Линклар

logo-print

Москва вилояти шимолидаги Солнечногорск туманида ўзбек муҳожири юртидан келтирилган экинларни етиштириш устида амалиётларни давом эттирмоқда.

54 ёшга қадам қўйган фарғоналик Расулжон акани Солнечногорск туманида жойлашган Хоругвино қишлоқчасида барча танийди.



Бир неча йилдирки, зеленоградлик “Роскосмос” муҳандисларию Россия фазо кемалари ва сунъий йўлдошларини назорат қилувчи юқори малакали ходимларга тегишли бўлган дала ҳовлиларда экин-тикиндан тортиб уй қуришгача бўлган вазифаларни адо этиб юрган бешариқлик Расулжон ака маҳаллий аҳоли билан жуда иноқ.

- Бу ерда Андрей Яковлевич яшайди - истеъфодаги генерал-лейтенант. Ёки мана бу уйда яшовчи татар киши менга ҳатто уй калитини топшириб кетган, - дея қишлоқ билан таништиришни бошлади Расулжон ака.

У билан учрашганимизга ҳам роппа-роса бир йил бўлибди. Ўтган йилгига нисбатан қишлоқда пайдо бўлиб қолган янги иморатлар қурилишининг бирортаси, Расулжон аканинг айтишича, усиз битмабди. “Бир йил ичида ҳаётингизда қандай ўзгаришлар бўлди?” дея суҳбатимизни бошладик Расулжон ака билан.

- Жуда катта ўзгаришлар бўлди. Биринчи навбатда, мен декабр ойида қизимни турмушга бердим. Ундан кейин, январга ўтиб онамизни топшириб қўйдик.. Мана шундай қилиб, тўй билан аза бирдек келиб қолди. Шу йил ичида энг муваффақиятли ишлардан яна биттаси - ўғлим Фарғона политехника институтининг иқтисод факултетига ўқишга кирди грант асосида. Бу йилги энг катта воқеалар мана шу бўлди, - дейди Расулжон ака.

Суҳбатимиз давомида ҳатто қўшни қишлоқлардан ёрдам сўраб Расулжон акани бир нечта “клиент” безовта қилди.

- Ҳозир сезон, ҳамма қишга тайёргарлик кўраяпти, - дея изоҳ берган бўлди суҳбатдошимиз.

Суҳбатимиз давомида бешариқлик Расулжон ака ўзи эришган ва эришаётган ютуқлари айнан Россияда топган маблағлар эвазига амалга ошаётганини айтди.

- Саккиз йилдан бери Москва вилоятида юрган бўлсам, мен ҳисоблайманки, фақат мана шу ерда топган пулим эвазига яхшигина тўй ўтказдим, меҳмонларни кутдим. Орқасидан онамизни топшириб қўйдик, у ҳам маблағсиз бўлмайди. Мана, студент бўлган ўғлимни ўқитмоқчиман. Буларнинг ҳаммасини Ўзбекистонда бўлсам, қилолмайдиган бўлардим. Чунки битта соҳада ишлаганман у ерда, болаларим катта бўлганидан кейин қарасам, эплолмайман: кейин Россияга келавердим. Бу ерда кунига 1000 рубл ишлайман. Яъни бир кун ишласам, бир қоп Қозоғистонни унини оламан. Демак, оилам бир кунлик меҳнатим эвазига бир ой дастурхонида нони бор. Яна минг рубл ишласам, гўшт-ёғ. Лекин мол гўшти қиммат бўлиб кетди, мол гўшти 17 минг сўмга чиқиб кетди. Мустақиллик шарофати биланми, бошқами - шу ерда ишлаяпмиз,пул олаяпмиз, уйга жўнатаяпмиз. Хонадонимиз обод, - дейди суҳбатдошимиз.

Шунга қарамасдан, Расулжон ака Фарғона водийсини, Бешариқни, оиласини соғинаётганини айтади. “Шу мақсадда Хоругвинодаги яшаётган жойимни Бешариққа ўхшатишга киришдим”, дейди у.

- Ҳандалак эккан эдим-ку мен. Бу йил ҳам етиштирдим, сиз бироз кечроқ келиб қолдингиз – мана ҳозир ҳам беш-олтита ҳандалак палакда турибди. Бу йил кўпроқ экканман, йигирматача уздик. Ҳар йили опитингиз ошиб боради – мазаси ўтган йилгидан аъло, каттароқ бўлди. Қўшнимга ҳам бердим у парникка экди.

Озодлик: Ҳандалакдан ташқари яна нима экдингиз?

- Мана, Ўзбекистоннинг райҳони турибди. Бешариқ Маданият Уйининг олдидаги мажнунтол шохидан олиб экилганлари икки метрдан ошиб кетди. Чиқсам, Ўзбекистонни кўришим керак-да! Қовун-тарвуз, райҳон, бу томон тўлди Бешариғнинг қоратолига. Шу ерни Бешариқ қилмоқчиман, - дея ўз режалари билан ўртоқлашади Расулжон ака.

Бешариқлик Расулжон ака шогирди билан.

Нархозни қизил диплом билан битирган бешариқлик бу инсон ҳақиқатан Хоругвинони сўлим Бешариққа ўхшатишга киришган кўринади.

Айни пайтда у Бешариққа борса, тезда салқин Россияни, Москва табиатини соғиниб қолишини айтади. Шунинг учун у дала амалиётларини Бешариқдаги ҳовлисига ҳам кўчиргани маълум бўлди: ҳозирда Бешариқда совуқ иқлимга мослашган ўсимликлар ўсмоқда.

- Беш-олти хил лола экдим - очилаяпти. “Зелёний горох” дейди, эккан эдим, ажриғдек қалин чиқиб кетди. Красний, чёрний, дейди, қизил-қора-оқ смородина экдим, уйимда бор.У ошқозонга даво экан ва баргини помидор-бодринг тузлайдиганларга қўшсангиз, карсиллайдиган бўлар экан. Ежевика дегани бизни тутга ўхшар экан, ундан экдим. Астра деган гулини эса ҳовлига экаяпман. Ниятим шуки, у ерга борганимда бу ерни соғинганимда кўриб туриш, Москвага келсам, эшикни очиб чиқсаму Бешариқни кўриш, - дейди Расулжон ака.

Суҳбатимиз сўнгида беш йил ичида Хоругвино қишлоғининг энг ҳурматли ва керакли инсонларидан бирига айланган бешариғлик Расулжон ака режалари кўплиги ва Москвага яна кўп маротаба қатнашга тўғри келишини гапирди.

- Бизда ўзбекчиликда набирангиз ўғил бўлса, тўй қилиб беришингиз керак. Битта новвос етаклаб борилади. Бу кийим-кечак, латта-путтадан ташқари. Кейин иккинчи қизим келаяпти, студент ўғлим 4 йил ўқиши керак, яна 2 йил магистратурада. Шунинг учун менга зерикишгаям вақт йўқ, кўп ишлаймиз ҳали. Россияга кўп келсам керак, - дейди Расулжон ака.

Хоругвинода ҳам бошидан қўқон дўппи тушмайдиган бу инсон кейинги йил ҳам Озодлик мухлисларини Подмосковьега қовун сайлига чақиришини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG