Линклар

Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет ўтказилди


Пикетга чиққан қирғизистонлик журналистлар (ўнгдан чапга) Улуғбек Бобоқулов, Иля Лукаш, Дмитрий Орлов.

Пикетга чиққан қирғизистонлик журналистлар (ўнгдан чапга) Улуғбек Бобоқулов, Иля Лукаш, Дмитрий Орлов.

Пикет ўтказилишига ўзбекистонлик мустақил журналист Елена Бондарнинг маъмурий жавобгарликка тортилаётгани сабаб бўлди.


Бишкекнинг марказида жойлашган икки қаватли Ўзбекистон элчихонаси эрталабдан виза учун ҳужжатларни қабул қилаётган эди. Бироқ пикет бошланиши билан элчихонанинг консуллик хизмати қабулни тўхтатди.

Тинистанов кўчасидаги Ўзбекистон элчихонаси олдида уч нафар журналист қўлида плакат ушлаб турди.

“Матбуотга эркинлик”, “Бондарни жиноий таъқиб қилиш тўхтатилсин”, “Мустақил матбуотдан қўлингни торт” каби шиорлар билан улар Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилди.



“Бондарни жиноий таъқиб қилиш тўхтатилсин” плакати билан турган пикет ташкилотчиси, журналист Улуғбек Бобоқулов мустақил журналистларнинг тайзиқ қилинишга қарши эканини айтади.

- Биринчидан, Марказий Осиёдаги журналистлар бир-бирининг ҳимояси учун бирлаша олишини кўрсатмоқчимиз. Фақат Елена Бондар учун эмас, ҳамма журналистларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш учун пикет қилмоқдамиз, - деди Улуғбек Бобоқулов.

22 август куни Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтган мустақил журналист Елена Бондар аэропорт ходимлари томонидан бир неча соат ушлаб турилганди.

Божхоначилар журналистдан учта СД-диски, тўртта флеш карта, ҳамда иккита видеокассетасини экспертиза учун олгач¸ ўзини қўйиб юборган.

Маълум бўлишича, ушбу ахборот ташувчи мосламалар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига экспертиза учун узатилган.

Айни пайтда тошкентлик 23 ёшли журналистга маъмурий қонунбузарлик расмийлаштирилган.

Елена Бондар Бишкекда ЕҲҲТ академиясида "Немис тўлқини" академияси томонидан ташкил этилган журналистика курсида икки ярим ой давомида таҳсил олганидан сўнг Ўзбекистонга қайтган эди.

Қирғизистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Иля Лукаш ушбу академиянинг собиқ талабаларидан бири. У журналистика соҳасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳукумат босимидан қўрқишини кўрганини айтади:

-Ўтган йил ўзбекистонлик талабалардан Ўзбекистон ҳақида бирор нима ёзиб бериш сўралганида уларнинг асабийлашгани эсимда. Улар бу мавзуни бошқа давлат мавзуларига алмаштириб беришни сўрашар эди. Бу ҳолат Ўзбекистонда сўз эркинлиги, фикр эркинлиги оғир ҳолатда эканини кўрсатади. Бутун Европада матбуот эркинлигини талаб этиб норозилик намойишлари ўтказишади. Биз эса Ўзбекистоннинг яқин қўшниси бўлиб жим турамизми? Журналистлар бир-бирини қўллаб қувватлашини кўрсатмоқчимиз, - деди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист Иля Лукаш.

Ярим соат давом этган пикетда 12 нафар қирғизистонлик журналистлар Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзилган мурожаатномага қўл қўйдилар.

Ўзбекистон элчихонасидан пикетчилар олдига ҳеч бир ходим чиқмади.

- Милиция ходимлари элчихонадан билиб чиқишди. Завхоздан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Мурожаатларни олгани унинг ҳуқуқи йўқ эмиш. “Шунинг учун ҳеч ким чиқа олмайди. Бу ерда турганингиз билан фойдаси йўқ” деб милиция ходимлари жавоб берди. Нима қилар эдик? Хатни почта орқали жўнатамиз, - деди журналист Улуғбек Бобоқулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG