Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

Бункер тунелида қолган болалик


Мактабда ўқиганимда "қандай қилиб пахта термаслик мумкин?" деган жумбоқ жавобини қидирганман.

Чунки пахта теришни ўзи бир азоб бўлса¸ тарози бошига борганда оз пахта терганинг учун ўқитувчидан таҳқирли дашном эшитиш яна бир азоб эди.

Урганч телевиденияси журналистлари Рўзмат Отаев ва Неъматжон Солаевлар кунора телевизорга чиқиб, пахта термаган одамнинг қўли ҳаром тарзидаги гапларни айтиб, ҳавода хурофий бир муҳит яратар эдилар.

Кўчалар¸ бозору дўконлар пахта боис тақа-тақ ëпилган эди.

Постда турган милиционерлар ўтаëтган автобусларни тўхтатиб, йўловчиларни пахта теришга мажбурлашар эди. Ҳатто бир марта Хивага бораëтган хорижлик туристлар ҳам пахта теришга мажбурланиб, халқаро жанжал чиқишига оз қолган.

СССР Ташқи ишлар вазирлигидан махсус одам келиб, бу масалани ОблГаида муҳокама қилган эди.

Ана шундай вазиятда пахта термасликни имкони йўқ эди.

90 ëшга кирган момолар олдига ҳам кўсак ташлаб қўйишар эди.
Уларнинг кўсак ситиб ўтирганини "Ахборот" дастури кўрсатар эди - "мана, бизда ҳамма пахтакор" деб.

Аммо мен ана шундай асабий вазиятда пахта термаслик йўлини топдим.

Пахта сезонида мактаб камида 3 ойга ëпилар эди.

Мен, 11 яшар бола, мана шу 3 ойда туман пахта заводига ишга кирдим.

Аввалига бўйимни ўлчашди. "Жуда новча бўлсанг, ишга олмаймиз" дейишди.

Бўйи бастим тўғрим келгаиндан кейин завод маъмурияти мен билан шартнома имзолади.

Завод ошхонасидаги емак дохил ойига 70 рубл оладиган бўлдим.

Боз устига, завод мактаб учун справка ëзиб берди:

“Берилди ушбу справка шул ҳақдаким¸ ушбуни тақдим қилувчи пахта заводида ишлайдур. Муҳр. Имзо.”

Бу справка мени пахта теримидан озод қилган олий бир ҳужжат бўлди.

Ҳафтанинг беш кунида мен соат эрталабки 9 да "Верховина” деган мопедимни тириллатиб, пахта заводига кириб борар эдим .

Заводга кирганимда мопед мўрисига махсус ғилоф кийгизиш жоиз эди (токи учқун чиқиб¸ пахтага ўт кетмасин, деган андишада).

Заводда мен тенги 8 бола ишлар эди. Бизларнинг вазифамиз улкан пахта бункери ўртасидан тунел тешиш эди (агар тунел тешилмаса, пахта қизиб¸ ëниб кетиши мумкин эди).

Тунелнинг бўйи бизнинг бўйимиз билан тенг бўлгани боис бу ишни фақат биз - болалар қилишимиз мумкин эди.

Бизга Ўразимбат деган бригадир бириктирилган эди.

Ўрозимбат бизни икки гуруҳга бўлди.

Бункерни бир тарафида тўрт бола, яна бир тарафида тўрт бола махсус теша (кирки) билан навбатма-навбат тешик тешар эдик.

Теша оғир эди.

Пахта хирмонини тешиш тоғни тешишдан қийинлигини ўшанда билганман.

Теша урсангиз, ларзон бериб, орқага қайтади.

Фақат маълум усул билан пахтани юлиб оласиз.

Биринчи кунлари кечалари билан елкам оғриб чиқди. Кейин ўрганиб кетдик.

Бункер ҳали барпо қилинмасдан олдин ерга бир темир сим ташланган эди. Биз икки тарафдан ўша темир сим бўйлаб тунел ковлар эдик.

Икки ҳафталарда биз бункер ичкарисига анчагина ўрмаладик.

Биз Урганч туманидаги пахта заводида ишлар эдик.

Шаҳардаги заводда тунел ковлаган болаларни бункер босиб қолгани ва уларнинг минглаб тонна пахта тагида мажақланиб ўлгани хабарини эшитган кунимиз иш ташлашга қарор қилдик.

Ўрозимбат Худонинг зорини қилса ҳам, кирмай туравердик тунелга.

Кейин пахта заводининг директори келди (Бу лавозим ўша пайтда астрономик даражада улуғ эди - улар ҳеч киймаган кийим кийишар¸ ҳеч кимда йўқ машиналарни минишар эди).

Директор келиб, яхши шиббаланмаган бункергина босиб қолишини бизга тушунтирган бўлди.

Гап орасида биз болаларга қип-қизил¸ Ленин калласи акс этган ўн сўм-ўн сўм пул қистирди. Ўзи эмаклаб тунелга кириб кўрсатди.

Тақдирга тан бериб, яна туннелга кирдик.

Нариги томондан гуп-гуп деган овоз келар эди.

Бу дегани “Элбадаги учрашувга оз қолди “дегани эди.

Бу иборани урушда қатнашган Ўрозимбат ишлатар эди.

Ниҳоят, икки гуруҳ учрашдик - бункер ичидан туннел тешилди.

Энди минглаб тонналик пахта бункери ëниб кетиш хавфидан қутулди.

Биз болаларни эса янги бункерлар кутар эди.
XS
SM
MD
LG