Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:22

Бишкек аҳоли қўлидаги қуролдан хавотирда


Қирғизистонда 2010 йилги апрел ва июн воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ҳамда ҳарбий тузилмалардан тортиб олиниб, аҳоли қўлига ўтиб кетган қуролларнинг 44 фоизигина қайтарилган, холос
Қирғизистонда 2010 йилги апрел ва июн воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ҳамда ҳарбий тузилмалардан тортиб олиниб, аҳоли қўлига ўтиб кетган қуролларнинг 44 фоизигина қайтарилган, холос

Қирғиз расмийлари президентлик сайлови арафасида аҳоли қўлида юзлаб ўқотар қуролларнинг ноқонуний сақланиб қолаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турганбоевнинг айтишича, ўтган йилги апрел ва июн воқеаларида милициянинг 1177 та ўқотар қуроли аҳоли қўлига ўтиб кетган. Бу қуролларнинг 56 фоизи ҳанузгача топилгани йўқ.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан эса 263 та қўрол тортиб олинган ва шу кунгача уларнинг 43 тасигина топилган.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари апрел воқеалари ва Ўш қирғини пайтида аҳоли қўлига ўтиб кетган қуроллардан фойдаланиб, жиноят содир этиш ҳолатлари кескин кўпайганлигини билдирмоқда.

Қирғизистон парламенти депутати Камила Талиева бундай ҳолат айниқса Ўшдаги барқарорлик учун катта таҳдид туғдираётганини айтади:

- Ўшликлар сайлов арафасида хавотирда яшашмоқда. Улар: “Агар қуролларнинг ҳаммаси мусодара қилинмаса, барқарорлик қил учида турибди”, деб айтишаяпти. Ўшда сайлов арафасида партиялараро низолашувлар кескинлашаётганидан ташвишланишаяпти, - деди Камила Талиева.

Милициянинг истеъфодаги генерали Рашид Тағаев эса қуролларни аҳоли қўлидан тортиб олиш жараёнининг сусткашлик билан олиб борилаётганини мазкур қуроллар олди-сотти воситасига айланиб қолгани билан изоҳлайди.

- Мен сўнгги пайтда аҳоли вакилларидан бирортаси ўз ихтиёри билан қурол топширгани ҳақида маълумот олганим йўқ. Милициянинг ҳам қуролларни қайтариб олиш ҳаракати самара бермаяпти. Аҳоли қўлида қолган қуроллар олди-сотти воситасига айланиб қолди. Бугунги кунда қурол сотувчи чайқовчилар пайдо бўлди, - деди генерал Тағаев.

Айни пайтда аҳоли қўлида қолган қурол савдосига милиция ходимларининг аралашгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бир неча ой олдин Миллий хавфсизлик хизмати Қирғизистонда катта миқдорда қурол сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинганини ва гуруҳга милициянинг нуфузли бир неча зобити раҳбарлик қилганини билдирган эди.

Хавфсизлик соҳаси таҳлилчиларига кўра, аҳоли қўлида қолган қуролларни асосан мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган уюшган жиноий гуруҳлар сотиб олаётгани тўғрисида ҳозирча тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд.

Шунга қарамай, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Дуйшон Чўтқараев ҳуқуқ-тартибот тузилмалари сайлов жараёнида вазиятнинг мураккаблашиб кетишига йўл қўймасликка қодир эканини билдирди:

- Аҳолидан тортиб олинмаган қуроллар сайлов пайтида вазиятни издан чиқаришда фойдаланилиши мумкин, деган хавотирлар бор. Аммо ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бунга йўл қўймаслик учун чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда, - деди Дуйшон Чўткараев.

Аснода хавфсизлик соҳаси экспертлари қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг апрел ва июн воқеалари пайтида аҳоли қўлига 1500 мингга яқин ўқотар қурол ўтиб кетгани ҳақидаги маълумотига шубҳа билдирадилар. Айрим таҳлилчилар тартибсизликлар пайтида аҳоли томонидан ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларидан 5 мингдан 10 минггача қурол тортиб олинган, деган тахминни ҳам билдирганлар.
XS
SM
MD
LG