Линклар

logo-print

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши Бани Валид шаҳрининг топширилиши бўйича қаддафийчилар билан ўтказилган музокаралар натижасиз тугаганини билдирди.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши музокарачиси Маҳмуд Абдул Азиз Бали Валид шаҳридан 40 километр нарида жойлашган текширув пунктида Рейтер агентлиги мухбири билан суҳбатда қон тўкилишининг олдини олиш учун Кенгаш томонидан бор имконият ишга солингани маълум қилди.

Хабарларга кўра, Бани Валид шаҳри Ливия Ўтиш даври миллий кенгашининг минглаб аскари томонидан қуршовга олинган. Исёнчи кучлар шаҳар марказидан тахминан 10 километр наридаги позицияларни эгаллаган.

Айни пайтда Муаммар Қаддафийнинг матбуот котиби Муса Иброҳим минтақадаги энг йирик Варфалла қабиласи Қаддафийга содиқ экани ва шаҳар таслим бўлмаслигини айтди.

- Мен шуни айтмоқчиманки, Бани Валид Ливиядаги энг йирик қабила жойлашган катта шаҳар. Бу қабила Қаддафийга содиқлигини эълон қилган. Улар Ўтиш даври миллий кенгаши билан ҳар қандай музокара олиб борилишини рад қилган. Ўтиш даври миллий кенгашининг чақириқларига Бани Валидда ҳеч ким эътибор бермайди, - деди Муса Иброҳим.

Қаддафийга қарши кучларнинг минтақадаги қўмондони Муҳаммад ал-Фасси музокаралар тугагани ва унинг қўшинлари шаҳарга қарши ҳужум бошлашга тайёр эканини билдирди.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгашига қарашли кучлар Бани Валид шаҳрини ишғол қилишга шай турган бир пайтда Триполида ҳаёт изга тушмоқда.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, ёнилғи таъминоти яхшилангани боис кўчаларда автомобиллар серқатнов, ошхоналар одамлар билан гавжум, давлат идоралари ишламоқда.

Миллий кенгаш расмийлари яхши қуролланган кучларни назоратга олиш, минглаб жангчини полиция хизматига жалб қилиш ва бошқаларни иш билан таъминлаш дастурни эълон қилди. Кенгаш расмийлари Қаддафий ҳимояси учун урушган ливияликларни қайта тайёргарликдан ўтказиш ва уларни иш билан таъминлаш режаси кейинроқ эълон қилинишини билдирди.

Айни пайтда исёнчи кучлар Қаддафий туғилиб ўсган Сирт шаҳри ҳамда Қаддафий тарафдорлари назорат қилаётган Ливия жанубидаги Сабҳа ҳарбий базасини қуршовда ушлаб турибди.

Ўтиш даври миллий кенгаши раиси Мустафо Абдул Азиз шанба куни Бенғози шаҳрида мухбирларга исёнчи кучлар Сирт шаҳрига бостириб кира олишини, аммо қон тўкилишининг олдини олиш учун таслим бўлишга бир ҳафта муҳлат берилганини айтди.

Пойтахт Триполи 23 августда исёнчилар назоратига ўтганидан бери яшириниб юрган Қаддафийнинг матбуот вакили Муса Иброҳим Рейтер агентлигига Сирт таслим бўлиши ҳақиқаттан йироқ эканини айтди.

Айни пайтда ҳокимиятдан ағдарилган Ливия собиқ раҳбари Муаммар Қаддафий қаерда экани маълум эмас.

Рейтер ахборот агентлигига номаълум жойдан қўнғироқ қилган Муса Иброҳим Муаммар Қаддафийнинг хавфсиз жойда эканини айтди.

- Мен Муаммар Қаддафий қаердалигини билмайман. Аммо мен у мамлакатда эканини аниқ биламан. Қаддафий ўзини ҳимоя қилишга тайёр бўлган одамлар билан бирга хавфсиз жойда, - деди Ливия собиқ раҳбарининг матбуот котиби Муса Иброҳим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG