Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:39

АҚШда Қодиров устидан маҳкама қолдирилди


Улуғбек Қодиров устидан навбатдаги маҳкама жараёни 7 ноябр куни ўтказилиши кутилмоқда.
Улуғбек Қодиров устидан навбатдаги маҳкама жараёни 7 ноябр куни ўтказилиши кутилмоқда.

Президент Барак Обамага суиқасдда айбланаётган Улуғбек Қодиров устидан суд 7 ноябрда давом этади.

АҚШнинг Алабама штати федерал судяси Харуэлле Дэвис президент Обамага суиқасдга чоғланганлик ва M15 русумли тўппончани ноқонуний сақлаганликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси устидан судни қолдирди.

The Birmingham News нашри хабарига кўра, бунга Қодиров ва бошқа гувоҳлар ўртасида ёзиб олинган 35 соатлик суҳбатларни таржима қилиш учун прокурорларга кўпроқ вақт керак бўлаётгани сабаб бўлган.

- Бу суҳбатларнинг қарийб барчаси судланувчининг она тили бўлган ўзбек тилида олиб борилган, - деди судни бошқа кунга қолдирган ҳакам Харуэлле Дэвис.

Унинг айтишича, расмийлар ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилишдек жуда кўп вақт олувчи иш билан машғуллар.

- Бундан ташқари, бизда бу ишни амалга ошириш учун малакали таржимонлар сони анча чекланган, - дея қўшимча қилди ҳакам.

Суд протоколига кўра, Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров 13 июл куни Алабама штатининг Бирмингҳэм шаҳридаги меҳмонхонада ўзини қурол савдогари, деб танитган Федерал тергов бюроси махфий агентидан қурол сотиб олаётган пайтда қўлга олинган.

26 июл куни маслаҳатчилар иштирокидаги АҚШ федерал маҳкамаси Улуғбек Қодировга 7 бандлик расмий айблов эълон қилган.

Қодиров 9¸10¸11 ва 13 июл кунлари АҚШ президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда¸ шунингдек, ўқотар қуролига эга ноқонуний муҳожирлик¸ ноқонуний равишда тўла автоматик қуролга эгалик қилиш ҳамда 13 июл куни қайддан ўтмаган гранатага эга бўлишлик каби жами етти жиноятда айбланмоқда.

АҚШ махсус хизматлари биргаликда амалга оширган махфий амалиëт натижасида қўлга олингани айтилаëтган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров 2009 йилнинг июн ойида студент визаси билан Америкага келган. Маҳкамага тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ АҚШда бирор-бир ўқув юртига ўқишга жойлаша олмагач¸ 2010 йилнинг 1 апрел куни Қодировнинг студент визаси бекор қилинган.

Тергов Қодиров АҚШ президентига узоқдан туриб ўқ отишни режалаган, шунингдек, суиқасд пайтида портлаш мосламасидан фойдаланишга чоғланган, деб ҳисоблайди.

Агар Қодировнинг айби исботланса, у жами 50 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қодиров қўйилган айбловлар бўйича ўзини айбдор сифатида тан олмаслигини билдирган.
XS
SM
MD
LG