Линклар

Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукуматидан ўзига еткизилган 400 миллион долларлик зарарни ундирмоқчи.

Ширкат бу борада Халқаро арбитраж судига расман мурожаат қилди.

Мазкур сўровга Ўзбекистон ва Британия ўртасида имзоланилган ўзаро сармояларни ҳимоялашга оид келишувнинг асос бўлгани айтилмоқда.

Oxus Gold ширкатига ҳуқуқий маслаҳатчилик қилаëтган Amsterdam & Peroff гуруҳи раҳбари Роберт Амстердам билан телефон орқали боғланиб, унга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Жаноб Роберт Амстердам, Халқаро арбитраж судига мурожаат қилишга Oxus Gold ширкатини нима мажбур қилди?

Роберт Амстердам: Ўзбекистон ҳукумати бизга эътиборсиз бўлиб келди. Ўзбекистон ҳукумати бизнинг мулкимиз учун ҳақ тўламай, унга эгалик қилиш ниятида бўлди. Шу боис арбитраж судга мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади.

Озодлик: Oxus Gold ширкати билан Ўзбекистон томонидан ким сўзлашув олиб борди?

Роберт Амстердам: Мен буни айта олмайман. Биз Ўзбекистон президенти ҳамда вазирлар билан мулоқотда бўлишга уриндик. Бироқ бизга рад жавоби беришди.

Озодлик: Ўзбекистон билан Oxus Gold ўртасида келишмовчилик қачон бошланган эди?

Роберт Амстердам: Можаро ўтган йил охирида бошланган эди. Ўшанда Ўзбекистон томони мулкка эгалик қилиш истагини билдирган. Уларнинг асл мақсади мулкни эгаллаб олиш экани ҳаёлимизга ҳам келмаган эди.

Озодлик: Халқаро арбитраж суди Oxus Gold ширкатининг мурожаатини қанча муддатда кўриб чиқади, деб ўйлайсиз?

Роберт Амстердам: Мен буни аниқ айта олмайман. Одатда бундай тортишувларни ҳал қилиш учун 18 ойдан тўрт йилгача вақт керак бўлади.

Озодлик: Жаноб Роберт Амстердам, Халқаро арбитраж чиқарадиган қарорни Ўзбекистон томони бажаришга мажбурми?

Роберт Амстердам: Мен бу ҳақда миш-миш тарқатиш ниятида эмасман. Арбитраж қарорини кутиш керак. Яқинда Oxus Gold ширкати ходими Саид Ашуров 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Буни қонуний жиҳатдан ҳеч оқлаб бўлмайди. Шу боис қарор чиқиши ва унинг Ўзбекистон томонидан қандай бажарилишини кутишимиз керак.

Озодлик: Британия фойдасига жосуслик қилганлик айби билан 10 август куни 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Oxus Gold ширкати собиқ бош технологи, Тожикистон фуқароси Саид Ашуровни озод қилиш учун Oxus Gold қандай чоралар кўряпти?

Роберт Амстердам: Биз бор имкониятни ишга соляпмиз. Жумладан, турли ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқада бўляпмиз. Ўзбекистондаги кенгаш билан бирга ишлаяпмиз. Қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан ўзгаришлар қилишга тайёр эканини айтди. Агар Ашуров қўйиб юборилса, бу ўзгариш бошланганидан далолат бўлади. Биз вазият тўғрисида Британия элчихонасини воқиф қилганмиз. Ҳозир Саиднинг соғлиги жуда ёмон. Шу боис у дарҳол озод қилиниши лозим. Мен Ўзбекистонда сохта айбловлар билан қамалган бошқа одамлар ҳам борлигини биламан. Ўзбекистон расмийлари дунё жамоатчилиги уларга қараб турганини билишлари керак.

Озодлик: Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукуматидан ўзига еткизилган 400 миллион долларлик зарарни қоплатишни сўраб, Халқаро арбитраж судига расман мурожаат қилди. Ширкат талаб қилаётган сумма реалми?

- Жаҳон бозорида олтин нархи осмонга кўтарилди. Oxus Gold ширкати ўтган йиллар давомида Ўзбекистонга 120 миллион АҚШ долларидан кўп маблағ ётқизган. Oxus Gold ширкати Ўзбекистонга маблағ ётқизган пайтдан ҳозирги кунга қадар олтин нархи олти баробарга ошгани инобатга олинса, биз катта пул талаб қилаётганимиз йўқ, - деди Oxus Gold манфаатларини ҳимоя қилаётган Amsterdam&Peroff адвокатлик ширкати раҳбари Роберт Амстердам.

Ўзбекистон ҳукумати билан “Amantaytau Goldfields” номли қўшма корхона тузиб, 10 йилдан бери мамлакатда фаолият юритиб келган Oxus Gold жорий йил бошидан бери муаммоларга дуч кела бошлаган.

Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмасига кўра, ўзбек расмийлари инглиз ҳамкорларини солиқдан бўйин товлаганлик, шартнома талабларини бузганлик, оффшор ҳудудларда банк ҳисобларидан ножўя фойдаланганлик ва шу билан Ўзбекистон қонунларини бузганлик каби бир қатор иқтисодий жиноятлар¸ айни пайтда атроф-муҳитга катта зиён етказганликда ҳам айблаган.

Oxus Gold Ўзбекистонда биринчи марта бундай муаммога дуч келгани йўқ. 2006 йилда ҳам айни айбловлар билан судга тортилган Британия ширкати ўз улушининг 16 фоизини собиқ Зеромакс ширкатига хатлаб беришга мажбур бўлган эди.

Oxus Gold ширкати жорий йил февралида “Amantaytau Goldfields” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини ўзбек ҳамкорларига сотишини эълон қилган.

Кейинчалик, икки томон келиша олмаганидан сўнг, март ойи бошида Британия ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Халқаро арбитраж судига беришга ҳозирлик кўраётганини эълон қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG