Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:05

Москвада Ҳайит намозига 90 минг одам йиғилди


Сешанба куни Москванинг Тинчлик Проспектида жойлашган Жомеъ масжидида пойтахт мусулмонлари Рамазон ҳайитини нишонлади.


30 август куни аксар мусулмонлар каби Россия мусулмонлари ҳам Рамазон Ҳайитини нишонладилар¸ жумладан, пойтахт Москва масжидларида ҳам Ҳайит намози ўқилди.

Москва масжидларида¸ ҳар йилги каби¸ ўн минглаб мусулмон жамланди. Россия муфтияти хабарига кўра, Россия пойтахтининг Тинчлик проспектида жойлашган Жомеъ масжидига 50 мингдан зиёд, Катта Татар кўчасидаги тарихий масжидга эса 15 мингдан ортиқ мусулмон йиғилди.



Жомеъ масжиди атрофида юрган саноқсиз лўлиларга ҳам байрам -улар обой қоғозларидан ясалган қўлбола жойнамоз сотиб¸ пул қилишди.

Пойтахт полициясининг дастлабки тахминларига кўра, жами Москва масжидлари атрофларидаги кўчаларни жойнамоз билан тўлдирган диндорлар умумий сони 90 мингдан ошган.

Москвада Ҳайит намози ўқилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:11 0:00
Бевосита линк


Жомеъ масжидига ҳайит намози ўқиш учун йиғилган мусулмонларни Россия Бош муфтийси Равил Ғайнуддин табриклаб, уларнинг барига сиҳат-саломатлик ва қут-барака тилади.

- Оллоҳ субҳанаҳу ва таолога бизнинг ихлос қалбларимиздан бўлган ҳамду саноларимизни айтамиз. Оллоҳнинг кишиси, Расули, бизнинг суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(с.а.в.) га ихлос қалбларимиздан хайрли саломларимиз ва саловат шарифаларимиз бўлсин. Бу муборак бўлган кунни бир сафда Оллоҳнинг динида ибодатда бўлиб, Роббимдан савоб сўраб келган дин қардошларимни Ислом саломи билан саломлайман – Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! - дея минбардан ўз саломини йўллади Россия Бош муфтийси.

Ўз чиқишида Равил Ғайнуддин мусулмонлар учун муқаддас саналган бу кунларга Ливиядаги хунрезлик қора доғ туширганини гапириб, ислом дунёсига тинчлик ва тотувлик тилади.

Масжид атрофида катта мегафонлар ўрнатилган махсус автомобиллар ёрдамида кўчаларнинг чекка-чеккаларида намозга йиғилган минглаб диндорларга масжид ичкарисида ўтирган муфтийнинг сўзлари етказиб турилди.

Ундан сўнг, Равил Ғайнуддин президент Дмитрий Медведев, Бош вазир Владимир Путин, Москва мэри Сергей Собянин ва бошқалар номидан Россиядаги мусулмонларига йўлланган байрам табригини ҳам ўқиб эшиттирди.

- Муқаддас Рамазон ойининг якунланиши – бу қалбан тозаланиш, бунёдкорлик ва савоб амаллар бажариш вақтидир. Бундай қадриятлар тинликсеварлик ва инсонпарварлик рамзидир, инсонлар орасидаги ўзаро муроса ва жамиятимиздаги миллатлараро тотувликка асос бўла олади, дейилади президент Медведевнинг Россия мусулмонларига йўллаган номасида.

Равил Ғайнуддин бу табрикдан кейин Сергей Собянин бошқараётган Москва ҳокимияти куни кеча Москва Жомеъ масжиди қурилишини давом эттиришга рухсат берганини овоза қилиши билан гулдурос қарсаклар янгради.

Ҳар сафаргидек Москва масжидлари атрофидаги кўчалар Ҳайит намозига йиғилган мусулмонлар билан тўлгани туфайли, соат 13 ларга қадар транспорт қатнови тўхтатилди, метро бекатлари¸ кўча транспортида тиқин юзага келди.

Одатдагидек, Жомеъ масжидида куннинг биринчи ярмида аёллар, иккинчи ярмида эса эркаклар байрам намозини ўқиди.

Жалолободлик Акмал бу йилги Рамазон йиғини илгариги йилларга нисбатан анча тартибли ва чиройли ўтганини айтади.

- Мен учинчи бор бу ерда қатнашишим. Ўтган йили метроларда милиция документ сўрашарди. Бу йили ҳужжат сўраш йўқ, мусулмонларга метрога билет олмасдан киришга рухсат бераяпти. Бу йил ҳаддан зиёд милиция кўпайган бизга ёрдам кўрсатиш учун, қийналмаслигимиз учун. Намоз ўқиб чиқиб кетаётганимизда йўллардаги машиналарни тўхтатиб йўл кўрсатиб бераяпти. Бу йил ўтган йилгидан одам кўп бўлди. Айрим қийқиришларни назарга олмаганда¸ яхшигина ўтди намоз. Бугун Проспект Мирадаги Жомеъ масжидда намоз ўқиш насиб этди. Шунинг шарофати билан муҳожиратда юрган ўзбекларни, мусулмон биродарларимизни бугунги Ийди Рамазон¸ Ҳайит билан табриклайман. Шуни қаторида юртим Қирғизистонда жабр кўрган биродарларимиз оиласига тинчлик, Ливияда бўлаётган мусулмон биродарларимизнинг уйида тинчлик бўлсин, дейди Акмалжон.

Йилдан-йилга бундай тадбирларни ўтказишда маҳорати ошиб бораётган Москва полициячилари Ҳайит намози давомида бирор нохуш ҳодиса рўй бермаганини таъкидлади.

Шунингдек, аввалги йилларда масжидларда кузатилган намозхонлар оқимини камайтириш мақсадида, шаҳарнинг турли жойларида мусулмонлар учун махсус намозгоҳлар ташкил этилди. Хусусан¸ Москванинг Соколники паркида 8000 кишига мўлжалланган намозгоҳ ташкил этилди.

Санкт-Петербургдаги Жомеъ масжидида ҳам сешанба куни ўн минглаб мусулмон ҳайит намозини ўқиди. Масжид ходимларига кўра, намозга келган 70 мингдан ортиқ мусулмон масжидга сиғмай қолган. Шу боис намоз сафлари шаҳар марказидаги бир неча кўчага чиқиб кетган ва йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйган.

Айни пайтда шаҳарнинг Петроград тумани маъмурият раҳбари Константин Желудков полицияга таяниб Твиттердаги ўз саҳифасида Ҳайит намозига 20 минг атрофида одам йиғилганини маълум қилди.

Ўтган йили Санкт-Петербург Жомеъ масжидига 50 минг мусулмон жамлангани айтилган эди.
XS
SM
MD
LG