Линклар

Ўзбекистон мустақилликдаги, Худо хоҳласа, ҳали узун ва узлуксиз йўлининг дастлабки довончасидан ўтди.


Чўққисида “20 йил” деб ёзиб қўйилган довончада ўзбекистонликлар бир зум ўтириб тин олдилар.

Ўзбекистон халқи, деб аталадиган карвоннинг ёки карвонбошиси талаффузи билан айтганда карАвоннинг карАвонбошиси довон устида бир ортга, бир олдга қараб олиб, нутқ ирод этди.

Ёшига нисбатан “табаррук” сўзини оғринмай ишлатса бўлаверадиган, лекин тенгдошлари асо тутиб турган бир пайтда оқ кўйлакли ўт жувонлар билан “Лазги”га тушган карАвонбошининг нутқини мухбиримиз диққат билан тинглади.

Зеро ортда нима қолаяптию олдинда нима кутаётганини тушунмоқ зарурати бор.

Карвонбошининг нутқини чиндан ҳам диққат билан тингладик. Шу қадар диққат қилдикки, у, яъни нутқ неча марта чапак билан бўлингани, чапакларнинг ҳаммасини улаб чиқса, неча дақиқага чўзиларини ҳам ҳисобини қилдик.

Нутқ таҳлилига ўтиш олдидан 21 йиллик танишимиз – нотиқни сифатлаш зарурати бор.

Бу ишда у кишининг ўзи бизга кўмаклашади.

31 август куни Ислом ака шаҳар айландилар.

Тошкентда анҳор бўйига бордилар. Ва ўзларининг асосий сифатларини намойиш қилдилар.

- Ануви тротуарнинг олдидан, бизлар бошқа жойда қилаяпмизу ғиштдан, бу томондан қилса ëмон бўлмасди шуни, деди Ислом Каримов.

Анҳор соҳилига мармар четан қуришни тайинлаяпти президент мулозимларга.

Ислом ака, тан олиш керакки, қурувчи одам. Буни мухолифлари ҳам тан олса керак.

Тўғри, у кишининг дидию қурган иншоотларининг сифати масаласи ҳам бор, лекин бу масалаларни бошқа эшиттиришга қолдирамиз.

Ислом ака, афтидан, қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган биноларимизни кўринг, деган фикр билан иш кўради, менимча. Яна кимдир айтувдими, шунга ўхшаш гапни?

Агар президент бўлмаганларида, меъмор, ҳеч йўқ прораб бўлардилар Ислом ака.

Ўзбекистон президенти қаттиққўл раҳбардирларки, анҳор бўйида бу сифатини яна бир бор намоён этдилар.

- Уни қилса агар қанақадир тартиб-интизом пайдо бўлади, деди Ислом Каримов.

Соҳилга мармар четан қуриш бебошларнинг сувга тушмасликлари учун кераклигини уқтирдилар.

Қолаверса,

- Тартиб-интизом маданиятни ташкил қилади, деди Ислом Каримов.

Ислом ака абадул абад президент бўладилар (бу ҳақдаги гап олдинда) лекин у киши ҳам бир пайтлар бола бўлганлар.

- Ëшликда манам чўмилганман. Кўприкдан тушардик ҳув кўприккача, деди Ислом Каримов.

Президентнинг айтишича, “Ўзбекистон шароитида қаерда сув бўлса, ўша ерда чирой бор”.

“Бошқа юртларда сув чирой манбаси эмасмикан”, деб ўйлай бошлаган эдим, президент “ностальжи”йимни уйғотвордилар.

- Тошкент вальси бор. Шу ашулани пайдо бўлишига бир 50-60 йил ўтди тўғрими, деди Ислом Каримов.

“Э, яхши-е”, дедим.

Болалигида анҳорга калла ташлаганини эслаётган, “Тошкент вальси”ни эслаётган одамдан яхшиликдан бошқа нарса кутган одам яхши одаммас.

Ислом ака нафақат ўзлари яхши, у киши бошқаларниям яхши қилиш сирини биладилар.

- Одамни тарбиялаш учун кўпроқ чиройли-чиройли жойларни, манзараларни унга яқин қилиш керак, деди Ислом Каримов.

Чиройнинг, гўзалликнинг аҳамияти устида сўз бориши билан билгичлар ўриснинг Достоевскийси айтиб кетган битта жумлани эслайверишади. Шартми шу? Ислом аканинг ўзларидан олинса бўлмайдими? Мана у кишининг ўзлари кеча янги шиор таклиф қилдилар.

- Гўзалликни кўпроқ кўрган одам яхшиликка интилади. Бу ҳам бир шиор бўлса ëмон бўлмасди, деди Ислом Каримов.

Худди шу гўзал шиор-фикрни шуурга жойлаб, Анҳор бўйидан Ўзбекистон Миллий боғига ўтамиз.

Байрамнинг асосий тантаналари айнан шу жойда, ҳазрат Навоий “оёқлари остида” бўлиб ўтди. Байрамни ўзбекистонликлар, сунъий йўлдош орқали хориждаги ўзбеклар ҳам кўрди. Шунинг учун гапни чўзмайликда, уни, яъни гапни президентнинг нутқидан олақолайлик.

Президентнинг байрам нутқи орадаги қарсаклару қарсак кутишга кетган паузаларни қўшиб ҳисоблаганда 21 дақиқаю 52 сонияга чўзилди.

Кечаги нутқдан, кўп нарса кутган эдик.

Бу нутқни ўта жиддий, милёнта рақамли, чуқур таҳлилли нутқ бўлади, деб кутган эдик.

Бундай бўлмади. Лекин уни, яъни нутқни баъзи бир муҳим ёки муҳим кўринадиган муждаларсиз нутқ, деб ҳам бўлмайди.

Президент Каримов “Бундан 20 йил муқаддам биз юртимизда мустамлака зулми ва қарамлик даврига” барҳам берганмиз, деди.

Президент Каримов мустамлакачи Каримовни енгган экан-да, деворгимиз келаяптию майли демаймиз. Ахир одам қарашларини ўзгартиришга ҳақлику.

У киши Совет даврини эслар экан,

- Бир ëқлама ривожланган, фақат хом аëш етказиб беришга, мутлақ пахта яккаҳокимлигига асосланган иқтисодиëтимиз ғоят ночор аҳолга тушиб...

қолганини қоралади. Демак, шу кунда Ўзбекистонда пахта якка ҳоким эмас!

Шундайми? Билмадик. Сиз тингловчи билгувчироқсиз.

Президент Каримов Ўзбекистон карвони тушиб олган йўлни, мамлакатнинг эртанги кунини белгилаб берар экан, деди.

- Дунëдаги замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш йўлидир, деди Ислом Каримов.

Айни пайтда, Ислом аканинг айтишича,

- Ëн-атрофимизда шунақа давлатлар борки, ҳало бери аниқ айта олмайди эртанги куни қанақа бўлади, деди Ислом Каримов.

Бас, шундай экан, уларни табриклаб ўтиришнинг нима кераги борийди, ахир куни кеча қўшнисини мустақиллик куни билан табрикловдику, дегимиз келдию бу гапниям айтмай қўя қолдик.

Қўшнилар ҳассаларини йўқотиб, йўлларидан адашиб, ойдинда тентираб юрганларида Ислом аканинг айтишича, Ўзбекистон жаҳонга йўлчи юлдуз бўлди.

- Айни шу йўл янги тарихимиз давомида ҳар томонлама ўзини оқлаб, исботлаб берган, жаҳонда ўзбек модели деб ном олган энг тўғри йўл десам мана шу муҳташам залда, мана шу майдонда ўтирган сиз азизларнинг, кенг жамоатчилигимиз, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти байрам нутқи ирод этар экан, баъзи рақамларни ҳам келтирди.

- Истиқлол йилларида ижтимоий соҳа учун давлат харажатлари 5 баробардан зиëд кўпайгани, унинг 60 фоиздан кўпроғи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга йўналтирилгани ҳам дунë миқëсида камдан кам учрайдиган кўрсаткич бўлиб, бизнинг бош мақсадимиз авваламбор инсон ҳаëтини, унинг манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилганини ҳар томонлама исботлаб беради, деди Ислом Каримов.

Демак, мамлакат бюджети чиқимларининг 40 фоизга яқини қолган мақсадлар – мудофаа ва давлат аппаратини ушлаб туриш мақсадларига сарфланмоқда.

Шу жойда қиёс керак. Масалан, СССР ўсал бўлиш арафасида – 1990 йилги давлат бюджетининг чиқимлар қисми 513,2 млрд рублни ташкил қилган, мудофаа мақсадларига 69,1 млрд рубл, давлат аппаратини ушлаб туриш учун 5,1 млрд рубл сарфланиши назарда тутилган, қолгани ижтимоий мақсадлар учун сарфланиши режалаштирилган эди.

Демак, бугунги Ўзбекистонда ижтимоий мақсадларга президент айтганидай 60 фоиздан кўпроғи сарфаланаётган бўлса, СССРда бу мақсадлар учун 80 фоиздан кўпроғи сарфланган.

Нега бундоқ? Тушунмадик.

Лекин бошқа нарсани – Ислом аканинг режаларини тушундик.

Журналистлар беадаб халқ бўлади. Собиқ мустамлакачи давлат раҳбари боёқиш Медведевни кейинги сайловга номзодингизни қўясизми-йўқми, деб хит қилворишганидан хабарингиз бордир.

Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз одобли ва Ислом акадан ҳеч қачон сўрамайдилар бу ҳақда. Буни тушунган, яъни андишанинг отини андиша деб биладиган президент ўз режалари тўғрисида анчайин аниқ мужда бердилар.

- Халқимизнинг нияти, орзу барча-барча эзгу ниятларни амалга ошириш ва шу нуқтаи назардан ўзимизга аниқ йўлни танлаб олиш ва шу йўлга кўпчилик, аксарият халқимизни шу йўлга бошлаш бу менинг бурчим ва шу бурчни бажаришга жон беришга ҳам тайëрман, деди Ислом Каримов.

Умуман, олганда, президентнинг байрам нутқида катта бир янгилик сезилгани йўқ.

Нутқни ёзиб берган мулозимларнинг баъзи ғализ, отахонни чалғитворадиган мана бундай “20 йил давомида юртимизда бир ëшгача бўлган гўдаклар ва оналар ўлими 3 баробар кўпроқ камайгани” деганга ўхшаш жумлаларини ҳисобга олмаганда, нутқ асосан силлиқ ирод этилди.

21 дақиқаю 52 сонияга чўзилган нутқ майдонда ўтирган мулозимларнинг 17 марта янграган чапаклари билан бўлинди.

Чапакларнинг энг қисқаси 9 сониягина янгради. Нутқ тугагач, азаматлар роппа-роса 52 сония қарсак урдилар.

Билган ҳурмат ифодаси, деб тушунди, билмаган “тугади-я, дейишдими”, деб ўйлади.

Умуман, қарсак масаласига алоҳида тўхталиш зарурати бор. Майдонни тўлдириб ўтирган мулозимлар нимани ўйлаб ўтирди, ҳайронмиз. Нутқи давомида президент бир фикрини айтиб бўлганларидан кейин нақ 6 сония қарсак кутишга мажбур бўлдилар.

Яна бир гал чапак бошламаганларига чидамадилар ва кулиб “Қарсаклар қани?” дейишдан бошқа иложлари қолмади.

Ислом аканинг бу эслатмалари бундан 20 йил олдинги эслатмаларини ёдга тушира қолди.

Ўшандаям мустақилликни эълон қилгач, нега қарсак чалмаяпсизлар, деб ҳайрон бўлишга мажбур бўлгандилар.

Демак, президентни 20 йил олдинги депутатлар қандай тушунмаган бўлса, бугунги мулозимлар ҳам ўшандай тушунмаяпти.

Бундан, ўз вақтида депутатлар алмаштириб юборилганидай, балки бугунги мулозимларни ҳам алмаштирвориш керакмикан, деган фикр пайдо бўлади.

Гап шу ерда тугади. Сўнгги гапдан кейин илмоқли қилиб “Ёки...” демадик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG