Линклар

Жаниш Бакиевнинг ўғли қўлга олинди


Қирғиз-қозоқ чегарасида сохта ҳужжат билан қўлга олингани даъво қилинаётган Асилбек Салиев собиқ президентнинг укаси Жаниш Бакиевнинг тўнғич ўғлидир.

Қирғиз-қозоқ чегарасида сохта ҳужжат билан қўлга олингани даъво қилинаётган Асилбек Салиев собиқ президентнинг укаси Жаниш Бакиевнинг тўнғич ўғлидир.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг жияни Асилбек Салиев қўлга олинганини тасдиқлади.

2 сентябр куни Жаниш Бакиевнинг 6 ўғлидан иккиси – 23 ёшли
Асилбек ва 12 яшар Нурсултан Қирғизистондан Қозоғистонга ўтиш
пайтида чегара постида қўлга олинган эди.
Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Нурлан Тўқталиевга кўра, вояга етмаган Нурсултан кейинчалик қўйиб юборилган.
- 3 сентябр куни Жиноят кодексининг 28-, 346-, 350- моддалари
бўйича жиноий иш қўзғатилди. У (Асилбек Салиев - таҳр) давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда ва чегарадан ўтаётганда сохта ҳужжатлардан фойдаланганликда айбланмоқда. Асилбек Салиев Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида. Нурсултан Бакиев эса яқинларига топширилди, - деди Нурлан Тўқталиев.
Жаниш Бакиевнинг икки ўғли Асилбек билан Нурсултоннинг 2
сентябр тунида Қирғизистон-Қозоғистон чегарасининг “Ак жўл”
ўтказиш-назорат масканида қўлга олингани тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячиси Бубуайша Арстанбекова хабар тарқатган эди.
Унинг айтишича, ака-ука Қозоғистонда ўқийди. Арстанбекова фикрича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг вояга етмаган болани ҳибсда ушлаб туриши қонунбузарликдир.
Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида
сақланаётган Асилбек Салиев Жаниш Бакиевнинг етти фарзанди
орасида тўнғичи.
Асилбек амакиси Қурмонбек Бакиев президентлиги даврида газеталар билан судлашгани боис жамоатчилик орасида анча танилган.
2008 йилда “Алиби” ва “Де факто” газеталари Асилбекнинг
автомобил авариясига алоқадорлиги ҳақида маълумот берган. У
“обрўимга путур етказди” деган иддао билан газеталарни судга
бериб, бир миллион қирғиз сўми ундирган эди.
Ўтган йилги апрел инқилобидан сўнг унинг отаси Жаниш Бакиев
қаерда экани номаълум қолмоқда.
Асилбекнинг отаси устидан Қирғизистон Жиноят кодексида
назарда тутилган “икки ва ундан ортиқ шахсни ўлдириш жинояти
уюштирувчиси”, “бировнинг жонига суиқасд қилиш”, ”лавозимни
суистеъмол қилиш” каби жиноятларда гумон қилиниб, жиноят иши
қўзғатилган.
Жаниш Бакиев Қурмонбек Бакиевнинг ака-укаларидан бири.
Қурмонбек Бакиевнинг президентлик даврида уни таъсири ўта
кучли бўлган амалдор, деб ҳам айтишган.
Айни пайтда Асилбек Салиевнинг ҳибсга олинишини Қирғизистон
Омбудсмени Турсунбек Акун Бакиевлар оиласи аъзоларини қувғин
қилишнинг бир қисми, дея баҳолайди:
- Бошқа томондан қайд этилмаган қоида бор. Ота ўғли учун, ўғил отаси учун жавоб бермайди. Жиноятларга алоқадор бўлган Бакиевлар оиласи вакилларини ушлаш керак эди. Вояга етмаган ўғли ва 23 ёшли ўғлини ушлашнинг нима кераги бор? Албатта, агар сохта ҳужжатлар билан қўлга олинган бўлса, бу бошқа гап. Бу учун жавоб бериши лозим. Иккинчи томондан, Бакиевлар оиласи аъзолари бировларнинг фамилияси ортида яширинишга мажбур. Уларнинг бу ҳолатини ҳам тушуниш керак, - деди омбудсмен Турсунбек Акун.
Қирғизистон собиқ президентининг бошқа укаси - 51 ёшли Аҳмат
Бакиев шу йилнинг августида Қирғизистон Олий суди ҳукми билан
етти йилга қамалган.
XS
SM
MD
LG