Линклар

Душанбеда таниқли журналист ҳужумга учради

  • Гулнора Равшан

Хуршед Атоуллоев тожик расмийларини танқид қилган мақолалари билан машҳур.

Хуршед Атоуллоев тожик расмийларини танқид қилган мақолалари билан машҳур.

Тожикистондаги Медиа-алянс ташкилоти раҳбари Хуршед Атоуллоев 31 август куни номаълум кишилар томонидан калтакланди.

Бу ҳақда Атоуллоевнинг ўзи Озодликка маълум қилди.

Маълум бўлишича, Рамазон ҳайити муносабати билан дўсту биродарларининг уйига бориш учун йўлга чиққан Хуршед Атоуллоев кеча Душанбе шаҳар кўчаларининг бирида куппа-кундуз куни ўзига нотаниш одамлар томонидан калтакланган.

- Улар бизни анчагача таъқиб қилиб келди. Бир неча марта машинаси билан йўлимизга чиқиб, ҳаракатни давом эттиришимизга халақит берганидан кейин машинани бир четга тўхтатишга мажбур бўлдик. Шу заҳоти Жигули русумли оқ машинадан қўлларида калтак билан уч киши тушди ва менга ҳужум қилди. Ўша ерда уларга яна тўрт киши келиб қўшилди. Улар мени ерга йиқитиб, роса урди. Кўпроқ зарба еган иккала қўлим қаттиқ шикаст еди. Уларнинг хатти-ҳаракатларидан ҳужум уюштирилганини пайқадим, - дейди “Фараж” рўзномасининг бош муҳаррири ҳамда Тожикистондаги Медиа-алянс ташкилоти раҳбари Хуршед Атоуллоев.

Атоуллоев жаноблари мазкур воқеа юзасидан Душанбе шаҳар Сино туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилганини, аммо ҳозирча бу ҳолат бўйича жиноий иш очилмаганини айтди.

Айни пайтда Сино туман ички ишлар бўлими масъули Қайсар Алиев жабрланувчи Атоуллоев ўз бўлимига 31 август куни мурожаат қилганини ва байрам муносабати билан ҳамма дам олишда бўлгани сабабли унинг аризаси бўйича протокол бугун, 1 сентябр куни тузилганини айтди.

- Калтаклаш бу жиноят ҳисобланади. Бу ҳолат албатта текширилади ва бу ишда қўли бор шахслар албатта жиноий жавобгарликка тортилади, - деди Озодлик мухбири билан суҳбатда Сино туман ички ишлар бўлими вакили Алиев.

Эслатсак, бу Тожикистонда журналистларнинг калтакланиши билан илк ҳодиса эмас.

Аввал ҳам Озоди радиоси тожик хизмати мухбири Мўмин Аҳмадий, Ислом уйғониш партияси нашри бўлган “Нажот” рўзномасининг бош муҳаррири, таниқли сиёсатчи Ҳикматулло Сайфуллозода ҳам номаълум шахслар томонидан калтакланган эди.

Гарчи ўша воқеалар юзасидан жиноят ишлари очилган эса-да, бироқ журналистларга ҳужум қилган шахслар ҳанузгача топилмагани айтилади.

Аснода Тожикистондаги Медиа-алянс ташкилоти ва Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси масъуллари Хуршед Атоуллоевга нисбатан ҳужумни қоралаб чиқди.

- Байрам кунлари ва хусусан, республикамиз мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида нафақат журналист, балки ҳар қандай оддий фуқаронинг ҳам бундай ҳужум учраши ташвишланарлидир. Биз мустақиллигимиздан фахрланиб гапирар эканмиз, биринчи навбатда, мамлакатда фуқаролар, хусусан журналистлар ва бошқа таниқли шахслар хавфсизлиги таъминланган бўлиши керак. Ҳозирча биз Хуршед билан боғлиқ ҳолат унинг касбий фаолияти билан боғлиқми-йўқми - аниқ бир нарса деёлмаймиз. Аммо бордию бунга оид тахминлар исботланса, ташкилотимиз Хуршед Атоуллоев ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун барча зарур чораларни кўради, - деди Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев.

Қаршибоевга кўра, таниқли журналист ва ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланган “Фараж” рўзномаси бош муҳаррири Хуршед Атоуллоевга уюштирилган ҳужум Тожикистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятга таъсир этмай қолмайди.

Хуршед Атоуллоев 1996 йили Тожикистон давлат университетининг журналистика факультетини битиргач, Давлат радио ва телевидениясида, кейинчалик эса “Жавонони Тожикистон”, “Рўзи нав” ва “Зиндаги” рўзномаларида ишлаган. Айни пайтда у Тожикистондаги Медиа-алянс ташкилоти раҳбари ва”Фараж” мустақил рўзномасининг бош муҳарриридир.

Тахминан 7 минг нусхада чоп этиладиган “Фараж” газетаси саҳифаларида жамиятнинг энг дардли муаммолари ёритилади.

Соҳа бўйича таҳлилчиларга кўра, Атоуллоевнинг сўнгги йилларда мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият, хусусан, давлат мулозимлари орасидаги коррупция билан боғлиқ таҳлилий мақолалари ўқувчилар томонидан олқишланган.

Ўтган йил кузида Рашт водийсида рўй берган қонли воқеалар ва 28 аскар ўлимига айнан Тожикистон Мудофаа вазирлиги масъул экани қаламга олинганидан кейин “Фараж” рўзномаси фаолияти давлатнинг тегишли идоралари томонидан таъқиқлаб қўйилганди.

2000 йил бошида ҳам таниқли тожик журналисти Хуршед Атоуллоев номаълум кишилар ҳужумига учраган ва ўша ҳужум излари унинг юзида ҳозиргача сақланиб қолган.
XS
SM
MD
LG