Линклар

27 ёшли Абдусамад онадан суяги мўрт бўлиб туғилгани оқибатида тўшакка михланганига 24 йил бўлди.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи Абдусамад ўзининг ягона орзуси оёққа туриб кетиш эканини ва дунёда саҳоватпеша инсонлар ҳали кўплигига ишониб, уларга Озодлик радиоси орқали мурожаат қилаётганини айтди.

- Мен ҳам беш вақт намозимда Оллоҳдан шифо сўраш билан бирга, Озодлик радиоси орқали одамларга мурожаат қиламан. Саҳоватпеша одамлар менга ҳам ёрдам берса, мен ҳам оёққа туриб кетсам. Шу ниятда Озодликка телефон қилаяпман, - дейди Сўғд вилоятига қарашли Конибодом туманининг Кўкча қишлоғидан бўлган Абдусамад Жўраев.

Отаси Ҳасанбой Жўраевнинг айтишича, Абдусамад онадан суяги мўрт бўлиб туғилган. Ота ўғлини 1987 йили Москва шаҳридаги шифохоналарнинг бирига даволатиш учун олиб борган, лекин рус шифокорлари ўғли 18 ёшга тўлганда операция қилиш мумкинлигини айтгач, ночор ортга қайтган.

Абдусамад 18 ёшга тўлганда эса Совет Иттифоқи парчаланиб кетганди.

Бу вақтга келиб молиявий аҳволи оғирлашган Ҳасанбой ака Абдусамадни Москвага олиб боролмади.

Ота яккаю ягона фарзандини оёққа турғазиш учун расмийларга кўп маротаба мурожаат қилган, аммо уринишлари бесамар кетган.

- Ҳукуматга илтимос қилдим. “Маблағ йўқ, ҳаммаёқ бозор иқтисодиётига ўтиб кетган, шароит йўқ”, дейишди. Ҳеч қандай умид йўқ, - дер экан Ҳасанбой ака ҳукумат одамлари унга тижоратчилар ва тадбиркорларга мурожаат қилишни тавсия қилганини қўшимча қилди.

Абдусамад давлат ажратган 80 сомоний ёки сал кам 16 АҚШ доллари эвазига кун кечириш имконсизлигини айтади.

- Бир кило гўшт 28 сомоний (тақрибан 6 доллар - таҳр.), бир қоп ун 130 сомоний (тақрибан 27 АҚШ доллари - таҳр.). Бир ойлик пенсия билан қандай яшайман? Бир жойда ётсам ҳам, одамларнинг телефонига қўшиқ ташлаб бериб, уч-тўрт сомоний пул топиб, яшаш учун курашаяпман, - дейди Абдусамад.

Саводини уй шароитида чиқарган Абдусамад бугунги кунда тенгдошлари қатори катта билим даргоҳларида ўқий олмаганидан армондалигини айтади.

Узоқ хасталик туфайли тушкунликка тушган Абдусамад ҳатто ўз жонига қасд қилиш ўйига ҳам борган экан.

- Яшашдан тўйиб кетдим-да. Ҳаётда қийналиб, “Кимга ҳам керагим бор менинг?” деб ўйладим. Онам оламдан ўтгандан кейин яшашимдан маъно қолмади. Тенгдошларимнинг тўйларига боролмасам, уйланай десам, ҳеч ким қиз бермаса... Қўлимнинг томирини кесдим, лекин ўлмай қолдим, - дейди армонлар ичида яшаётган Абдусамад.

Болалигидан хасталанган Абдусамад саҳоватпеша инсонлар молиявий кўмагида шифо топиб кетиш билан бирга, ўзига бир меҳрибон ҳамдард ҳам қидираётганини қўшимча қилди.

- Намозхон, художўй бирорта яхши қиз бўлсаю, мени бахтли қилишга рози бўлса, - дейди Абдусамад.

Аснода мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз тожикистонлик шифокорлар Абдусамад москвалик ёки германиялик жарроҳлар қўлида шифо топиши мумкинлигини, Тожикистоннинг ўзида эса бундай амалиёт ўтказишга имконият йўқлигини айтишди.

Ёрдам бермоқчи бўлган муштарийлар Абдусамад Жўраев билан +992 918 52 61 52 телефони орқали боғланишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG