Линклар

“МДҲ ўзининг йигирма йиллик фаолиятида ички жанжалларни ҳал қила олмади”.

Бундай баёнот 3 сентябр куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарлари юбилей саммитида янгради.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган юбилей саммитда қатнашган аъзо давлатлар президентлари ва Бош вазирлари МДҲнинг йигирма йиллик фаолиятидан баҳс этдилар.

Тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги Совет Иттифоқи қулаган бир пайтда шундай бир ташкилотни ташкил этиш давр талаби бўлганини таъкидладилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тутган ўрнини “тарихий” дея баҳолар экан, ўз давлатининг бу ташкилотга нисбатан мавқеи ўзгаришсиз қолишини таъкидлади.

Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Украина ва Тожикистон президентларининг бу борадаги фикрлари россиялик ҳамкасби фикрига ҳамоҳанг бўлди.

- Жамоамиз МДҲни қандай баҳоламайлик, ҳар ҳолда унга аъзо бўлиб кирган собиқ иттифоқ давлатлари ҳеч бир тўсиқсиз, тинч вазиятда ўз мустақиллигини такомиллаштириш имконига эга бўлди ва мана шу кунга етиб келди. Албатта, бу ташкилотимиз қўлга киритган катта ютуқдир, - дея таъкидлади жумладан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

МДҲ раҳбарлари саммитида сўз олган Озарбайжон Бош вазири Артур Расизода ташкилот ўзининг йигирма йиллик фаолияти давомида “ички низоларни ҳал қила олмаганидан афсусда”лигини таъкидлади.

Озарбайжон ҳукумат расмийси йиғилганларга Тоғли Қорабоғ можаросини эслатиб, “аъзо давлатлар бу муаммога ечим топишга ожизлар”, деди.

Собиқ иттифоқ даврида Озарбайжоннинг бир қисми ҳисобланган, асосан этник арманлар истиқомат қилган Тоғли Қорабоғ 1988 йилда Ереван ҳукумати ёрдамида Озарбайжон таркибидан ажралиб чиққан.

1990 йилларда, асосан арманлар истиқомат қиладиган Озарбайжоннинг айирмачи Тоғли Қорабоғ минтақасида чиққан можарода қарийб 35 минг киши қурбон бўлган ва юз минглаб одам ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Арман кучлари секин-аста Тоғли Қорабоғ ҳамда унга туташ Озарбайжон маъмурий ҳудудлари устидан ўз назоратини ўрнатди. Бу ҳудудларни арман кучлари бугунгача назорат қилиб келмоқда.

Озарбайжон исёнкор ўлкани қайтариб олиш учун ҳарбий куч қўллаш билан бир неча марта таҳдид қилган.

Россия томони, ЕХҲТ ва БМТ эса Озарбайжон ва Арманистонни Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга даъват этиб келади.

3 сентябр куни Душанбе саммитида қатнашган Арманистон президенти Серж Саркисян Тоғли Қорабоғ аҳолиси мустақилликдан ўз ҳуқуқлари учун фойдаланганини ва бу яқин келажакда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши кутилаётганини уқтирди.

Саммит сўнгида Озарбайжон Бош вазири Артур Расизода тадбирни бошқараётган тожик президенти Имомали Раҳмондан иккинчи маротаба сўз беришни илтимос қилди. У Арманистон президенти Серж Саркисяннинг Тоғли Қорабоғ борасида айтганларини кескин қоралади ва ҳозирда ўз мамлакатининг 20 фоиз ҳудуди арманистонлик аскарлар томонидан ишғол қилинганини билдирди.

Шунингдек, Расизода жаноблари БМТ хавфсизлик Кенгаши арман аскарларининг Озарбайжон ҳудудидан олиб чиқилиши борасида тўрт марта резолюция қабул қилганини, аммо Арманистон ҳукумати эса бу талабларни бажармай келаётганини билдирди.

Артур Расизода Арманистон ҳукумати тарафидан қўллаб-қувватланган, ўзини Тоғли-Қорабоғ республикаси деб эълон қилган тузилма халқаро жамоатчилик тарафидан эътироф қилинмаганига алоҳида урғу берди.

Аснода бир гуруҳ таҳлилчилар Тоғли Қорабоғ минтақасининг тарихий эгалари ким экани хусусида Озарбайжон ва Арманистон баҳси ҳали кўп йиллар давом этади, деган ишончдалар.

Зеро, таҳлилчиларга кўра, МДҲнинг бу давлатлардан бирортасига нафи тегмайди.

“Шу пайтгача Арманистон ва Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ можароси атрофида музокаралар ўтказиб келаётган Россиянинг эса собиқ Иттифоқ давлатлари ҳудудида ўз нуфузини сақлаб қолишдан ўзга мақсади йўқ” , демоқда мустақил таҳлилчилар.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 3 сентябр куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг юбилей саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан бир қаторда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам иштирок этмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG