Линклар

Ўзбекистонда рақамли телевидение томашабинлари сони 350 минг кишидан ошди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборот агентлигининг матбуотга маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда DVB-T (Digital Video Broadcasting-Terrestrial) стандарти асосида фаолият юритувчи рақамли телекўрсатувлари томошабинлари сони 350 мингдан зиёдни ташкил қилади.

Хоразм вилоят давлат телерадиокомпаниясида ишловчи манбага кўра, бугунги кунда вилоят аҳолисига рақамли телевидение орқали хизмат кўрсатилмоқда.

Манбанинг айтишича, айни пайтда Хоразмдан ташқари, Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари аҳолиси ҳам рақамли телевидение томошабинлари ҳисобланади.

Яқин кунларда Қашқадарё ва Фарғона водийси ҳам рақамли телевидениега ўтказилиши режалаштирилмоқда.

2008 йилда Тошкент ва Бухоро шаҳарларида тўртта давлат ва саккизта тижорат телеканаллари кўрсатувларини узатадиган рақамли телевидение узатгичи синов тариқасида ўрнатилган эди.

Одатий телерадиоёйинловдан фарқли ўлароқ рақамли телерадиоёйинловда тасвир ва овоз сифати яхшироқ бўлади. Бунда аввалгидек телерадиосигналлар узатувчи ускуналар бевосита видео ва аудиотўлқинларнинг ўзини эмас, балки уларни рақамга айлантириб узатади, бу сигналларни қабул қилиб олган мижозларнинг телевизор ёки радиоприёмниклари эса махсус ускуна орқали уларни яна одатдаги теле ва радиотўлқинга айлантириб олади. Шу тариқа рақамли ТВ ва радио мижозлари об-ҳаво шароити ёмон бўлган пайтда ҳам видео ва аудиосигналларни тиниқлигича қабул қилиб олиш имконига эга бўладилар.

Европа ва МДҲ давлатлари қаторида Ўзбекистон рақамли ёйинловга босқичма-босқич ўтиш ҳақидаги шартномани 2006 йилда имзолаганди. Мазкур шартномага кўра, мамлакатда 2015 йилгача тўлалигича рақамли телеёйинловга ўтиш режаланган.

Рақамли ёйинловга ўтишни мувофиқлаштириш учун 2010 йилда Ўзбекистон президенти қарори билан маҳкамалараро ишчи гуруҳи тузилган ва мамлакатнинг 2010-2015 йилларда рақамли ёйинловга ўтиши бўйича режаси тасдиқланган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши билан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, “Радиоалоқа, радиоёйинлов ва телевидение” давлат унитар корхонаси ҳамда мазкур икки ширкат томонидан 2009 йилда таъсис этилган "UZDIGITAL TV” МЧЖ шуғулланмоқда. Аҳолини рақамли ТВга улаш вазифаси бевосита UZDIGITAL TV ходимларига топширилган.

Аснода соҳа мутахассислари Ўзбекистондаги барча теле ва радиоёйинловлар рақамли форматга ўтиши ортидан телерадиокомпанияларнинг қўшимча тўлқин узатиш мосламалари сотиб олишига тўғри келишини, бу эса айниқса нодавлат телерадиокомпаниялари учун моддий қийинчиликлар туғдиришини таъкидламоқдалар. Бозор иқтисодиёти тўла шаклланиб улгурмаган бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам асосий даромади рекламадан келувчи нодавлат телевидение ва радиоларининг моддий аҳволи мақтанарли даражада эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG