Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Ленинград вилоятида ўзбекистонликлар бир-бирини ўлдирди


Отрадное шаҳрида урушган тўрт ўзбекистонликдан иккитаси олган жароҳати оқибатида вафот этди.


Ленинград вилоятининг Отрадное шаҳрида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси орасида чиққан жанжал оқибатида улардан бири жон берди.

Тирик қолганлардан бири кўкрак қафаси пичоқланган, бошқасининг боши болта билан ёрилган, учинчиси эса қорнига пичоқ урилган оғир ҳолатда маҳаллий касалхонанинг реанимация бўлимига ётқизилган.

Аниқланишича, 29 август куни тунги соат 2 ларда Отрадное шаҳридаги Заводской кўчасидаги 4-уйда 1982 ва 1988 йилларда туғилган ўзбекистонликлардан икки нафари болта билан эшикни бузиб кириб, бу квартирада яшаётган ака-укага ташланган.

Муштлашиш натижасида уч киши болта ва пичоқ билан оғир жароҳат олган, бу уйда уйда вақтинча ижарада турган 42 ёшли ўзбеклардан бирининг қорни ёриб ташланган ва шифохонада жон таслим қилган, дейди ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган Киров тумани Тергов қўмитасининг мазкур қотилликни тафтиш қилаëтган ходими.

- Менинг билишимча, бугун улар Ўзбекистонга жўнаб кетишди – жасадни олиб кетишди. Уйда яшовчилардан иккинчиси эса шифохонада қолди. Кировск шаҳри Тергов қўмитаси ҳозир терговни давом этаяпти. Ишга тегишли бошқа маълумотларни ҳозирча очиқлашга ҳаққим йўқ, деди терговчи.

Прокуратура вакили¸ тергов манфаатлари туфайли, муштлашув сабаблари ва яраланган ўзбеклар исм-шарифи ошкор этилмаслигини қўшимча қилди.

Отрадное туман марказий шифохонасижарроҳлик бўлими ходимасининг Озодлик мухбирига билдиришича¸ 31 август куни шифохонадаги ўзбекистонликлардан яна бири ҳаётдан кўз юмган.

- Ҳозир бу ерда улардан икки нафари қолди. Аниқроғи, битта жабрланган бу ерда қолди, иккинчисининг аҳволи бирмунча дуруст бўлганлиги, оғир жароҳат олмаганлиги сабабли турмага олиб кетишди. У қочиб кетган эди, қаердандир ушлаб келишди касалхонага ва икки кун эшиги тагида милиция ходими қўриқлади. Кеча кечки пайт уни турма шифохонасига олиб кетишди. Қолган икки нафари эса ўлди, деди Отрадное туман марказий шифохонаси жарроҳлик бўлими навбатчиси.

Киров туман Тергов қўмитаси ходимининг сўзларига кўра, 23 ва 29 ёшли Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Россия Федерацияси Жиноий Кодексининг 111-моддаси 4-қисми (ўлимга олиб келган оғир тан жароҳати етказиш) юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Озодлик мухбири Отрадноедаги қонли жанжал тафсилотларини ўрганаëтган бир пайтда, 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Москвада оммавий муштлашиш содир бўлгани ҳақида хабар келди. Дастлабки тахминларга кўра, жанжал бир гуруҳ кавказлик ва марказий осиёликлар ўртасида келиб чиққан.

Россия пойтахти полицияси ва Тергов қўмитаси мазкур иш юзасидан тафтиш бошлангани туфайли матбуотга маълумот бермаслигини билдирди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Аркадий Баширов¸ Москвадаги можарода бир неча кишининг травматик пистолетдан жароҳат олганини билдирди.

- Бугун тунги соат 2 ларда Театральная майдони 1-уй манзили бўйича 3 нафар номаълум шахслар аниқланмаган травматик қуролдан икки фуқарога оғир тан жароҳати етказди. 1980 йилда туғилгани қорнига¸ 1979 йилда туғилган бошқаси бошига отилган ўқдан яраланиб шифохонага ётқизилган. Ҳужум қилганлар жиноят жойидан ғойиб бўлган, ҳозирда гувоҳлар сўроққа тутилмоқда, нимадан жанжал бошлангани аниқланмоқда, деди Озодлик билан суҳбатда Аркадий Баширов.

Интерфакс ахборот агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таяниб хабар беришича, можаро миллий тус олгач¸ бир гуруҳ кавказлик сабабсиз марказий осиёликларга ташланган ва уларни калтаклаган.

Шаҳар полицияси расмийси¸ ҳужум қилганларнинг кавказликлар, жарб кўрганларнинг эса марказий осиёликлар экани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотларни инкор ҳам этмади, тасдиқламади ҳам.
XS
SM
MD
LG