Линклар

Қоҳирада Муборакка қарши ва тарафдорлар тўқнашди


200 га яқин одам қатнашган тўқнашувда бир полициячи оғир жароҳат олгани айтилмоқда, холос.

200 га яқин одам қатнашган тўқнашувда бир полициячи оғир жароҳат олгани айтилмоқда, холос.

Бугун Мисрни 30 йил бошқарган собиқ президент Ҳусни Муборак учинчи маҳкамага келтирилди.


Қоҳира шаҳрида собиқ президент Ҳусни Муборак устидан маҳкама бораётган суд биноси олдида собиқ президентни қўлловчилар ва унга қарши бўлганлар ўртасида тўқнашув бўлди.

Мисрдан олинган маълумотларга кўра, Ҳусни Муборакка тарафдор бўлган 150 га яқин намойишчи қўлида шиорлар билан суд биноси олдига келган ва баланд овозларда унинг оқланиши, озод қилинишини талаб қила бошлаган.

Кейин суд биносига яқин ҳудудга йиғилган Ҳусни Муборакка қарши намойишчилар биринчи бўлиб, тарафдорлар томон тош улоқтиришни бошлаган.

Қалқонлари билан ўртага тушган полициячилар ҳам тошбўрон қилина бошлаган. Шунда айрим полициячилар дубинкалар ва намойишчилардан тушган тош, ғишт билан жавоб қайтаргани хабар қилинди.

Расмий хабарларга кўра, тўпалон чоғида оғир жароҳат олган бир полициячи шифохонга ётқизилган. Бир киши тартиббузарликни уюштирганлик гумони билан қўлга олинган. Кўплаб намойишчиларга енгил тан жароҳати етказилган.

Бугун Қоҳирада бунча тўпалон юзага чиқишига сабабчи бўлган 83 ёшли собиқ президент Ҳусни Муборак учинчи маҳкамага келтирилди ва у аввалгиларидаги каби учинчи маҳкамага ҳам замбилда келтирилди.

Муборак коррупция ва юзлаб намойишчиларнинг ўлимига боғлаб қўйилган айбловларни рад этган.

Муборакнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Қувайтдан борган адвокат Муҳаммад Носир ал-Ағмий Мисрнинг собиқ президентини 1990 йиллардаги иши учун ҳимоя қилишга қарор қилганини айтди.

- Собиқ президент Ҳусни Муборакни ҳимоя қилишимизнинг хос сабаблари бор. 1990 йиллардаги урушда унинг Қувайт позициясини ҳимоя қилганини бирорта қувайтлик унута олмайди. Бу, умумиятла, Миср позицияси эди, - деб эслади қувайтлик адвокат.

Миср президенти шу йил феврал ойида халқ намойишлари ортидан ҳокимиятни ташлаб қочишга мажбур бўлган эди.

Ўшанда жами 850 намойишчи ўлгани, 6 мингдан ортиғи жароҳатлангани айтилади. Ҳусни Муборак айрим амалдорларни қуролсиз намойишчиларга қарата қурол ишлатишга мажбур қилганликда ҳам айбланмоқда.

Бугунги маҳкамада намойишчиларни отишга ким буйруқ бергани ҳақида суд ҳайъати саволларига бир неча юқори мартабали полиция мулозимлари жавоб бериши айтилган.

Шу йилнинг 3 августида Муборак устидан бошланган олдинги суд мажлислари телевидение орқали ёритилган эди. Бугунги маҳкамани эса ёритмасликка қарор қилингани айтилмоқда.

Судя Аҳмад Рафоат гувоҳлик берувчиларнинг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида жараённи тасвирга олишни тақиқлади.

Адвокатлар гувоҳларнинг бир-бирига таъсир ўтказиши олдини олиш ва бу жараённинг жамоатчилик назоратидан четда қолмаслиги учун бундай қарони бекор қилишни сўради, аммо бу сўров инобатга олинмади.

Ҳусни Муборак араб давлатларида бошланган халқ ғалаёнларидан буён суд залига келтирилган илк собиқ президент бўлди.

Муборак ўз ўғиллари Жамол ва Алаа, шунингдек, собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий билан бирга судланмоқда.

Айни кезда Муборакнинг панжара ортида юрак ва бошқа хасталиклардан даволанаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG