Линклар

Тожикистонда хоинликда айбланган еттовлон қамалди

  • Гулнора Равшан

Хатлонда судланганларнинг айримлари исёнчи полковник гуруҳида бўлгани айтилмоқда.

Хатлонда судланганларнинг айримлари исёнчи полковник гуруҳида бўлгани айтилмоқда.

Тожикистон жанубида полковник Маҳмуд Худойбердиев ва собиқ вазир Салим Ёқубовнинг тарафдорлари 14 йилданга озодликдан маҳрум этилди.

Ватанга хиёнат қилганликда айбланиб, бири Интерпол қидирувида бўлган ва бошқаси эса узоқ йиллик қамоқ жазоси олган собиқ дала қўмондонлари Худойбердиев ва Салимов тарафдорлари устидан ҳукм ўтган ҳафта сўнгида ўқиб эшиттирилди. Аммо Хатлон вилоят маҳкамаси бу борада оммавий ахборот воситаларини янги ҳафта бошида хабардор қилди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган суд ҳукмига биноан Умарали Қурбонзода, Саидқул Эшонқулов, Қудратулло Қодиров, Шамсиддин Ғуломов, Ражабали Ғафуров, Тўрахон ва Ҳокимжон Донаевларнинг ҳар бири 14 йилданга кесилди.

Хатлон вилоят прокуратураси уларни Тожикистон Жиноят Кодексининг 5 моддаси, жумладан, ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик, бандитизм, жиноий гуруҳ тузганлик, зўрлик йўли билан давлат тўнтаришга уринганликда айблади.

Мазкур иш юзасидан маҳкамага раислик қилган Тоҳир Ҳамзаев Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда суд жараёнида эълон қилинган айбловлар ўз исботини топганини маълум қилди.

Исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев ва Тожикистон Ички ишлар собиқ вазири Салим Ёқубов тарафдорлари экани айтилаётган бу етти нафар шахс устидан суд ҳукми республикада олтин авф тўғрисидаги қонун амалда татбиқ этилаётган бир пайтда ўқилди.

Судланганларнинг яқинлари ва адвокатлари етти нафар шахс ҳам амнистияга тушишига умид қилганларини айтади.

Аснода судя Тоҳир Ҳамзаев ҳукм чиқариш чоғида айбланувчиларга нисбатан авф тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилинганини ва шу боис уларнинг ҳар бирига белгиланган жазо муҳлати икки йилданга қисқартирилганини билдирди.

- Суд жараёнида эълон қилинган айбловлар ўз исботини топди. Прокурор судланувчиларнинг ҳар бирига 18 йилданга жазо тайинланишини сўради. Суд ҳакамлари уларга 16 йилданга жазо белгилади. Аммо, “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 13-бандига мувофиқ, уларнинг жазо муҳлати икки йилданга қисқартирилди. Ҳар ҳолда, судланганлар ҳам, прокурор ҳам ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун давомида Хатлон вилоят суди ҳукми юзасидан Олий судга ариза бериш ҳуқуқига эгалар, - деди судя Тоҳир Ҳамзаев.

Судя жаноблари маҳкама чоғида судланувчилар ҳақ-ҳуқуқлари таъмин этилганини таъкидлади. Хатлон вилоят суди ҳукми устидан 5 сентябр куни Тожикистон Олий судига кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилган адвокатлар эса суд ҳакамлари судланувчиларнинг баъзи жиноятлар юзасидан пушаймонликлари ва уларнинг гуноҳсизлигини исботловчи айрим далилларни инобатга олмаганидан шикоят қилдилар.

Адвокат Саиджаббор Алиев ўз ҳимоясидаги Қудратулло Қодиров гуноҳсиз эканини даъво қилади. Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда бу авдокат ҳимоясидаги Қудратулло ўнлаб тожикистонлик ёшлар сингари ихтиёрсиз равишда Худойбердиев гуруҳига қўшилиб қолганини, хатосини тушиниб етгач эса, унинг гуруҳидан ажралиб, қишлоғига қайтганини айтади. Адвокат Алиев маҳкамада бунга оид деталлар ишончли далиллар билан исботланганини қўшимча қилди.

Айни пайтда Хатлон вилоят прокурори ёрдамчиси Исматулло Расулов ҳозирча суд ҳукми билан танишиб чиқмаганини ва ҳукм билан рози бўлиш- бўлмаслик ҳақида аниқ фикр билдира олмаслигини айтди.

- Аммо ҳукм билан танишгач, адвокатлар қаторида биз ҳам кассация тартибида ариза ёзишга ҳақлимиз. Биз ҳакамлардан судланувчиларга 18 йилданга жазо тайинланишини сўрагандик. Чунки улар содир этган жиноятлар жамият ва давлат учун хавфлилиги исботлаб берилди. Улар зўрлик йўли билан давлат тўнтариш уюштирмоқчи эдилар. Шу боис бу етти нафар узоқ муддатларга жамиятдан изоляция қилиниши зарур, - дейди Хатлон вилоят прокуратураси масъули Расулов.

Тергов гуруҳи иддаоларига кўра, Умарали Қурбонзода, Саидқул Эшонқулов, Қудратулло Қодиров, Шамсиддин Ғуломов, Ражабали Ғафуров, Тўрахон ва Ҳокимжон Донаевлар 1998 йил ноябрида Хўжанд шаҳрида ҳукуматга қарши ҳужумда қатнашган. Бироқ ҳукумат кучларига енгилгач, уларнинг ҳаммаси Маҳмуд Худойбердиев бошчилигида Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Аснода судланганларнинг яқинлари авф тўғрисида қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, 1997 ва 1998 йиллардаги исёнларда қатнашганларнинг ҳаммаси амнистия қилиниши кераклигини, аммо Хатлон вилоят маҳкамаси эса бу етти фуқарога нисбатан ўта адолатсиз ҳукм чиқарганини айтмоқдалар.

Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган авф тўғрисидаги қонун кучга кирган кундан буён сўнгги ўн кун давомида 1997 ва 1998 йилларда Хатлон вилояти, Душанбе ва Хўжанд шаҳарлари ҳамда Рудакий, Шаҳринав, Ҳисор ва Варзобдаги қуролли тўқнашувларда қўли борликда айбланиб, узоқ йилларга қамалган қирққа яқин маҳбус озодликка чиқарилди.
XS
SM
MD
LG