Линклар

logo-print

Эрон Тожикистонга яна бир ГЭС қуриб бермоқчи

  • Гулнора Равшан

Бу борада томонлар 4 сентябр куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Душанбега сафар чоғида келишувга эришган.

130 мВт қувватга эга Зарафшон ГЭСининг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Асосан Эрон сармояси эвазига қурилиши режалаштирилган Зарафшон ГЭСининг қурилиши муҳлати ҳали эълон қилинганича йўқ.

Асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлган Зарафшон дарёси устида қурилажак Зарафшон ГЭСи кўпдан буён Тошкент ва Душанбе баҳсларига сабаб бўлиб келади.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, 2007 йили бу лойиҳани Хитойнинг Синаҳандро ширкати ўз зиммасига олганди. Манбага кўра, бу борада тўрт йил муқаддам Пекинда икки томонлама шартнома ҳам имзоланган. Аммо кейинчалик Хитой томони тожиклар трансчегара сувидан фойдаланиш муаммосини ҳал этмагунича, бу лойиҳани амалга оширишга киришмаслигини маълум қилганидан сўнг ГЭС қурилиши таққа-тақ тўхтаб қолди.

Ўзбек расмийлари Тожикистонда қурилажак гидроиншоотлар, жумладан, Зарафшон ГЭСи минтақа учун жиддий экологик хавф туғдириб, сув заҳиралари масаласида давлатлараро можарога сабаб бўлаётганини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Зарафшон ГЭСи қурилиши устида узоқ вақт давом этган баҳсларга нуқта қўйиш мақсадида 2008 йил бошида Тошкентда ўзбек-тожик музокаралари ўтказилган ва
Ўзбекистон томони ГЭСлар лойиҳаси чет эллик мустақил экспертлар томонидан ўрганилиши зарурлигини талаб қилганди.

Ўзбекистон талабларига амал қилган Тожикистон эса 2008 йил охирларида Зарафшон ГЭСига доир лойиҳа хорижий экспертлар томонидан ижобий хулосаланганини маълум қилган эди.

Айни пайтда Тожикистон энергетика вазири муовини Пўлат Муҳиддинов Ўзбекистоннинг Зарафшон ГЭСи минтақада сув муаммосини келтириб чиқаришига оид иддаоларида асос йўқлигини таъкидлайди.

Худди шундай фикр икки кунлик расмий ташриф билан 4 сентябр куни Тожикистонга келган Эрон президенти Аҳмадийнажод томонидан ҳам айтилди.

- Зарафшон ГЭСининг сув омборида атиги бир кеча-кундузлик сув заҳира қилинади, яъни сув фақат керакли электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланади, холос. Шуни назарга олган ҳолда, бу гидроиншоотнинг қурилиши дарёлар қуйисидаги давлатлар қишлоқ хўжалиги учун зарарсиздир, - деди 5 сентябр куни эрталаб Сангтўда-2 ГЭСининг биринчи агрегатини ишга тушириш маросимида сўз олган Эрон давлат раҳбари Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Аснода Ўзбекистон томони трансчегаравий дарёлар устида қурилаётган гидроиншоотлар минтақа учун жиддий экологик хавф туғдириши ва давлатлараро можароларга сабаб бўишидан қанчалик огоҳлантирмасин, Тожикистон ҳукумати, мамлакат тараққиётининг асосий стратегик йўналиши сифатида гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Президент Имомали Раҳмон бошлиқ тожик расмийлари энергетика мустақиллигини қўлга киритиш ва бунинг ортидан Ўзбекистонга қарамликдан қутилиш мақсадида Россия ва Эрон давлатлари билан энергетика соҳасида тиғиз ҳамкорлик қилиб келади.

- Бугун биз эронлик биродарларимиз билан яна битта ГЭС - Зарафшон ГЭСини қуриш борасида келишувга эришдик. Бу энергетика мустақиллигига эришишимиз учун олға босилган яна бир қадамдир. Кўпчиликка маълумки, Сўғд вилоятининг аксарият туманлари қишнинг олти ойида чироқсиз қолади. Зарафшон ГЭСи қуриб ишга туширилса, мамлакат шимолидаги Айний водийси, тоғли Мастчоҳ водийси ва Панжакент тумани аҳолиси қишда ҳам электр билан тўла таъминланади, - деди Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 4 сентябр куни эронлик ҳамкасби билан музокаралар поёнида журналистларга берган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистондаги Сангтўда-2 ГЭСи ҳам асосан эронликлар маблағи эвазига бунёд қилинмоқда. Маълумотларга кўра, мазкур ГЭСга Эрон 180 миллион доллар, Тожикистон эса 40 миллион доллар ажратган.

Тожикистон президентининг маълум қилишича, кечаги музокаралар сўнгида, шунингдек, “Тожикистон-Афғонистон-Эрон” электр узатиш тармоғи ва мамлакат шимолида Зарафшон ГЭСи қурилиши учун зарур бўлган цемент ишлаб чиқариш заводини қуриш борасида ҳам Эрон билан меморандум имзоланган.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар Зарафшон ГЭСи Ўзбекистон томонининг қаршилигидан қатъий назар яқин йиллар ичида эронликлар томонидан қуриб берилишига шубҳа қилмайдилар.

- Эрон мамлакат шимолини электр танқислигидан халос қилиш мажбуриятини олар экан, Ўзбекистоннинг бу лойиҳага қарши бўлишидан қатъий назар, уни қуриб беришига ҳеч шубҳам йўқ. Чунки Ўзбекистон иддаолари асоссизлигини ва уларнинг даъволарида кўпроқ сиёсий мотивлар борлигини эронликлар яхши англайди, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Раҳматулло Валиев.
XS
SM
MD
LG