Линклар

logo-print

Ўзбекистонда яна пахта терими бошланди. Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида “Сиз пахта терганмисиз?” деган саволни қўйдик.



Исмоил Саифназаров, Адолат социал-демократик партияси раиси:

Пахта терганмиз талабалик даврида, совет даврида. Нормани бажарардик албатта. Энди кўп воқеалар бўлган. Сиз ҳар доим ноқулай пайтда телефон қилиб қоласиз-да. Кейин сизни "хафа қилмай" деб, мен сиз билан гаплашаман. Ҳозир мажлис қилаëтган эдим. Минг бор узр. Омонлик тилайман.


"Маҳалла" жамғармаси вакили:

Чиққанман. Студентлик пайтимда ҳам чиққанман, олдинги ишлаган жойимдан ҳам чиққанман. Мен "чиқмаганман" демайман. Просто, сизнинг эфирингиз бошқача эфир-ку бу. Бизларнинг эфир эмас-да мен сизга айтадиган бўлсам. Мен мукофотлар олганман кўп терганим учун. Кўп чиққанман, ака. Просто, бу нарса учун рухсат олиш керак-ку. Бунақа саволлар бўйича бизларнинг матбуот котибимизга мурожаат қиласиз. Раҳбариятимга расмий равишда мурожаат қилинг. Рухсат берса, сизга айтиб бераман. Кўп чиққанман пахтага.


"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вакили:

Бунақа савол-жавоблар бўйича мана шу ерга келинглар. Мана шу ерда гаплашиб ўтирамиз. Бу ерда ҳам бор-ку корреспондентинглар. Кўп-ку сизларники. Унақада узр, ака, ҳеч нарсада ëрдам бера олмайман мен.


Руҳиддин Комилов, адвокат:

Пахта терганман. Нимага термайди? Терганман, жуда зўр терганман. Чин дилдан терганман. 7-8-9-10-синфларда, кейин студентлик. Яхши томони йўқ эди унинг. Ўқишдан қолардик. Ëмон томонини гапирмай қўя қолай. Мажбурий қуллик эди-да. Мактабдан олиб кетарди. Мажбур бўлардик. Яхши томонини гапириб бўлмайди унинг. Ҳамма замонда ҳам мактабдан қолдириб, билимдан қолдириб, пахтага олиб чиқиш яхшиликка олиб келмайди.


Сергей Ежков, UzМetronom мустақил интернет газетаси муҳаррири:

- Ҳа, мен ҳам пахта терганман. Шуни айтишим мумкинки. Алишер Усмонов мен билан бирга пахта терган. Параллел синфда ўқиганимиз учун пахта теримига бирга борганмиз. Бизни яхши боқишган. Сгушёнкалар беришган. Қизлар билан ҳазиллашиб, чақчақлашиб юрардик. Кечки пайтлар балиқ тутардик. Жиззах, Сирдарё вилоятларида қрим татарлари кўп бўларди. Пахтада кино кўрардик. Баракда баъзан совуқ бўларди, сув муаммоси бўларди. Ёш эдик, шўх эдик. Билагимиз тўла куч эди. Шу боис хотирада пахта ҳақида ёмон нарсалар сақланиб қолмаган.


Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери:

Ҳар бир ўзбек боласи ëшлигида, мутлақо, пахта терган. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Мактабда ҳам терганмиз, университетда ҳам терганмиз. Пахта теримлари бизнинг пайтимизда, мен эслайман, у қадар бугунгидай фожиали бўлмаган. Ўша пайтдаги экологик тозалик билан бугунги экологик тозаликни тенглаштириб бўлмайди. Бугун жуда экологик жиҳатдан далалар, умуман табиатимиз бузилган. Лекин 50-60-йилларнинг бошида унчалик бузилмаган эди. Биз болаларнинг пахта теришига доим қарши бўлганмиз. Қайта қуриш пайтида ҳам бу нарсаларни гапирганмиз. Аммо ҳалигача бу масала ечилгани йўқ. Аксинча, кундан кунга баттар бўлиб бораяпти. Болаларимиз далада ҳақиқатан ҳам пахтанинг қулига айланишда давом этмоқда.


Дилором Исҳоқова, Бирдамлик ҳаракати аъзоси:

Мен ҳам пахта терганман. Бир киломи, икки киломи - пахта терганман. Биз Янгийўлдан қайтаëтганимизда милиция йўлни тўсиб¸ ўша план топшириш жуда шарт бўлган пайтда ҳаммани тушириб¸ қанча тера олсак, тердириб, кейин ўтқазган. Шунда мен тушиб пахта терганман. Лекин пахта теримига чиқиб, у ерда бошқа студентларга ўхшаб бир неча ой қолиб, план топшириб, унақа нарса менинг ҳаëтимда бўлмаган. Ҳаммани пахта теримига олиб чиққан? тўғри. Лекин мен пахта теримига чиқмаганман, чунки 1-2-курс пахта теримига ҳамма чиққан пайтда ўшанда ҳам маза бўлмаган чоғи - чиқмаганман. Кейин заочнийга ўтказганман. Шундан кейин умуман чиқмай қўйганман.


Муҳаммадсолиҳ Обутов, ўзбекистонлик собиқ имом:

Бизлар совет даври мактаби битирувчиларимиз. Бизга норма 50 кило қўйилган-да. Ўша нормани мен ҳам бажарганман. Лекин жуда яхши теримчи эмасдим. Баъзида пахталар тугаб қолган пайтларда 20-30 кило терганда, калтак ер эдик. Ўқитувчиларнинг урган пайтлари эсимда. Математика ўқитувчимиз бўларди. Эрталаб ҳаммамизни қаторлаштириб қўйиб урган ўша пайтда. Ўзиям озгина ичиб олганмикан, пахта 50 килога етмагани учун калтак еганмиз. Бир кун оч, бир кун тўқ бўлиб, пахта терганмиз.


Мўътабар Тожибоева, "Ўтюраклар" клуби раҳбари:

Ўқувчилик пайтимдан бошлаб пахтага чиққанман. Мен илғор теримчи бўлганман, деб айта олмайман. Чунки нимжонгина қиз бўлганлигим сабабли пахта терими пайтида оз терар эдим. Баъзан оз терганлигим учун муҳокама ҳам бўлиб, ўқитувчилар томонидан танбеҳлар эшитган пайтим ҳам бўлган. Пахта терими пайтида синфдошларингиз, дўстларингиз билан яқиндан суҳбатдош бўлиб, дарс пайтида олишимиз мумкин бўлмаган қизиқарли маълумотларни пахта терими даврида билар эдик.


Абдураҳмон Ташанов, "Эзгулик" жамияти фаоли:

Пахта теримига чиққанман, лекин жуда қисқа вақт. Уч-тўрт кунлик қисқа вақтларга чиққанмиз. Энг кўп терганим - куни бўйи 35-40 кило терганман. Пахта теришни ўзи эплай олмайман. Пахта теришни ҳам эплай олмаганман, пахта қўйишни ҳам эплай олмайман. Кўпроқ олимпиадаларда бўлардим, фан мусобақаларида бўлардик. Шунинг ҳисобига кўпинча пахтадан озод қилинардим. Пахта теримига чиқишнинг яхши томони - синфдошлар билан ўйин-кулгу нуқтаи назаридан яхши эди. Ëмон томони - салқин кунлар бўларди, ëмғирли кунларга тўғри келиб қоларди. Унақа пайтда қатор ноқулайчиликлар туғиларди. Мана шу тарафлари ëмон эди. Энг муҳими, ҳамма учун ëмон томони - дарслардан қолиб кетардик. Ўзлаштиришлар қийин бўларди. Пахтага озми-кўпми пул тўлагани нуқтаи назардан яхши. Чунки, масалан, шахсан менинг чўнтагимга озгина пул кирарди кўп тера олмасам ҳам.


Абдусалом Эргашев, ҳуқуқ фаоли:

Албатта, пахтани кўп терганмиз. Қишлоқда катта бўлганмиз. Пахтанинг ичида туғилиб, пахтанинг ичида катта бўлганман, десам ҳам муболаға бўлмайди. Сал дангасароқ, ўртачадан пастроқ теримчи бўлганман. Энг ëқимсиз иш менга пахта териш эди. Биринчидан, сал табиатим нозикроқмиди - тирноқнинг атрофидаги терини титиб юборар эди. "Иложи бўлса, ë ошпаз, ë чой тарқатадиган бўлсам" деган орзуда юрардим. Лекин ўқитувчилар мени ҳеч қачон ўша ишларга тайинлашмас эди. Мактабда юқори синфда ўқиганимизда ëтоққа бориб терганмиз. Кунда олиб чиққанда ҳам терганмиз. Бундан ташқари, студентлик пайтимда терилган. Вилоят газетасида ишлаб юрганимда пахтага чиқар эдик. Энди вилоят газетасининг коллективи пахтага чиққанда нима бўларди, номи пахтага чиқиш эди. Қайси колхозга борсак, шу колхоз бир қўйга тушар эди, бир-икки яшик ичимликка тушар эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG