Линклар

Бу саволга жавоб топа олмагач¸ 28 яшар марғилонлик боғбон йигит Озодликка мурожаат қилишга қарор қилипти...


“Яккабоғда январдан бери 2 киши газ портлаб ўлди”

Бу ҳақда хабар қилган суҳбатдошимизнинг айтишича, иккала ўлимнинг ҳам олдини олиш мумкин эди. Бироқ фожиаларнинг олдини олиш хизмат вазифаси бўлган идоралар раҳбарларини ҳеч ким жавобгарликка тортай демаяпти.

- Мен исмимни айтсам гап тегиб қолади. Ўзбекистонда биласизку. Ўзим Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманиданман. Газ билан боғлиқ иккита фожиани айтиб бермоқчиман. Биринчиси, мана шу йил бошида Эшмамат деган йигит, бу йигитни Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин, ҳаммомга кирганда. Чўмилаëтганда газ ўчади, кейин свет ўчади. У ювинишни давом эттираверади. Бирпасдан кейин газ келиб ҳаммом тўлади газга. Ўша пайтда свет ëнадида ҳаммом портлаб уч кун болницада ëтиб бу одам вафот этди.

Озодлик: Қайси қишлоқдан бу?

- Яккабоғ шаҳридан. Бу биринчиси. Иккинчиси ë 16 ë 17 август куни эди. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича маслаҳатчиси, районда энг яхши агрономлардан бири 75 ëшли кекса одам, газхонасига кириб шундай светни ëқади. Газ келган бўладида, газхона портлаб бобой уч кун болницада ëтиб ўлаяпти. Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, туман газ таъминотидаги мутасаддилар наҳотки булар уч ойлаб газни узиб қўядида, газни қўшишдан олдин маҳаллага хабар бермайди. Уйма уй юриб огоҳлантириб чиқса бўладику. Иккита одам ўлиб кетаяпти. Олиб бориб кўмишаяпти бўлди¸ тамом шу билан. Бунинг учун туман газ бўлимидагилар, маҳалладагиларни жазолаш на прокурорнинг, на ички ишлар бўлимининг, на ҳокимнинг хаëлига ҳам келмайди. Айбдорни топиб жазолашимиз керакку.

Озодлик: Мана сиз иккита фожиа тўғрисида хабар бердингиз. "Эркин микрофон" эшиттиришининг бу информация орқасидан тушиб текшириш имконияти йўқ. Сиз шу информацияни ҳалол бераяпсизми? Эртага уялиб қолмаймизми?

- Мен ўзим кечаги жанозасида қатнашдим масалан. Иккови ҳам ўлди у одамлар. Ëлғон гапириб нимага кераги бор менга. Ëши 70га борган одамман.

Озодлик: Демак, бу ўлимларнинг орқасида туман газ таъминоти бўлими раҳбариятининг аҳолини ўз вақтида огоҳлантирмагани турибди.

- Шуда энди. Бошқа нима? Бунинг учун жазолаш керакда. Мана куни кеча Россиянинг программасидан кўрдим. Челябинскдами қаерда вагонга ўт тушиб кетдида, 100 киши заҳарланди. Ҳаммасини шифохонга ташлаб уголовний иш очди унинг устидан. Бизда бировнинг иши ҳам йўқ. Райгазнинг ходимлари бемалол. Гап ҳам, сўз ҳам йўқ. Жазолаш керакда буларни, қамаш керак. Одам ўлаяпти бу ерда.

Озодлик: Мана сиз шунча узоқдан бизга телефон қилиб ëниб куяяпсиз. Шу ишни туман газ таъминоти диорасига борибми ëки ҳокимликка борибми айтиш ва ҳал қилиш мумкин эмасми?

- Биров сўрайдими бу ерда? Биров сўрамайди. Даже борсак, ҳокимиятга киргизмайди. Сўраса, сизга телефон қилиб ëтишнинг нима ҳожати бор? Сизнинг эшиттиришингизнинг нима кераги бор? Бутун дунë билсин буларнинг шундайлигини деб телефон қилаяпман мен, дейди яккабоғлик суҳбатдошимиз.


“Ҳожибой Тожибоев тўғрисида эшиттириш қилинглар?”

Бу эшиттиришга қўнғироқ қилганларнинг кўпчилиги одатда тинглагани дастурлар учун жамоамизга миннатдорчилик билдиради. У ёки бу мавзуда эшиттириш тайёрлашимизни илтимос қилишади.

Бундай илтимос билан мурожаат қилганлар билан қилинган мулоқотлар, одатда Сизга етказилмайди, зеро бу ҳар қандай ахборот воситаси билан унинг муштарийлари орасида бўладиган оддий ва доимий мулоқотлардир.

Лекин бугун суҳбатдошларимиз билан бўлган ўшандай мулоқотлардан иккитасини эшиттиришга қўйишга қарор қилдик.

Бу мулоқотларда бизни эшитишнигина эмас, балки уқишга ҳаракат қиладиган тингловчиларимиз учун баъзи ҳикматлар бордир, деган фикрга бордик.

Бундай илтимос билан "Эркин микрофон"га Жиззахнинг Мирзачўл туманидан Неъматжон йигит мурожаат қилди.

- Ëшим 22да. Исмим Неъмат. Жиззах вилояти, Мирзачўл туманидан. Мен бир-икки кун олдин Озодликни эшитган эдим. Ҳожибой Тожибоев ҳақида илтимос қилмоқчи эдимда Озодлик радиосидан. Ҳожибой Тожибоев ҳақида битта эшиттириш тайëрласанглар. Илтимос Ҳожибой Тожибоев мухлислари номидан.

Озодлик: Кучимиз етганича алоҳида эшиттириш қилиб тайëрлармиз. Нима учун Ҳожибой Тожибоев ҳақида эшиттиришни айнан Озодликдан эшитмоқчисиз?

- Озодлик барибир ҳақиқатга яқинроқ гапни гапиради деган умиддаманда. Ишонаман Озодлик радиосига.

Озодлик: Ҳожибой Тожибоев ҳақидаги қанақа ҳақиқат керак сизга?

- Ҳозир одамлар орасида ҳар хил гап борда. Бирданига йўқ бўлиб қолиб, ундай бўлди, бундай бўлди дейишадида.

Озодлик: Иссиқ жон, етган ажал. Яна яшаса яхши бўларди, лекин касаллиги туфайли ўлди дейишадику.

- Битта саволим борда. Масалан¸ Хайрулла Ҳамидов ҳақида ҳам эшиттиришларингни эшитдимда мен. Жуда чиройли эшиттириш. Худди шунга ўхшаган эшиттириш тайëрласанглар деган ниятим бор эдида.

Озодлик: Сиз Ҳожибой Тожибоевнинг ўз ажали билан вафот этганига ишонмайсизми? Қаердан келиб чиқаяпти бу шубҳалар? Қаердан келиб чиқди бу илтимос?

- Битта мухлис телефон қилди сизга. Ўзбекистон телеканалларида Ҳожибой Тожибоев ҳақида, Юлдуз Усмонова ҳақида ҳеч қанақа кўрсатувлар, ҳеч қанақа маълумотлар бершмайди, дейишдида. Мен шу мухлиснинг орқасидан телефон қилган эдим.

Озодлик: Мана сиз ҳам жиззахлик экансиз. Ўзбекистон телевидениесининг программасидан хабарингиз бор. Ўша мухлисимиз тўғри айтганми?

- Тўғри айтган. Улар ҳақида ҳеч қанақа кўрсатувлар қўйилмайди.

Озодлик: Ундай бўлса, сиз телетомошабиннинг фикри қандай? Нима учун айтилган кишилар тўғрисида кўрсатув беришмайди?

- Билмадим энди. Сиëсатга қарши гапирган дейди халқ. Халқнинг ичида ҳар хил гап борда Ҳожибой Тожибоев ҳақида. Сиëсатга қарши гапирди, қамалди дейишади. Биз ҳам қизиқамиз энди. Ҳожибой Тожибоевдан буюк одам бирданига йўқ жойдан нима бўлдида, дейди Мирзачўл туманидан Неъматжон.


Сабр нима?

Неъматжон унутилмас Ҳожибой Тожибоевнинг бевақт вафотию у ҳақда Ўзбекистон ТВси кўрсатув қилмаётгани сабабларига қизиқаётган бўлса, ундан олти ёш катта марғилонлик йигит бир диний-фалсафий масала ечимини изламоқда.

Бундай ўта оғир савол билан айтганимиз марғилонлик йигит мурожаат қилди.

Озодлик билади, деб ўйлаган бўлса керак-да?!

Қанийди, билсак, дедик. Билмаслигимизни мардона тан олдик.

Ва биз тингловчимизга, барибир бир неча савол бердик.

Озодлик: 28га кирган марғилонлик йигит Озодлик билан сабр тўғрисида суҳбатлашишни истабди. Нима учун сабр ҳақида гаплашмоқчисиз?

- Ҳозир 28га кирган бўлсам, 18 ëшимгача ота-онамнинг нимасида мактаб ëши, ўйнаб-кулиб ўтиб кетди. Ҳозир мана иккита болам бор. Қизим бу йил мактабга кирди. 10 йилнинг бу ëғида анча қийналдикда. Ўзим аравамни тортиб дегандай.

Озодлик: 18 ëшингизда уйланганмисиз?

- Йўқ, 21 ëшимда уйланганман.

Озодлик: 21 ëшингизда уйланибоқ қозонингизни бошқа қилиб қўйишганми?

- Йўқ. Қозонимни бошқа қилишмаганку, битта ўғилманку, барибир энди меҳнат қилиш керакда.

Озодлик: Оиланинг харажати сизнинг бўйнингизга тушганми ўша пайтдан бошлаб?

- Йўқ, ўртада сен қил, мен қил дейилмайдию, барибир энди бола-чақа. Етишмовчиликлар бўлади.

Озодлик: 10 йилдан бери нима иш қилиб қандай пул топдингиз?

- Мен эсимни таниганимдан бери дадам колхозчи бўлганлар. Арендатор бўлганлар, фермер бўлганлар 1994 йили. Ўшандан бу ëғига фермер хўжалик. Ўша ерда ишлаймизда энди. Далада юриб мактабда ҳам бир дуруст ўқилмаган.

Озодлик: Неча гектар еринглар бор?

- 1,5 гектар боғимиз бор.

Озодлик: 1,5 гектар боғи бор оиланинг вакили, 28 яшар билаги кучга тўлган йигит нима учун Озодлик билан сабр тўғрисида гаплашгиси келиб қолди?

- Сабр қилиб тур, дейилади. Бир нарсани сўрасангиз, озгина сабр қил, дейилади.

Озодлик: Демак, сизнинг сабрингиз чидамаяпти. Нимага чидамаяпти сабрингиз? Шуни тушунмоқчиман мен.

- Ўзим ҳам тушунмайманда шуни. Ўшанга сабр нима экан, охири бормикан.

Озодлик: Демак, ичингизда қандайдир бир исëн бор. Сабр қилиш жонга тегди деяпсиз. Нима жонга тегди?

- Биз бир йилда бир даромад қиламизда меваси сотилганда. Кейинги йилгача рўзғорга харажат қилиб қўйилади. Фойдамиздан қолганида энди. Нарх-наволар ошиб кетади. Кейинги йилга учма уч қилиб оламиз. Ишлаб берилаяптида энди.

Озодлик: Кимга ишлаб берилаяпти?

- Бозорга, яна нималарга.

Озодлик: Демак, оилангизда, рўзғорингизда бирингиз икки бўлмаяпти. Шунақами?

- Йўқ, бўлаяпти Худога шукур. Қўни-қўшнилардан яхши яшаймизку.

Озодлик: Нима етишмаяпти унда? Мен тушунмаяпман.

- Бундай ўйлаб фикрга келиб қолдимда.

Озодлик: Қанақа фикрга?

- Сабр нима экан, сабр қил дейилаверади деб.

Озодлик: Ким айтади сабр қил деб?

- Дадам ҳам айтадим, бувам ҳам айтади. Ошналаримга айтсам, улар ҳам сабр қил дейди.

Озодлик: Демак, сабр нима эканлигини ўйлаяпсиз, лекин топган жавобингиз йўқ-а?

Йўқ, дейди марғилонлик суҳбатдош.

Бир ярим гектарли боғи бўлатуриб, топган даромади бир йиллик тирикчилигидан орттириломаётган, лекин турмушини қўни-қўшнилар турмушидан яхшироқ деяётган оила вакили, сабр нималигини тушунишга ҳаракат қилаётган 28 яшар марғилонлик йигит билан мулоқот эди.

Сабр нима?

Балки Сиз биларсиз бу савол жавобини?

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG