Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:37

Қирғизистон жанубидаги айрим ўзбек мактабларида қирғиз синфлари очилди


Ўш вилоятидаги Чўлпон номли ўрта мактабда ташкил этилган қирғиз синфи ўқувчилари.
Ўш вилоятидаги Чўлпон номли ўрта мактабда ташкил этилган қирғиз синфи ўқувчилари.

Ўз мактабида қирғиз синфларини ташкил қилган мактаб директорлари бу иш ота-оналар илтимоси билан амалга оширилганини даъво қилмоқдалар.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги “Чўлпон” номли ўрта мактабда қирғиз синфи очилди. Бу ҳақда Озодликка мактаб директори Моҳира Абдукаримова маълум қилди.

- Юқори синфларда биронта ҳам ўзбекча китоблар йўқ. Ўқувчиларни китоблар билан таъминлаш мақсадида, миллатлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида, Қирғизистонда қийналмай яшаш мақсадида ота-оналар илтимоси билан битта қирғиз синфи очдик 30-32 ўқувчи билан, - деди Моҳира Абдукаримова.

Мактаб директорининг айтишича, қирғизистонлик ўзбек битирувчиларининг Ўзбекистон олийгоҳларига ўқишга қабул қилинмаётгани, ўзбек битирувчиларининг Қирғизистон олийгоҳларида ўқиши учун қирғиз ва рус тилларини билмаслиги ҳам мактабда қирғиз синфи очишга сабаб бўлган.

Моҳира Абдукаримовага кўра, янги ташкил этилган синф ўқувчиларини қирғиз филологияси факультетини тамомлаган ўзбек муаллима ўқитаяпти. Бундан ташқари:

- Ўқитувчиларимизнинг ҳаммаси давлат тили, қирғиз тилини ўрганишга ҳаракат қилишаяпти. Кейин бу ўқувчилар 5-синфга ўтганда уларни қирғизча ўқитиш керак-да, давлат кадр билан таъминлай олмайди, шунинг учун бизнинг физика, математика, химия ўқитувчиларимиз ҳам ўша синфларга қирғиз тилида дарс бериш учун ўзлари йил давомида қирғиз тилини ўрганишаяпти, - деди Моҳира Абдукаримова.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларига қарашли туманлардаги ўзбек мактабларнинг кўпчилигида қирғиз синфлари ташкил этилган. Масалан, 2011 йилда Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги 27 та ўзбек мактабидан 20 тасида қирғиз синфи очилган.

- Худо хоҳласа, бу болалар 10 йилдан кейин қирғиз ватанининг, бизнинг Қирғизистоннинг ҳақиқий ватанпарварлари бўлиб етишишига мен ишонаман. Агарда биз биринчи синфдан бошлаб буларнинг юрагига қуйсак, қирғиз тилида гапирса, қирғиз маданияти, урф-одатини, Қирғизистон тарихини билса, албатта ватанпарвар бўлиб етишади. Биз бунга шароит яратаяпмиз, - дер экан Қорасув туман халқ таълими бошқармаси раҳбари Рахман Назаров ҳозирда тумандаги ўзбек мактабларида очилган қирғиз синфлари учун зарур дарсликлар тарқатиб берилганини қўшимча қилди.

Биз Ўш шаҳридаги ўзбек мактабларида вазият қандайлигини билиш мақсадида бир неча ўрта мактаб директорларига ҳам қўнғироқ қилдик. Ўшлик директорларнинг кўпчилиги ўз мактабларида қирғиз синфи очилмаганини айтишди.

2010 йил июн воқеалари чоғида ёқиб юборилган “Ҳамза” номли ўрта мактаб директори Одилжон Турғуновнинг айтишича, шаҳар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари мактабда асосан рус синфларини очишни талаб қилмоқдалар, бироқ бунинг учун керакли имкониятлар бўлмагани сабабли ҳозирча рус синфлари очилгани йўқ.

Ўтган йили Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган мудҳиш воқеалардан кейин айрим шахслар томонидан ўзбек мактабларида қирғиз синфлари ташкил этиш ва ўқитишни қирғиз тилига ўтказиш ташаббуслари кўтарилган эди. Уларга кўра, бу ташаббус ота-оналар қўлловига эга ва қирғиз синфларнинг очилиши миллатлараро муносабатларни тиклашга ҳамда қирғизистонлик ўзбекларнинг давлат корхоналарида ишлашига имкон яратади. Бироқ таълим соҳаси мутахассислари ўзбек мактабларида қирғиз синфларининг очилиши кутилганчалик самара бермаслиги мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Исми ошкор этилишини истамаган ўзбек тили ва адабиёти мутахассисига кўра, қирғиз ва ўзбек тили туркий тил бўлгани сабабли ўзбек ва қирғиз миллати ўртасида бир-бирини тушунмаслик муаммоси йўқ. Ўзбек ўқувчисига расмий қирғиз тилини ўргатиш учун эса ўзбек мактабларида қирғиз тили фанидан дарс бераётган кадрларни яхшироқ тайёрлаш керак.

- Менимча, бу бора-бора ўзбек мактабларини йўқ қилишга қаратилган қадам. Лекин бу узоққа бормайди. Менимча, бугун “шу нарсани талаб қиляпти” дейилаётган ота-оналар вақти келиб ўз боласини ўзбек бўлмай қолганлигини, ўзбек руҳиятидаги фарзанд бўлмай қолганини ҳис қилишади ва яна ўзининг миллий қадриятларига қайтишга ҳаракат қилиш бошланади. Шунинг учун мен бу нарсани унчалик ҳам маъқул, деб кўрмайман, - дейди суҳбатдошимиз.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистондаги таълим ўзбек тилида олиб борилувчи ўрта мактабларда 1-синфдан 11-синфгача ўқувчилар тақрибан 1000 соат қирғиз тили, 700 соат рус тили ва 400 соат инглиз тили сабоқларига қатнайдилар.
XS
SM
MD
LG