Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:30

Қаддафий миллиардлари Ливияга қайтарилади


"Ливия дўстлари" йиғини.
"Ливия дўстлари" йиғини.

Ғарб раҳбарлари Қаддафий режимининг музлатиб қўйилган 15 миллиард долларини Ливия муваққат ҳукуматига қайтаришни ваъда қилди.

Муаммар Қаддафий ҳокимиятга келганига роппа-роса 42 йил тўлган куни Парижда тўпланган 60 дан ошиқ давлат етакчилари Ливия Ўтиш даври миллий кенгашини қўллаб-қувватладилар¸ Қаддафий режимининг Ғарб банкларида музлатилган пулларини қайтариш ва мамлакатда демократия барпо этишда кўмаклашишни ваъда қилдилар.

“Ливия дўстлари” деб номланган Париж йиғинида қатнашган БМТ¸ Европа Иттифоқи¸ Африка Иттифоқи¸ Араб лигаси етакчилари¸ қолаверса АҚШ¸ Британия¸ Франция каби ҳукумат намояндалари Ливия Ўтиш даври кенгаши вакиллари билан мамлакатнинг Қаддафийсиз келажаги тарҳини чизишга уриндилар.

Хусусан¸ Қаддафий режимига қарши НАТО кучлари аралашувининг кескин тарафдорларидан бири Британия Бош вазири Дэвид Камерон янги Ливия Ўтиш даври миллий кенгашининг мамлакатда демократия қарор топтириш уринишлари халқаро таянч қозонганини таъкидлади:

- Бугун биз қатъий қарорлар қабул қилдик. Биз Европа сарҳадларида якка моховга чиқарилган давлат сақланиб қолишини истамаймиз. Агар араб баҳорлари репрессиялар қаҳратонига йўл берса¸ биз ютқизган бўламиз. Ливия халқи бизнинг мададимизга лойиқ¸ деди Лондон раҳбари жумладан.

Париж йиғинида Франция президенти Николя Саркози Қаддафий режимининг Ғарб банкларида музлатилган 15 миллиард долларининг дарҳол Ўтиш даври миллий кенгаши ихтиëрига берилишини ваъда қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билан жорий йилнинг март ойида музлатилган Қаддафий пулларидан 6 миллиард долларининг АҚШ¸ Британия ва Франция банкларида сақланаëтгани айтилади.

Париж анжуманида сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ливия муваққат ҳукуматини Қаддафий тўлиқ мағлуб этилгач¸ унинг тарафдорларидан ўч олиш ўрнига¸ улар билан муросага бориб¸ мамлакатда тинчлик ўрнатишга чақирди.

Зулмкор режимни ағдариш билан ҳали иш битмаслигини таъкидлай туриб Клинтон хоним¸ агар Қаддафий мухолифлари мамлакатда шаффоф¸ демократик¸ қонун устиворлиги таъминланган давлат қуриш режаси ижросига киришса¸ улар Вашингтоннинг тўлиқ таянчига эга бўлишларини таъкидлади.

- БМТ етакчилигидаги халқаро ҳамжамият Ливия халқи ва унинг раҳбариятига мамлакатни тинч ва барча қатламларни ўз ичига олувчи демократик йўлга солишига ëрдам бериши лозим¸ деди жумладан Вашингтон дипломатлари раҳбари.

60 га яқин ҳукумат Ливия Ўтиш даври миллий кенгашини мамлакатнинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиб¸ унга ëрдам ваъда қилаëтган бир пайтда¸ НАТО Бош котиби халқаро ҳамжамиятни Муаммар Қаддафийнинг ҳали-ҳамон Ливия халқи учун таҳдид манбаи бўлиб қолаëтганидан огоҳлантирди.

Андерс Фог Расмуссен¸ НАТО Ливия халқини қаддафийчилар зўравонлигидан асраш учун қанча вақт лозим бўлса¸ Ливиядаги ўз ҳарбий амалиëтларини шунча давом эттиражагини билдирди.

Айни пайтда¸ қаерда экани номаълум қолаëтган Муаммар Қаддафий ўз бекинган жойидан туриб¸ тарафдорларига мурожаат қилди ва бу мурожаат қатор араб телеканаллари орқали эшиттирилди.

Хусусан¸ “Ал-Арабия” телеканали орқали эфирга узатилган аудиомурожаатда Қаддафий таслим бўлиш нияти умуман йўқлигини айтиб, ўз тарафдорларини исёнчиларга қарши жангни давом эттиришга чақирди.

“Ливия қонга белансин, майли, аланга олсин, майли. Бўш келманг ва охир-оқибат ғалаба қозонамиз” деди Қаддафий ўз мурожаатида.

Полковник Қаддафий ливияликларни бугунги кунда исёнчилар ва халқаро ҳамжамият томонидан унга қарши айтилаётган гап-сўзларга ишонмасликка чақирди.

- Эшитаётганингиз барчаси ёлғон. Бу ёлғонга қарши қурол билан, ўқ билан курашинг. Майли Ливия халқи номидан ўқлар гапирсин. Агар улар биз билан узоқ давом этадиган урушни хоҳлар экан, майли шундай бўлсин. Биз шаҳардан шаҳаргача курашамиз, биз водийларда, тоғларда курашамиз. Майли уруш узоқ давом этсин ва биз уларга Ливия ва Ливия халқини бошқариш қудратига эга эмасликларини кўрсатамиз, улар бизнинг қуролланган қабилаларимиз ва қуролланган халқимизни бошқара олмайдилар, деди Қаддафий аудиомурожаати орқали.

Ливия исëнчилари тахминича¸ Муаммар Қаддафий ва унинг икки ўғли Триполидан 150 километр жануб-шарқда жойлашган Бани Валид шаҳрида яширинган бўлиши мумкин. Қаддафий оиласининг бир қисми яқинда Жазоирдан бошпана топди.
XS
SM
MD
LG