Линклар

Исёнчилар Қаддафий тарафдорларига ультиматум эълон қилди


Исёнчилар Қаддафийнинг она шаҳри Сиртдан 128 км ғарбдаги Абу Ғрейб шаҳри яқинида

Исёнчилар Қаддафийнинг она шаҳри Сиртдан 128 км ғарбдаги Абу Ғрейб шаҳри яқинида

Исёнчиларнинг аёвсиз таъқиби остида қолган ва лекин уларга ҳозирча тутқич бермаётган Муаммар Қаддафийнинг оила аъзолари Жазоирдан бошпана топишга муваффақ бўлгани тўғрисидаги хабар кетидан уларни экстрадиция қилишни Жазоирдан Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши талаб қилажаги тўғрисидаги хабар пайдо бўлди.

Айни пайтда Қаддафийнинг Триполини ташлаб чиққанию ўғилларидан бири жанг пайтида ўлдирилгани хабар қилинди.

Қаддафийнинг оиласи Ливиядан Жазоирга машинада етиб борди ва бу хабар кетидан ливиялик исёнчилар қўшни Жазоирни Қаддафий оиласини қабул қилиб олгани учун айблади.

Жазоир ташқи ишлар вазири баёнотига кўра, Қаддафийнинг иккинчи хотини Сафия Фарқаш Жазоирга 29 август, душанба куни эрталаб машинада кириб борган.

Қаддафийнинг 34 яшар қизи Ойша ва вояга етган ўғиллари Муҳаммад ва Ханнибаллар ҳам ҳозирда Жазоирда Сафия Фарқаш билан бирга.

Воқеалар ривожи ўзини Ливиянинг янги раҳбарияти сифатида тута бошлаган Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши билан Жазоир ўртасидаги дипломатик совуқчилик келтириб чиқариш таҳдидини пайдо қилмоқда.

Миллий кенгаш расмий вакили Маҳмуд Шаммон Ливия янги раҳбарияти Жазоирдан қаддафийлар оиласини экстрадиция қилишни талаб қилажагини билдирди.
- Бу Ливия халқига қарши, уларнинг орзу ва умидларига қарши душманлик амалидир. Биз бу жиноятчиларнинг экстрадиция қилиниши ва судга тортилиши учун барча ҳуқуқий чораларни кўрамиз. Биз Қаддафий ва унинг оиласига кўмак кўрсатмоқчи бўлганларнинг огоҳлантирмоқчимизки, агар шу ишни қилсалар ливияликларнинг душманларидир ва уларни ливияликлар дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин таъқиб қиладилар, деди Маҳмуд Шаммон.

Муаммар Қаддафийнинг ўзи қаерда эканлиги номаълумлигича қолмоқда. Бироқ унинг ўғли Хамиснинг 17 яшар соқчисидан олинган, лекин бошқа манба томонидан тасдиқланмаган маълумотга қараганда, Қаддафий сўнгги жума оқшомида ҳам Триполида бўлган ва кейин мамлакат жанубидаги Сабаъ шаҳрига кетган.

Британиянинг Sky News телевидениеси хабарига кўра Қаддафийнинг ўғли Хамис ўлдирилган. Хамиснинг қўлга тушган соқчисининг айтганларига таяниб хабар қилинишича, Қаддафий ўғли Хамис билан жума куни соат 13:30 ларда, исёнчилар ҳужум қилаётган пайтда учрашган. Шундан сўнг кўп ўтмай қизи Ойша билан учрашган ва Ланд Крузер машинасига тушиб кетган.

Қаддафийнинг она шаҳри Сирт каби Сабаъ шаҳри ҳам полковник тарафдорлари исёнчилар ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлиб турган оз сонли аҳоли пунктларидан биридир.

Қаддафийга содиқ кучлар шу кунда Сабаъ шаҳри ва унинг атрофларини назорат қилмоқда. Атрофи саҳро бўлган бу аҳоли пунктидан қўшни Жазоир, Нигер ва Чадга нисбатан осон чиқиб кетиш имконини берадиган йўллар мавжуд.

Сешанба куни исёнчилар Муаммар Қаддафийга содиқ қолаётган кучларга ультиматум эълон қилгани маълум бўлди.

Қаддафий тарафдорларига шанбагача қуролсизланиш тавсия қилинди ва бу талаб бажарилмаган тақдирда уларга қарши қақшатқич зарба берилишидан огоҳлантирилди.

Исёнчилар томонидан тузилган Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раиси Мустафо Абдул Жалилнинг бугунги баёнотига кўра, бир неча шаҳар, шу жумладан Қаддафий туғилган Сирт шаҳрини назорат қилаётган ҳарбийлар қўмондонлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG