Линклар

Сайфул Ислом Қаддафий исёнчилар билан жангни давом эттиришга чақирди, Саадий Қаддафий эса асирга тушишга тайёр.

31 август куни Муаммар Қаддафийнинг ўғилларидан бири Сайфул Ислом араб телеканалларидан бири Al-Rai канали орқали намойиш қилинган аудиомурожаати орқали исёнчилар билан жанг давом этажагини маълум қилди.

Сайфул Ислом "қаршилик кўрсатиш давом этаётгани ва ғалаба яқинлиги"ни айтиб, отаси Қаддафийнинг она шаҳри Сиртда "20 минг қуролланган аскар борлиги ва улар жангга тайёр" эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда Триполидаги ливиялик исёнчиларнинг таъкидлашича, Қаддафийнинг бошқа бир ўғли Саадий Қаддафий исёнчилар билан жангни тўхтатиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Телефон орқали исёнчилар раҳбарияти билан боғланган Саадий Қаддафий асирга тушишга тайёр эканлигини билдирган.

Триполидаги Миллий ўтиш кенгаши қўшинлари командири Абдулҳаким Белҳаж, агар Саадий Қаддафий асир тушса, унинг хавфсизлигини таъминланишга ваъда берган.

Саадий Қаддафийнинг ўзи Al-Arabiya телеканали орқали отаси Муаммар Қаддафийнинг топшириғига кўра яна қон тўкилишини олдини олиш мақсадида исёнчилар билан муросага келиш борасида музакаралар олиб бораётганини маълум қилди.

Ҳозирда полковник Қаддафийнинг ўзи ва яна бир ўғлининг қаерда эканлиги номаълум қолмоқда.

Британиянинг Sky News телевидениеси хабарига кўра, Қаддафийнинг Ҳамис исмли ўғли 27 август куни Триполидаги тўқнашувда ҳалок бўлган.

Қаддафийнинг Жазоирдан паноҳ топган оила аъзолари.
Айни пайтда Қаддафийнинг хотинларидан бири, икки ўғли ва бир қизи билан Жазоирда қолмоқда.

Ливия ўтиш даври миллий кенгаши Жазоирдан Қаддафий оиласининг экстрадициясини сўради. Бунга рад жавобини берган Жазоир расмийлари Қаддафий оиласини “инсонпарварлик қадриятлари”дан келиб чиқиб қабул қилганини айтдилар.

Чоршанба куни ливиялик исёнчилар Қаддафий ҳукуматидаги ташқи ишлар вазири бўлган Абдул-Ати ал-Обидий Триполи ғарбидаги уйида ҳибсга олинганини маълум қилди.

Шунингдек, чоршанба куни Ливия шимолий-шарқидаги Бани-Валид ва Злитен шаҳарлари ўртасидаги йўлда қаддафийчилар билан исёнчилар ўртасида тўқнашув келиб чиқди.

Исёнчилар Муаммар Қаддафий айнан Бани-Валид шаҳрида яширганига аминлар, бироқ бу маълумот тасдиқланганича йўқ.

Ливия исёнчилари ҳозирга келиб мамлакатнинг асосий қисмини ўзлари назорат қилаётганлари ва Муаммар Қаддафийнинг Сирт шаҳрига жойлашиб олган тарафдорларига таслим бўлиш учун шанба кунига қадар муҳлат берилганини айтмоқдалар.

Аввалроқ Қаддафий режими вакили Муса Иброҳим исёнчиларнинг таслим бўлиш ҳақидаги ультиматумини рад этган.

Бугун Парижда Ливияга доир халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбирда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Франция ва Буюк Британия раҳбарлари, АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва жами 60 та давлатдан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

Париж конференциясида Қаддафийдан кейин Ливияга халқаро кўмак кўрсатиш истиқболлари, шунингдек, Ливиянинг музлатилган маблағларининг келажаги муҳокама қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG