаби бажарилмаган тақдирда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ёки мукофот пуллари ушлаб қолиниши мумкинлиги ҳақида ëзди.

Озодлик боғланган мактаб жамоалари ҳали бундай жазо чораси ҳақида гап бўлмаганини айтади.

- Йўқ, олиб қолмаймиз. Ўша пулидан тўлайдику. Олиб қолишга ҳаққимиз йўқ бировнинг пулини. Пулини олиб тўлайди-да. Пули бўлмаса қанақа қилиб тўлайди, - деди Сирғалидаги мактаб раҳбари.

Ўқитувчилардан коммунал тўловлар бўйича қарзи йўқлиги ҳақидаги ҳужжатларни коммунал хўжаликларидан олиш ва уни мактаб раҳбариятига топшириш талаб қилинган эди.

Мактаб раҳбарияти эса буни туман Халқ таълими бўлимларига топшириши керак.

- Туман бўлими эса шаҳар бўлимига топширади ва уларга бу топшириқ Тошкент шаҳар ҳокимиятидан тушган. Бунақа талаб ўтган икки йил ичида бўлмади. Аммо ундан аввалги йилларда бўлган эди. Ўқитувчилардан ўқув йили бошланишига қадар бир марта ва тугашига яқин яна бир марта коммунал қарзлардан қутулиб олиш сўралади, - деди Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бири раҳбари.

Халқ таълими бўйича Тошкент шаҳар бошқармаси расмийси эса шаҳар ҳокимиятининг бу талабини юмшоққина қилиб "эслатма, холос", деб баҳолади ва бундай талабни ўринли, деб билишини айтди.

- Бу ўқитувчининг шахсий муаммосига иш жойидан аралашиш, мажбурлашмас тўғриси. Ўз хоҳиши билан тўлайди. Ишлайдиган ташкилот, жамоаси тарафидан огоҳлантирилаяптики, қарзинг бўлса тўлаб қўй, деб.

Шарт деган нарса, мажбурлаш ҳали ҳеч кимга бўлмади. Топшириқ бўлди, агар имконияти бўлса, ойлик бераяпти давлат барибир, коммунал қарздорликни ҳам тўлаб қўйсин, деган мақсад қўйилган менимча. Тўламадинг, деб унга қандайдир интизомий чора кўрилмайди, - деди Тошкент шаҳар Халқ таълими бўлими бошқармаси ходими.

Мустақилликнинг дастлабки 12 йили давомида ўқитувчилар ва ҳамма турдаги таълим муассасалари ходимлари коммунал тўловнинг 50 фоизини тўлашдек имтиёзга эга эди.

2003 йил 1 апрелда ҳукумат қарори билан имтиёзлар ўрнига минимал ойлик иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида компенсация бериладиган бўлди. 2010 йилдан бошлаб, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори экани ҳақидаги сабаб билан компенсация ҳам бекор қилинди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги умумий ўрта таълим мактаби раҳбари аслида ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳукумат расмийлари баҳолагани каби баланд эмаслиги ва эндиликда коммунал тўловларни белгиланган муддатда тўлаш талабининг қўйилишини ҳам нотўғри, деб билишини айтади.

- Ўқитувчининг ойлиги пластик карточкага ўтказилади ва карточкадаги пул биринчи навбатда, озиқ-овқатга сарфланади. Агар ўқитувчининг турмуш ўртоғи ҳам ишлаб турган бўлса, оила даромади емак-ичмакдан ошиб коммунал тўловларга ҳам етар балки. Агар у оила боқувчиси бўлса, маоши тўловларга етмайди. Яъни, коммунал тўловларни тўламагани ўқитувчи буни ҳоҳламагани учун эмас, шунчаки пули етмагани учун тўламаган. 280 - 300 минг сўмлик маош билан Ўзбекистонда қандай кун кўриш мумкинлигини айтмасам ҳам бўлар, - дейди Мирзо Улуғбек туманидаги умумий ўрта таълим мактаби раҳбари.

Tashkent.uz расмий порталининг ёзишича, ҳозир шаҳарда 338 та умумий ўрта таълим мактаби, 30 та мусиқа ва санъат мактаби, 25 та спорт мактаби ва 514 та мактабгача таълим муассасаси бор.

1 сентябрга қадар коммунал тўловлардан қутулиб олиш тўғрисида ихтиёрий-мажбурий талабнинг бу муассаса ходимларининг ҳаммасига бирдек дахлдор экани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG