Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:14

Равотликлар ўзбек чегарачиларидан шикоят қилмоқда


Тожик-ўзбек чегараси.
Тожик-ўзбек чегараси.

Тожикистонлик фуқаролар ўзларига тегишли анклав ҳудудига бемалол кира олмаётганини айтмоқдалар.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги 58 гектар ер 1929 йилда, яъни шўролар даврида Сўғд вилоятининг Конибодом туманига қарашли Равот қишлоқ аҳолисига бўлиб берилгани айтилади.

Мустақилликка эришиш ортидан чегараларга тўсиқ ўрнатилган бўлса ҳам, тожикистонлик ер эгалари бемалол у томонга ўтиб турган.

Бироқ сўнгги икки ҳафта ичида тожикистонлик деҳқонлар “Дўсти” деҳқон хўжалиги деб аталмиш анклав ҳудуддаги ўз ҳосилини йиғиб ололмаётгани, у жойдаги чорвасидан ҳам бир неча кунлаб хабар ололмаётганидан шикоят қилмоқда.

Деҳқонларнинг айтишича, ўзбек чегарачилари “юқори”нинг буйруғи билан Равот назорат-ўтказиш постини ёпиб қўйган.

Айни кунларда, равотликларнинг айтишича, чегарада Конибодом ҳукумати томонидан ўрнатилган маълум тартиб асосида бу томондан фақат уч кишигина ҳафтанинг душанба, сешанба ва пайшанба кунлари у томонга ўтиб, тахминан юз оилага тегишли 58 гектар ер, юзга яқин чорва ва катта боғни суғориб ортга қайтмоқда экан.

“Қолган кунларда эса қаровсизлик ортидан деҳқонлар етиштирган ҳосил нест-нобуд бўлмоқда”, дейди ер эгаларидан бири Фаридахон Маҳкамова.

- Ўттиз сотихдан икки қоп макка олдим, ишонасизми? Шунақа замон бўладими? Мен у ердан: “икки тонна макка оламан”, деб умид қилгандим. Ҳосил ўғирлаганми, мол-ҳол еганми - билмаймиз. Эрталабдан кечгача қарамасангиз, моллар бўшалади-да очликдан, - дейди равотлик деҳқон аёл Фаридахон.

- Э, безор қилиб ташлашди. Баъзида ҳақорат эшитамиз. Рўза кунлари умуман ўтказишмади, қийнади. Энди шу 58 гектар ерни олишмоқчими бизни чиқариб юбориб? Ниятлари шундай бўлса керак-да, ўзи гап шунга бораяпти, - дейди исми сир қолишини сўраган яна бир тожикистонлик ер эгаси.

Равотликлар ва ўзбек чегарачилари ўртасидаги можаро уч йилдан буён давом этиб келади. 2009 йили айни ҳосил йиғиш палласида равотликлар билан ўзбек чегарачилари ўртасида илк бор можаро чиққанди. Ўшандан буён ҳар йили куз мавсумида Равот назорат-ўтказиш пости ёпилади.

Равотликларнинг айтишича, бунинг сабабини ўзбек чегарачилари Ўзбекистонда мустақиллик байрами нишонланаётгани билан изоҳлайдилар.

Бугун мавзу юзасидан мухбирингиз билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов бу йилги байрамда умуман чегаралар ёпилмаганини ва бу борада Тошкентдан буйруқ ҳам олинмаганини билдирди. Айни пайтда ўзбек дипломати Равотдаги воқеалардан хабарсизлигини айтди.

Тожик расмийлари эса элчихона расмийси “нотўғри маълумот бераётгани”ни таъкидламоқдалар.

- Ўзбекистон элчихонаси шундай дегани билан бу масаланинг бошқа жиҳатлари бор. Ҳамма нарса уларнинг ўзлари томонидан бўлаяпти. Элчихона ходими билиб-билмай ҳар нарса деяверади, - дер экан Конибодом туман ҳукумат расмийси Акмал Алиев ўз идораси равотликлар ҳолидан хабардор бўлиб тургани ва муаммони ҳал қилишга ҳаракатлар бўлаётганини қўшимча қилди.

Бироқ равотлик Фаридахон тожик расмийсининг айтганларини ҳам инкор қилади.

- Умуман Тожикистон томонидан ҳаракат бўлгани йўқ. Бир марта ҳукуматдан одамлар келишганди, ўшанда ўзлари мана шу режимни ўрнатиб кетишганди. (Равотликлардан фақат уч киши ҳафтанинг душанба, сешанба ва пайшанба кунлари ердан хабардор бўлиб туриши борасида ўрнатилган тартиб назарда тутилаяпти - таҳр.). Энди мустақиллигимиздан кейин ҳал қилади, деб кутиб турибмиз биз ҳам. Байрамдан кейин биз масалани кўндаланг қўямиз, бунақада иш битмайди, - дер экан равотлик Фаридахон чегарада можаро чиқараётганлар аслида Ўзбекистон ҳукуматининг буйруғу қарорларини бажармаётганини, аксинча ўз шахсий манфаатини кўзлаётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG