Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:59

Тошкентда Мустақиллик тантаналари ўтказилди


31 август куни соат 19.00 да Тошкентдаги Миллий боғда Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.

Тадбирни, одатга кўра, президент Ислом Каримов табрик нутқи билан очиб бериб, барчани байрам билан қутлади.

Президент Каримов нутқи давомида саҳнага ўрнатилган улкан экранда Ўзбекистоннинг 20 йиллик тарихи тасвирлар орқали намойиш қилиб турилди.

Ислом Каримов мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқларни санар экан, “Ўзбек модели” ўзини бутунлай оқлаганини таъкидлади.

Жумладан, Каримов Ўзбекистон иқтисодиёти йигирма йил мобайнида қарийб 3,4 баробар, ўртача иш ҳақи 14 баробар ўсгани, аҳолининг ялпи даромади тахминан 9 марта ўсгани, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотининг ўртача 8,5 фоизни ташкил этгани ҳамда истиқлол йилларида ижтимоий соҳа учун давлат харажатлари 5 баробардан зиёд кўпайгани, оналар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайгани, одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга узайиб, эркаклар ўртача 73 ёш, аёллар ўртача 75 ёш умр кўраётганини таъкидлади.

Қарийб 20 дақиқа давом этган президент нутқи бир неча бор гулдирос ва давомли қарсаклар билан бўлиб турилди.

Концерт дастурида эстрада юлдузлари томонидан Ўзбекистонни, мустақилликни улуғловчи қўшиқлар янгради.

Шу куни шаҳарда назорат кучайтирилиб, Миллий боғ атрофини милиция ва МХХ ходимлари ўз назоратида ушлаб турди.

Одатдагидек, байрам тадбирига фақат махсус таклиф қилинганларга кириш рухсат этилди. Оддий аҳоли учун эса Миллий боғ атрофига яқинлашиш тақиқланди.
XS
SM
MD
LG