Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:00

Андижон ҳокими халқни қишда газ бўлмаслигидан огоҳлантирди


21 аср ўзбегининг қишга ҳозирлиги.
21 аср ўзбегининг қишга ҳозирлиги.

Махсус йиғинда вилоят ҳокими¸ аҳоли қишдан чиқиш учун кўмир-тезак ғамини вақтида йиғиши лозимлигини уқтирган.


Ҳоким халқни огоҳлантирди

Андижонликлар бу йил табиий газдан умид қилмаса ҳам бўлади. Бу ҳақда 4 августда ўтказилган селектор йиғилишида вилоят ҳокимининг ўзи маҳаллий ҳокимлар ва қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғини раисларини огоҳлантирган. Вилоят ҳокими аҳолига қишда совқотиб қолмаслик учун кўмир, ўтин ғарам қилишни маслаҳат берган.

Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Аҳмаджон аканинг айтишича, маҳалла оқсоқоллари бу ҳақда аҳолини огоҳлантираяпти:

- Газ бўлмас экан. Одамларга “кўмир олинглар” дебди. Ҳокимиятдан айтишибди, дейди Аҳмаджон ака.

Андижон вилоятидаги маҳаллалардан бири раисаси ҳам вилоят ҳокими томонидан шундай фармойиш бўлганини тасдиқлади. Хавфсизлигидан чўчиб исмини ошкор этмаган суҳбатдошга кўра, айни пайтда аҳоли орасида газнинг бўлмаслиги ва қиш мавсумига ҳар кимнинг ўз тайёргарлигини вақтида кўриши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти:

- Ўзингнинг нимангни ўзинг ғамла дейилган. Тушунтириб борилаяптида газ бўлмаслиги, бошқаси.

Озодлик: Одамларга айтаяпсизларми, тушунтираяпсизларми?

- Ҳар битта борган жойимизга тушунтириб ўтиб кетаяпмиз.

Озодлик: Одамлар оладиган кўмир борми?

- Кўпчилик баллонли газдан ҳам фойдаланаяпти. 30 фоиз аҳолида газ баллонлари бор.

Озодлик: Нимага энди газ таъминоти қишда қийин бўлиб қолаяпти?

- Қарздорлик ҳам борда. Аҳолининг қарздорлигини ҳам ҳисобга олиш керакда. Аҳоли вақтида тўламаганку. Шунинг эвазига қисқартирилганда. Бу ҳақдаги кўрсатма 4 август куни бўлган. Селектор бўлганда.

Озодлик: Вилоят ҳокими шунақа топшириқ берганми?

- Ҳа, топшириқ берган. Қарздорликни тўлдиришга ва қишга тайëргарлик. Ҳар битта фуқарога тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз,- дейди андижонлик маҳалла фуқаролар йиғини раисаси.

"Кўмирга қурбим етмайди, тезак ёқамиз"

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи пенсионер Садирохун Сўфиев учун бундай огоҳлантирув янгилик эмас. Отахонга кўра, ҳар йили маҳалла оқсоқоллари аҳолини газдан умид қилмасдан “қиш тайёргарлигини ёзда кўриб қўйиш” ҳақида огоҳлантириб келади:

- Бу тадбир доимо бўлиб келади. Раҳбарлар ўзларини масъулиятдан олиб қочиб¸ “Сизларни огоҳлантирганмиз. Кўмир ғамла, тезак ғамла, ўтин ғамла деганмиз. Газ бўлмайдида мана. Биз сизларга айтганмиз” деб шунақа хат ëзишиб қўяди маҳалла комитетларига, фуқароларга. Огоҳлантиришади. Бу тадбирни раҳбарлар ўзларини масъулиятдан олиб чиқиш учун қилишади¸ холос. Тўполон бўлса, “Биз сизларга айтганмиз. Кўмир йиғ, ўтин йиғ, тезак йиғ деганмиз” деб, доимо шунақа деб келишади. Бунга одамлар ҳам ишонмай қўйган. Бугун мен бир-иккита маҳалла комитети билан гаплашдим. Улар “Бу йилнинг ўзида хат келгани йўғу, лекин доим шунақа қилиб огоҳлантирадида булар” деб ўз муносабатларини билдиришди, дейди Садирохун Сўфиев.

Пенсионер суҳбатдошга кўра, маҳалла оқсоқоллари аҳолига кўмир сотиб олишни тавсия қилаëтган бир пайтда¸ аксарият қишлоқ аҳолисининг ўтин, кўмир сотиб олишга қурби етмайди:

- Энди Худодан сўрашадида, қаердан йиғиштиради, қаердан ўтин топади? Кесаман деган билан ҳеч нарса йўқ. Кестирмайди фермерлар ҳам. Ернинг тагидан кўмир кавлаб олай деса, иложи йўқ. Пули борлар кўмир сотиб олиши мумкин. Пули йўқлар қаердан кўмир сотиб олади? Кўмирнинг тоннаси 250-300 минг бўлаяпти. Масалан¸ мен мустақилликнинг бу ëғига кўмир сотиб олганим йўқ. Чунки қувватим етмайди. Қўйларим бор. Уларнинг тагида қуриб қолган тезакни қирқиб, қуритиб, қиши билан ëқиб чиқаман. Бошқа иложи йўқ энди, дейди Садирохун Сўфиев.

"Мустақилликда сўнди газимиз"

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги Холдевонбек маҳалласида яшовчи 80 ёшли Жамолиддин отанинг айтишича, уларнинг маҳалласидан табиий газнинг узилиб қолганига 19 йил бўлган. Ўзбекистон собиқ иттифоқнинг мустамлакаси бўлган¸ "Газни Уралга бериб¸ таппи ëққан ўзбегим" деган сатрлар халқ оғзида юрган даврда гуркираб ёнган “зангори олов” мустақиллик йилларига келиб бутунлай сўниб қолди¸ дейди бу кекса суҳбатдош:

- Газлар ëнган. 5-6 йил яхши ëнган. 1988 йилда ëнган бўлса, 1992-1993 йилларгача ëнган. Аҳоли тўлови кейин секин-секин газнинг бошлиғи, электрнинг бошлиқларининг чўнтагига тушиб кетаяпти. Уни биров назорат қилмайди-да. Газдан энди умидни узса бўлаверади, доллар бўлиб чўнтакка тушгандан кейин. Қолаверса Ўзбекистон бошқа давлатлар билан, Корея билан ҳам договор қилаяптию. Ўзбек халқи газдан умид қилмаса ҳам бўлаверади. 19 йил бўлди ўчганига, яна 19 йилдан кейин ëниши мумкин. Бунақа кетишда бўлса, бизнинг авлодлар ҳам газ ëқа олмаса керак. Электр масаласи ҳам эртадан кейин тушиб кетади. Газдан умидни узса бўлаверади, дейди шаҳрихонлик Жамолиддин ота.

Расмийлар қиш пайтида Ўзбекистон вилоятларида газ бўлмаслиги¸ боринин гҳам чўғи жуда пасайишини аҳолининг катта миқдордаги қарздорлиги билан изоҳлашмоқда.

Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ август ойида вилоят ҳокимининг қарори билан Андижонда газ ва электрдан қарздорларнинг мол-мулки мусодара қилиш бошланган. Қарздорлардан ҳақни ундириш мақсадида ташкил қилинган ўн кишилик “хатлов гуруҳлари” уйма-уй юриб, қарздор хонадонларни газ тармоғидан узиб қўймоқда.

Андижонликлар эса, ўзларидан мажбурлаб ундирилаётган пулга яраша газ ишлатмаганликларидан шикоят қиладилар. Уларнинг айтишларича, газнинг босими паст бўлганлиги боис, ҳисоблагич газни ўтказмайди ва одамлар ҳисоблагичларни ўзлари олиб ташлашга мажбур бўлган.

Андижонлик кузатувчи Жаҳонгир Қосимов расмий идоралар Андижондаги истеъмолчилар табиий газ учун 182 миллиард сўм қарздор эканини даъво қилиши¸ бироқ бундай қарзнинг қаердан пайдо бўлгани қоронғу эканини айтади:

- Истеъмол қилинмаган электр энергия ҳам, газ ҳам аҳоли ҳисобига ҳисобланаверган. Ўғирликча ëқилаëтган газ ëки етиб келмаган газ учун ҳам аҳоли жон бошига нисбатан ҳисобланаяпти. Газ ҳисоблагич орқали эмасда. Қишки мавсумда газ нархи бир киши учун 16 минг сўм экан. Ҳатто бунинг устига сигир, товуқлар ҳам қўшилар экан. Сигир, товуқлар учун 2000 сўмдан. Шунинг учун қарздорлик ошиб кетаяпти ëқилмаган, истеъмол қилинмаган газ ҳисобига жон бошига сочиб қўйгани учун. Газ бўладими, бўлмайдими, ëнадими, ëнмайдими фарқи йўқ, дейди Жаҳонгир Қосимов.

Андижонликларнинг айтишларича, вилоятдаги қарздорлик аҳоли фойдаланган газдан эмас, балки ўғирланган газ ҳисобига пайдо бўлган.

Исмини ошкор этмаган, газ соҳасида ишлайдиган мутахассислардан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, вилоятдаги ғишт заводлари, оҳак пишириш цехлари, иссиқхона ва бошқа ташкилот раҳбарлари газ таъминоти раҳбарлари билан келишган ҳолда ярим нархида газ сотиб оладилар ва бу “йўқолиб қолган” газлар суммаси ҳисоблагичсиз газдан фодаланаётган аҳоли зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги газ ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи қудратли давлатлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Газпром¸ қолаверса Хитой ва Жанубий Корея ширкатлари билан ўзбек газини экспорт қилиш юзасидан кўплаб миллиард долларлик шартнома имзолаган.
XS
SM
MD
LG