Линклар

31 август куни ўқилган Ҳайит намозида имомлар тақводорларни юртбошига қуллуқ қилишга чақирганлар.


Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити 31 август куни нишонланди. Тошкентдаги масжидларда намоз ўқиган мусулмонлар масжидлар намозхонлар билан тўлиб-тошгани, имомлар ўз маърузларида тинч ва хотиржам ҳаёт учун юртбошига қуллуқ қилиш лозимлигини, араб давлатларидаги каби тўполонлардан Аллоҳнинг ўзи асраши ҳақида гапирганлар.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қиладиган 66 ёшли пенсионер Анвар Тўрахўжаевнинг айтишича, тумандаги жомеъ масжиди ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ намозхонлар билан тўлиб тошган:

- Мачитга келдик. Эрталаб 6.15да бошланди. Унгача бомдод намозини ўқидик. Домламиз Эргаш домла. Маърузасини қилди. Намоз йўлларини тушунтирди. Кейин тушган фитр рўза бўладими, ëрдам бўладими ҳаммаларини йиғилганларга маълум қилди. Кимга ëрдам пуллари тарқатилди шуларни маълум қилиб намозгача, кейин намоз ўқиб, дуо қилиб тарқалишдик, - дейди Анвар Тўрахўжаев.

Пенсионер отахонга кўра, масжид имомининг маърузаси аввалги ҳайитларда қилинадиган маърузалардан деярли фарқ қилмаган, фақат имом бу сафар тинч ва осойишта замон учун шукурлар қилиш кераклигини араб давлатларидаги тўполонлар мисолида уқтириб ўтган:

- Ҳамма йилги маърузага ўхшади, яъни «мустақиллик бу улуғ неъмат, Мустақиллик натижасида эришилган ютуқ бу жуда катта ютуқ, мана тинчгина намозни ўқияпмиз, тинчгина ҳаёт кечиряпмиз, бошқа давлатларда мана кўряпсизлар нотинч, ҳаммасини юрагини ҳовучлаб туради, айниқса араб давлатларида бўлаётган воқеалар яхши эмаску, бизлар ҳам шунақа бўлса сизларга ёқармиди», қабилидаги гаплар айтилди. «Тинчлигимизни кафиллаб келаётган юртбошимизни дуосини қилайлик», дейилди, дейди Анвар Тўрахўжаев.

Тошкентнинг Ҳамза туманида истиқомат қилувчи пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаев эса, туман жомеъ масжидида ўтказилган ҳайит намозида қилинган имом маърузаси соф диний мазмунда ўтганини таъкидлар экан, хавфсизликни таъминловчи милиция ходимлари ўтган ҳайит намозларига нисбатан икки-уч баравар кўпайтирилганини айтади:

- Нормалний бўлди ҳаммаси. Олдингидай ҳамма ëқ техника безопасности, қоровуллар бор. Ҳамма меъëрида бўлди. Милициялар ўтган йилларга қараганда икки-уч баробарга кўп¸ жуда ҳам кўп, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Пенсионер отахон Анвар Тўрахўжаев эса, Тошкентда хавфсизлик чоралари бутун Рамазон ойи давомида кучайтирилганини айтади. Унга кўра, ҳатто Лайлат-ул Қадр кечасида ҳам намозхонларга масжидларда тўпланиб ибодат қилишлари тақиқланган, ифторлик қиладиган одамлар кўп одам чақирмаслиги хусусида огоҳлантирилган:

- Лайлат-ул Қадр кечасида одамлар тўпланмасин, мачитларда ибодат қилиб бўлиб тарқаб кетинглар дейилди. Шунақа бўлди. Хуллас¸ юқоридан шунақа топшириқ бўлган. Агар у ер бу ерда ўз ҳолингларча тўплансанглар¸ гап тегса хафа бўлманглар¸ дейишган. Ифторликлар даврида 30 кун давомида кам-кам одамлар тўпланиб, кам-кам одамлар ўтганини кўрдим. Олдингидай 100, 100тадан ошиқ тўпланган ифторликлар бўлмади, дейди Анвар Тўрахўжаев.

Тошкентнинг Ўрикзор маҳалласидаги жоме масжидида ҳайит намозини ўқиган тошкентлик савдогар Жаҳонгир Шосалимов ҳайит намози жуда шукуҳли ўтганини таъкидлар экан, бу йилги рамазон ойи мусулмонларга жуда катта синов бўлганини айтади:

- Айниқса¸ бу йил рўза рўзадорлар учун жуда катта синов бўлди. Рўзанинг деярли 20-30 куни қаттиқ жазирамага тўғри келди. Сувсизлик, ташналик. Шунинг учун ҳамма шоду хуррамликда ажойиб ўтди. Тахминан 5000дан 10 минггача одам Ўрикзордаги жомеъ масжидида йиғилиб намоз ўқиди. Имомдан жуда чиройли маъруза бўлди. Албатта¸ энди Ўзбекистондаги чуқур ижтимоий-иқтисодий вазиятлар, хабарингиз бор, юқорининг буйруғи билан тилга олинмайди. Умуман байрам руҳида ўтди десак бўлади. Лекин у бошқа масала. Ўзбекистондаги жуда ҳам таранг ижтимоий, иқтисодий, сиëсий масала амнистия эълон қилинмаганлиги, диндорларга нисбатан қилинаëтган жабр, зулм, зўравонлик, Обидхон қорига нисбатан қилинган туҳмат, албатта булар ҳақида гапирилмайди. Умуман олганда ҳайит намози жуда чиройли ва осойишта ўтди, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Озодлик манбаларининг хабар беришича, Ўзбекистон вилоятларининг жомеъ масжидларида ўқилган ҳайит намозлари тинч ва осойишта ўтган.

Дунёдаги мусулмон давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда Рамазон ҳайити бир кун кеч, 31 августда нишонланди.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистонда айрим шахслар рўзани 30 август куни тўхтатган ва шу куни уларнинг кичик гуруҳларга бирлашиб, яширинча ҳайит намозларини адо этиш ҳоллари ҳам кузатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG