Линклар

logo-print

Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил тўлган бўлса ҳам, бу ўзбек деҳқони учун мустақил фаолият юритиш имконини яратмади.

Ўтган 20 йил давомида ўзбек деҳқони фермерга айланди, ерли-сувли бўлди, мустақил субъект сифатида давлат ташкилотлари билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлди.

Бироқ бу шартномалар гарчи ихтиёрий бўлса-да, доим ҳукумат фойдасига ўйнади.

Ўзбек деҳқони мустақил бўлди, бироқ қанчалик мустақил?

Мустақилликка эришилганидан буён деҳқон етиштирган ҳосилни ҳукумат ўзи истаган нархда сотиб олди ва бензину соляркани, минерал ўғитларни унга ўзи истаган нархда сотди.

Деҳқон ҳар байрамларда кўкларга кўтариб мақталди, бироқ у яна собиқ иттифоқдаги каби ҳокимиятга қарам бўлиб қолаверди.

Деҳқоннинг айтгани эмас, ҳокимнинг айтгани айтган бўлди. Ҳатто қайси пайт чигит экиш кераклигини ҳам ҳокимлар ва прокурорлар деҳқонга ўргата бошлади.

Ўрганишни истамаса, айтганини қилмаса, ҳокимлар ва прокурорлар чангитиб сўкадиган, ҳатто урадиган одат чиқарди. Ҳақини танимаган деҳқон бошини эгиб қуллуқ қилиб тураверди. Бош кўтарганнинг ери олиб қўйилиши билан чўчитилди. Бу зуғумга барча деҳқонлар ҳам чидай олмади. Ҳаққини озгина билгани ва қадрини танигани ерини ташлаб кетаверди. Бошқа иш топди ёки меҳнат муҳожири бўлди.

Ўтган 20 йил давомида ўзбекистонлик фермерлар устидан жуда кўп тажрибалар ўтказилди. 1995 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ташкил қилина бошлангандан сўнг, ким истаса, фермер бўлди. Техникаси борлар каттароқ ер олди, йўқлари озроқ. Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги фермер Бобомурод Раззоқовга кўра, фермерчилик Ўзбекистонда ўзини тўла оқлаган бўларди...

- Агар ўз ҳолига қўйиб берилган тақдирда. Фермерлар устидан ҳукмронлик авжига чиқиб турган бир пайтда буни унчалик ҳам яхши ҳолат, деб бўлмайди. Ҳукумат ўзи қабул қилган қонун-қоидаларини четлаб ўтиб, фермер хўжаликларига нисбатан ҳар хил босимларни, ўйинларни кўрсатиб турибди. Шундай ҳолда ҳам фермерларимиз ишлаяпти, ëмон эмас,- дейди Бобомурод Раззоқов.

Собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлаган, айни пайтда Қорақалпоғистон республикасининг Хўжайли туманида фермерлик қилаётган Қубей Ортиқов, ўтган 20 йил давомида ривожланиб кетган фермер хўжаликлари ҳам, банкрот бўлган хўжаликлар ҳам борлигини таъкидлаб ўтар экан, бу масалага ҳар жойнинг ўз шароитидан келиб чиқиб қараш керак, деган фикрда:

- Вилоятда ëки туманда бошқарувчилар яхши бўлса, масалан, вилоят ҳокимлари ишни яхши ташкил қилган ерларда аҳвол анча-мунча яхши. Айрим тушунган одамлар бор ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган, қонунни ўқиган фермерлар. Бу фермерларни бетгачопар дейдими, мана шу фермерларнинг ҳолати яхши,- дейди Қубей Ортиқов.


Фермерликнинг олтин даври

Ўзбекистонлик фермерлар мустақиллик йиллари бошида уларнинг ишлари юришганини айтадилар. Баъзи фермерлар бирмунча вақт ортиқча пахта толасининг пулини ҳам олишга муваффақ бўлдилар. Пахтасининг чигитидан ишлаб чиқарилган ёғ, кунжара, шелуха ва ҳатто кирсовун ҳам уларга берила бошлади. Фермернинг қўлига пул тегадиган даврлар ҳам бўлди.

1995-2005 йилларда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида фермерлик қилган Абдураҳмон аканинг айтишича, ўша йилларда фермерлик бир гуркираган эди:

- Мана шу давр мобайнида президентнинг шахсан раҳнамолигида деймизми, оталиғида деймизми - жуда бир фермерларга ғамхўрлик, “фермерлардан қўлингни торт, фермерларнинг ишига аралашма” деб кўп мажлисларда, йиғилишларда президентимиз томонидан қаттиқ қўллаб-қувватлаш ишлари 2005-2006 йилларда жуда намоëн бўлиб келди. Айрим фермерлар мана шу жараëнда ўзларини тиклаб олишга муваффақ бўлди. Яхши техникалар сотиб олишга, чет элларга бориб, фермерлар ишларини ўрганиб келишга муваффақ бўлди. Айрим фермерлар қўша-қўша машиналар олди,- дейди Абдураҳмон ака.

Маъмурий-буйруқбозлик тизими сақланиб қолган, ҳокимлар, прокуратура ва милиция мулозимлари фермерлар устидан яккаҳоким бўлиб қолган шароитда, Бобомурод Раззоқовга кўра, ўзбек деҳқонига осон бўлгани йўқ. Бироқ, фермер фикрича, 90-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонда фермерлик бир гуркираб ривожланиш йўлига тушган эди:

- Бошланишда, ҳақиқатан ҳам 1994 йилларда бошланган пайтда то 2006 йилга қадар шундай ҳолат кўзга ташланди. Деҳқонга етказган маҳсулотининг мойи, кунжараси, шўлхаси берилди. Тола пули бериб турилди. Менинг назаримда, кейинчалик агар фермер бойиб кетса, ерга қарамай қўяди ëки ерни ташлаб кетади, деб ўйлашдими - ишқилиб, совет давридагидек бир сўмсиз қолдиришга ҳаракат қилиб келишаяпти- да.

Имкони борича кўпини олиб, камини фермерга бериш ҳаракати ҳозир авж олаяпти кундан-кунга. Натижада ерлар ҳам эгасиз қолиб кетаяпти. Ҳозирги кунда жуда кўп ерлар ташландиқ ҳолатга келаяпти қўли совуган фермерлар ҳам кўп ишни юрита олмагандан кейин. Чунки иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолган фермер ерини ташлаб кетишга уринаяпти. Россияга, ишлашга четга кетиб қолаяпти-да. Мана шундай муаммолар ҳам ҳозир бизда мавжуд,- дейди Бобомурод Раззоқов.


Бироқ олтин давр узоқ давом этмади

Бироқ йиллар ўтган сайин деҳқон ўз сўзидан қолди, деҳқон ўз эркидан ажралди, ҳатто деҳқончилик кўчасидан ўтмаган маҳаллий ҳокимлар ва прокуратура ходимлари ҳам деҳқонга ақл ўргатадиган бўлиб қолди.

Бобомурод Раззоқов фикрича, деҳқонларнинг бундай ҳолатга тушишига биргина ҳокимиятни айблаш нотўғри бўлар эди, бунга фермерларнинг ўзлари ҳам айбдор:

- Фермер хўжаликлари устидан бўлаëтган босим жуда кўп фермерларнинг қўлини ишдан совутаяпти-да. Чунки унга худди ëш болани мактабга олиб бориб, биринчи синфда қўлига қалам, дафтарни тутқазиб, “ëзиш ана бундай бўлади” дегандай ҳаракат кундан-кунга авж олиб бораяпти. Бу бир томони.

Иккинчи томони, бундай ҳаракатнинг келиб чиқишига, менинг назаримда, ҳукуматнинг ўз халқига, фермерларга ишонмаслиги сабаб бўлса керак, деб ўйлайман.

Учинчидан, фермерларимизнинг кўплари унчалик масъулият сезмайди, десам хато қилмаган бўламан. Чунки қўлда ер, катта миқдорда молиявий таъминланган ҳолда бўлиб туриб масъулиятсизлик билан, ўз ишига совуққонлик билан қараши ҳам, менимча, ҳукуматнинг фермерларга нисбатан мана шундай муносабатда бўлишига олиб келаяпти, деган тахминим бор, - дейди Бобомурод Раззоқов.


Нега деҳқонга прокурор ақл ўргатади?

Фермерларнинг ўз ерида мустақил ишлай олмаслиги ва уларнинг доимо милиция ва прокуратура билан қўрқитилиб турилиши, фермер Қубей Ортиқовнинг айтишича, одатий ҳолга айланиб қолди.

- Энди, узр-ку, шунақа ҳолатга тушдик. Мен энди чол кишиман-ку. Ëш йигитлар келиннинг қошига рухсатсиз боролмаса ҳам керак. Нафақат эр, агар фермер бўлсанг, шунақа ҳолатдасан. Сенинг эганг "эк" деган вақтида экасан, ўзи бир ҳафтадан кейин экишинг керак, лекин "эк" деганда экишинг керак. Мана милиция тартибни қўриқлаши керак, лекин милициянинг айтганини қилмасанг, у ахир деҳқончиликнинг "д" ҳарфини ҳам тушунмайди бечора милиция. “Тошкентдан бизга шунақа буйруқ бор”, дейди. Тошкентдан битта генерали келади МВДнинг. “Шунақа қиласан”, дейди. Прокуратурадан биттаси келади. “Мана, дори сепмаса, ишдан ҳайдаш керак”, дейди. Чексиз-чегарасиз аралашиш юз бериб кетаяпти, - дейди фермер.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида коррупциянинг авж олгани ҳам, Қубей Ортиқов фикрича, фермерликни ривожлантиришга асосий тўсиқ бўлаяпти. Прокуратура ходимларининг коррупцияга аралашганига мисол келтирар экан, Қубей Ортиқов қуйидагиларни айтди:

- Шу йил буғдой ўримида учта комбайн келди. Учта комбайнда 12 та милиция бор. Тахминан 26 та одам келиб, комбайннинг бошида турибди. Ҳаммаси ҳам элнинг одами. Бир-биримизни таниймиз. Бир пиëла чой ич демасанг, уят бўлади. 30 километр шаҳарга столовойга борадими энди улар. Мусулмонмиз.

Озодлик: Хизматига бир қопдан буғдой ҳам олади, дейишади?

- У бор нарса энди, уни айтишнинг кераги ҳам йўқ. Мен нима демоқчиман - ҳамма ўз ишини қилсин. Масалан, эртадан кечгача прокурор юради. Прокурорга берган аризанг уч ойдан бери кўрилмайди. Ахир прокурор кўриниб турибди, эрталабдан кечгача далада ўтиради. Ахир прокурорнинг ўзининг иши бор-ку. Прокуратура деган давлатнинг иши-ку. Қонун бор. Қонун бўйича ҳаракат қилавериш керак-ку ахир,- дейди фермер.


"Қўллов эмас, талов бўляпти"

Одатда ривожланган давлатларда ҳукумат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун субсидиялар ажратади, молиявий ёрдам беради, табиий офатлар бўлганда қўллаб қувватлайди, Ўзбекистонда эса, бунинг акси бўляпти, дейди Бобомурод Раззоқов:

- Баъзи бир сабабларга кўра, мана бу йилнинг ўзини олсак, хабарларингиз бор сув тақчиллиги жуда шиддат олди ва натижада ғалладан олинадиган ҳосил миқдори кўзланган режадан пастга тушиб кетди. Буни ҳукумат ҳам кўриб турибди. Ҳамма билади шундай ҳолат юзага келганини, лекин шунга қарамасдан, фермер кўрган зарарни ҳисобга олмасдан туриб, ҳукумат тарафдан кўрилган қаъий чоралар, яъни фермер хўжаликларининг етказиб берилмаган маҳсулот учун жаримага тортилиши фермернинг оëғидан тортиш бўлаяпти. Келгуси мавсумда пахтада ҳам шундай ҳолат кўзга ташланиши мумкин. Чунки сув бўлмаганлиги, сувни етказиб бера олмаганликлари сабабли жуда кўп далалар қақшаб, қуриб қолди. Бу ҳам келгусида яна бир бора фермерга жуда катта зарба бўлиб тушиши мумкин. Чунки у жаримага тортилиши аниқ бўлиб турибди ҳозирги кунда, - дейди Бобомурод Раззоқов.

Фермер Қубей Ортиқов фикрича, фермерларга солинаётган 16 тур солиқ уларни жуда ҳам эзиб қўймоқда:

- Мен ҳаммаси бўлиб 16 та солиқ тўлайман. Буни тушуниш жуда ҳам қийин. Аграр давлатмиз. Деҳқонга солиқ томонидан ëрдам беришнинг ўрнига иккинчи томондан солиқ пайдо бўлади. Сиëсатга тушуниш жуда ҳам қийин. Дорожний фонд дейди, школний образование дейди - ҳаммаси ҳам бизнинг бўйнимизга. Тўғри давлатга керакдир, биз тўлайверамиз. Бошқа нима қиламиз энди?- дейди Қубей Ортиқов.


Ўз пулингни ўзинг ишлата олмасанг...

Фермерларнинг давлатга сотган маҳсулоти пулининг ўз вақтида ололмаётгани ҳамда мақсадли ишлата олмаётгани ҳам, Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, сўнгги йиллардаги асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

- Айтайлик, фермерга транш орқали ташланган пул фақат аниқ бир йўналишга, мақсадли йўналишга ташлаб қўйилади-да, фермер ўша пулни олиб бошқа йўналишдами, ўзига зарур бўлган йўналишда ишлата олмайди. Дейлик, ҳисоб рақамида пули туради. Ëқилғига зарурат туғилган пайтда у ўша пулни олиб, бошқа мақсадга йўналтирилган пулни олиб ëқилғига ташлай олмайди. Натижада фермернинг ишида тўсқинликлар пайдо бўлади. У ўзининг режалаштириб қўйган ишини амалда керакли пайтда бажара олмайди. Натижада оқсаш бошланади, - дейди Бобомурод Раззоқов.


Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир!

Қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов ҳам деҳқон сотаётган пахта ва буғдой нархи жуда арзон баҳоланаётгани ҳақида гапирар экан, деҳқон пешона тери эвазига етиштирган ҳосилнинг асосий мазасини бошқалар кўраётганини таъкидлайди:

- Бу тўғрисида айтишга оғиз бормайди. Уяласан одам. Буғдойнинг нархи 293 сўмми, 300 сўм атрофида, пахтанинг ўтган йилги нархини биламизу мана эртага теримга тушамиз, пахтанинг нархи айтилмади ҳали. Биз энди тахминан 1,5 миллион бўлар, деб чамалаб ўтирибмиз. Сабаби телевизорда биржа баҳосини кўриб ўтирибмиз. 4500 долларга чиқди толанинг баҳоси. Учдан бири бўлса, 1500 доллар бўлади. Бизга доллар-да эмас, сўмда берса ҳам бўлади 1,5 миллиондан. Қолганини мазасини хлопзавод кўради. Бу ўзи қизиқ. Булар асфалтга пахта экадими - билмайман, ҳамма янги машина хлопзаводда. Катта даромад хлопзаводдаю, деҳқонга пўчоқда. Хлопкопром деган идора ўзи ëпилиши керак эди. Булар тола сотиш билан овора-да. Чет элга биринчи сорт тола кетадию, учинчи сорт, деб жўнатади. Ўртада оладиган пулини чўнтагига солади, - дейди фермер.


“Агар ишламаса, гўзал қонунингни на қилай?”

Қорақалпоғистонлик фермерга кўра, Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ва ердан фойдаланиш ҳақида жуда гўзал қонунлар бор, бироқ бу қонунлар ишламайди:

- Фермерчилик қонуни бор-ку. Жуда ажойиб қонун. Лекин қонун ишламаяпти кўп ерда. Фермернинг ўзи ҳам қонунни талаб қилмайди. Тепадагилар уни улоқ ўйини қилишади-да. Ер жуда катта бизнесга айланган. Бизнинг туманда жуда катта бизнесга айланган. Агар ошкор бўлиб, жиноят иши очилса, бу ҳам охирига етмайди. 100 миллион зарар берса, 20 миллион пулини тўлайди, шу билан ҳўкиз дарвозани синдириб кетаверади. Шунақа ҳолат, - дейди Қубей Ортиқов.

Узоқ йиллардан буён фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган ҳуқуқшунос ва адвокат Рустамжон Қорабоев фикрича, фермерлар ҳуқуқлари, гарчи қонунлар бўйича кафолатлаб қўйилган бўлса-да, бироқ маҳаллий ҳокимлар бу қонунларни бир чақага ҳам олмаяпти - истаган фермерини ишдан олиб уни ерини бошқасига сотиб юбораяпти:

- 20 йил давомида президент томонидан чиқарилган фармонларда кўрсатилган фактлар, фармонларда кўрсатилган талабларнинг 50 фоизи ҳам бажарилмаяпти.

Биринчидан, фермер хўжаликларини ҳокимлар ўзбошимчалик билан ўзига берилган ваколатдан четга чиқиб, мансабини суиистеъмол қилиб, ҳужжатларни сохталаштириб, ер тўғрисидаги, фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларни қўпол равишда бузмоқда. Фермер хўжаликлари тўғрисидаги қонуннинг 32-моддасида фермер хўжалигини тугатиш тартиби белгиланган. Шунга қарамасдан, ҳокимлар ўзбошимчалик билан қонунларни четлаб ўтиб, фермерларни қонунга хилоф равишда, ўзбошимчалик билан тугатиб ташламоқда. Бундан мақсад пул қилиш.

Иккинчидан, ҳоким истаган фермерни хоҳласа бугун тугатади, эртага бошқасига бериб юборади. Бу умуман қонунга зид. Лекин шунга қарамасдан, ҳокимлар 20 йилдан буëн калласига келган ишни қилади. Буни назорат қиладиган одамнинг ўзи йўқ, - дейди ҳуқуқшунос Рустамжон Қорабоев.

Қизириқлик собиқ фермер Абдураҳмон аканинг айтишича, ўтган 20 йил давомида фермерликдан косаси оқарган деҳқонлар бармоқ билан санарли бўлди. Деҳқоннинг бири икки бўлиши учун имконият ҳам, шароит ҳам яратилмади:

- Деҳқоннинг косаси оқарди, деб айтиб бўлмайди. Деҳқоннинг косаси оқариши учун деҳқон авваламбор ердан маҳсулот олиши керак. 10-синф маълумоти бўлган фуқаро ҳам шуни арифметика қилиб билса, 230-250 сўм атрофида давлатнинг буғдойни сотиб олиш нархи. Бир литр дизел ëқилғиси 2000 сўмга борадиган. 1250 сўм деган тақдиримизда ҳам жуда қиммат. Бошланишида фермер хўжаликлари, агар пландан юқори ҳосил топширган бўлса, пахта ëғини олиш имконияти, омухта ëғ олиш имконияти бор эди. Биринчи пахта ëғини олиб қўйди 2001 йилда. Бир йил ўтиб, омухта ем олиш имкониятини олиб қўйди. Фермерга буғдойининг сомонидан бошқа нарса қолмаяпти, - дейди собиқ фермер.


“Умидимиз ҳали сўнгани йўқ”

Ўзбекистонлик фермерлар қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказилишига умид қилади.

Деҳқонлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари фермерлар ва ер тўғрисидаги қонунлар асосида ҳимоя қилинишини истайдилар.

Фермерлар ўтган 20 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бугунгидан юз карра кўпроқ ривожланиб кетиши мумкин эди, деб айтадилар.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон аграр давлат эканлигини таъкидлар экан, ҳукумат бу соҳага биринчи навбатда эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайди:

- Агар аграр соҳамиз оқсаб борадиган бўлса, келажагимиз бўлмайди. Шунинг учун биз фермерлар умид қиламиз, келажакда яхши бўлишини. Яхши бўлиши керак. Бошқа вариантни кўрмаяпмиз-да. Бир кун келиб, ҳукумат яхши назар билан қараб қўяр. Саноатни ëки бошқа бир соҳани қўлига олиб кўмаклашаëтгандай қишлоқ хўжалигига ҳам кўмак бериб қолар. Ўтган йил рағбатлантириш мақсадида дотациялар бериб кўрди. Бу ишбилармон, ишини билган фермерлар учун мадад бўлди. Ëмон бўлмади. Бундан кейин ҳам ҳукумат мана шу масалаларни кўрса, чора кўрса, деган умиддамиз, - дейди Бобомурод Раззоқов.

Қорқалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов эса фермерлик тўғрисидаги қонунларнинг ишлаб кетишига, фермерлар маҳаллий ҳокимият қўлидаги ўйинчоқ эмас, балки чин маънода ўз ерининг эгаси бўлишига умид билдиради:

- Худога шукур, қонун бор фермерчилик тўғрисида. Изга қайтиш йўқ. Шу қонунлар асосида ишласак, келажак яхши бўлади. Бу ҳаммаси вақтинча. Ўтиб кетади бу, Худо хоҳласа. Эмин-эркин ишлайдиган вақт бўлади, Худо хоҳласа, - дейди қорақалпоғистонлик фермер Қубей Ортиқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG