Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:15

Қаддафийчилар ультиматумни қабул қилмади


Муаммар Қаддафийнинг Сирт шаҳридаги тарафдорлари исёнчилар ультиматумини рад этди.

Қаддафий режимининг вакили Муса Ибраҳим Associated Press агентлигига Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар “қуролланган босқинчилар”нинг ультиматумини қабул қилмаслигини маълум қилди.

Сирт шаҳрини эгаллашга тараддуд кўраётган исёнчилар сешанба куни Муаммар Қаддафий тарафдорларига ультиматум эълон қилган эди.

Ультиматумга кўра, Қаддафийга содиқ қолаётган кучларга келаётган шанбагача қуролсизланиш тавсия қилинди ва бу талаб бажарилмаган тақдирда уларга қарши қақшатқич зарба берилишидан огоҳлантирилди.

Хабарларга кўра, Қаддафийга содиқ кучлар Триполига келадиган водопровод қувурларини тўсиб қўйгани натижасида шаҳарда сув тақчиллиги кузатилаяпти.


Ҳозирда икки миллионлик Триполи аҳолиси электр энергиясиз яшаяпти, шаҳарда банк ва дорихоналар ишламаяпти, кўплаб дўконлар ёпилган.

Ливияда жанглар давом этар экан, АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд НАТО бу мамлакатни ҳали тарк этмаслигини маълум қилди.

- Қўшма Штатлар НАТО Ливияда фуқаролар ҳимояси таъминланмагунига қадар мамлакатда қолиши шарт, деб ҳисоблайди. НАТО расмийларининг маълум қилишича, Сирт ва Триполи жанубидаги ҳудудларда жанглар давом этар экан, НАТО аҳоли ҳимояси билан шуғулланишни давом эттиради, - деди Виктория Нуланд.

Маълумотларга кўра, Буюк Британияда БМТ санкцияси бўйича музлатилган Қаддафий режимининг ярим миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағи ливиялик исёнчиларга берилади.

Британия ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейгнинг билдиришича, бу маблағ Ливиянинг Марказий банкига ўтказилади ва зарурий эҳтиёжларга сарфланади.

Жорий йилнинг февралида Ливияда можаро бошланганидан кейин Қаддафий режимига қарашли маблағлар музлатиб қўйилган эди.

Бир ҳафта аввал Ливия ўтиш даври миллий кенгаши Қаддафий режими қулатилиши ортидан фуқаролар ойлик маоши ва нафақаларини тўлаш, мамлакатда тиббий хизмат ва хавфсизликни тиклаш ишлари учун халқаро ҳамжамият зудликда 5 миллиард доллар ажратиши кераклигини айтган эди.

Қаддафий оиласи аъзолари.
Айни пайтда Қаддафийнинг хотини, икки ўғли ва бир қизи билан Жазоирда қолмоқда.

Ливия ўтиш даври миллий кенгаши Жазоирдан Қаддафий оиласининг экстрадициясини сўради.

Британиянинг Sky News телевидениеси хабарига кўра, Қаддафийнинг Ҳамис исмли ўғли 27 август куни Триполидаги тўқнашувда ҳалок бўлган.

Ҳозирда полковник Қаддафийнинг ўзи ва унинг яна уч ўғли қаерда экани номаълум қолмоқда.

Бироқ сешанба куни ливиялик исёнчилар раҳбарияти уларга Қаддафийнинг қаерга яширингани маълум эканини таъкидлади.

Ливия Миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалилга кўра, Муаммар Қаддафий ҳануз мамлакат ичкариси ва ташқарисида бирдек хавфли бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG