Линклар

"Энди шартнома тузмасдан ишламаймиз"


Москвадаги 311-ўрта мактаб (суратда) директори Андрей Безродних ўзбек қурувчилари ишига нисбатан мутлақо эътирози йўқлигини айтади.

Москвадаги 311-ўрта мактаб (суратда) директори Андрей Безродних ўзбек қурувчилари ишига нисбатан мутлақо эътирози йўқлигини айтади.

Москвада ишлаб, икки ойлик иш ҳақини ололмаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири Озодликка қўнғироқ қилди.

30 ёшли бухоролик Жамшид ҳам ўз ҳамюрти, ҳам иш берувчи ташкилот томонидан алданганини гапириб берди.

- Мана бу ердаги ётоқхонада бир йигит билан танишиб қолдик. У “Строителная компания “Плато”га ишлашини гапирди. Бошлиғи Армен Мартиросян экан. Менга бир куни телефон қилди ва “Началник объект олди, келинг, бирга ишлаймиз”, деди. Мактабда иш бошладик, икки ой тўлиқ ишладик. Питаниега минг-икки минг бериб турарди. 12 киши ишлаб, бизга тегишли бўлган ишни тугатдик. Мактабнинг ҳар бир хонасини ремонт қилдик, краска, потолок ишлари, линолеум тўшадик. Умуман, ўқувчилар ўқийдиган класс қилиб бердик. Ҳисоб-китобга келганида “Эрта бераман, индин бераман", деб ваъда бериб юрибди. Ҳозиргача пулни бергани йўқ “Женяжон подожди, подожди”, деяпти, - дейди ишчилар бригадири Жамшид.

Унинг сўзларига кўра, “Плато” фирмаси раҳбари Мартиросян билан Жамшидни таништирган самарқандлик йигит биринчи ойнинг иш ҳақини олиб, жуфтакни ростлаган.

- У боланинг исми Абдураимов Юнус Абдуллаевич, 1979 йилда туғилган, Самарқанд вилояти Ургут тумани Қоратепа селсовети Калтатой қишлоғига туради, - дея иш ҳақининг бир қисмини ўмариб кетган йигитнинг исм-шарифини айтди алданган Жамшид.

Вазият билан яқиндан танишиш мақсадида “Плато” қурилиш компаниясининг Интернетда кўрсатилган расмий манзили бўйича излаганимизда, у ерда оддий ётоқ уйи жойлашгани ва у ерда ҳеч қанақа ширкат бўлиши мумкин эмаслигини аниқланди.

“Кўринмас” ташкилотнинг телефон рақамлари бўйича қўнғироқ қилдик. “Ташкилотингизнинг манзили қанақа?” деган саволимиз негадир гўшакни кўтарган котибанинг жаҳлини чиқарди.

- Сизга нима керак ўзи? Армен Власович билан гаплашмоқчимисиз? Ўз телефонингизни қолдириб кетаверинг. Келиши биланоқ, мен унга бериб қўяман ва ўзи сизга қўнғироқ қилади, - дея жаҳл қилди котиба қиз.

Интернет, албатта, буюк кашфиёт. У ерда сизнинг нафақат қилган ижобий ишларингиз, балки қўйган ҳар бир нотуғри қадамингиз тоабад сақланиб қолади.

Аниқланишича, “Плато” қурилиш компанияси нопок фаолият юритиб келаётган ширкатлар қора рўйхатидан аллақачон жой олиб бўлган.

“...Бу фирмани суваракка ўхшатиб мажақлаб ташлагим келаяпти, айниқса, зиқна директорини! Эҳтиёт бўлинг, бу бюджет ташкилоти эканлигига қараманг, улар сизга ваъдаларни бериб алдаб кетади!!!”, дея хитоб қилади 2010 йилда ширкат томонидан алданганлардан бири.

Мартиросян фирмаси жорий йилнинг январ ойидан йирик қарзлари мавжуд ташкилотлар устидан назорат қилувчи “Ростнадзор” агентлиги қора рўйхатига ҳам киритилган экан.

Демак, “Плато” нафақат Жамшид ва унинг йигитлари, балки йирикроқ ва қудратлироқ ташкилотларни алдаган.

“Антижоб” сайтининг келтирган маълумотига кўра, “Плато” ширкати мактаб, боғча, тиббий муассасалар бинолари таъмирига эълон қилинган тендерларда иштирок этиб, энг арзон смета ҳисобига доимо ғолиб чиқар экан.

Москванинг Шимоли-шарқий округига қарашли 311-сонли ўрта мактаб директори Андрей Безродних Жамшид бошқараётган ишчилар бригадаси мактаб синфхоналарини жуда аъло даражада таъмирдан чиқарганини тасдиқлади.

Мактаб раҳбари “Плато” фирмаси директори Мартиросян тендерни бошқа ширкатлар таклиф этган нархдан 40 фоизга тушириш орқали ютгани сабабларини Озодликка тушунтириб берди.

“Қурилиш фирмаси директори Мартиросян иш ҳақини бермасдан уч кунда бир ишчиларни янгилаб турган”, дейди Андрей Безродних.

- Мен булардан эшитдимки, у мутлақо маош тўламасдан келган. Ваҳоланки, бажарилган иш учун пул аллақачон ўтказилган. Айтишим зарурки, бу йигитлар ўз вазифаларини аъло бажарди, мактабни жуда яхши таъмирдан чиқаришди. “Плато” директори олдин ҳам биз билан ишлаган. У ишчиларни тез-тез алмаштириб туриши сабабларини мен ўзим энди англаб етяпман. Ахир у кунора Ярославка шоссесида иш излаб юрган мардикорларни олиб келиб ишлатарди, бирор баҳона топиб 2-3 кундан кейин ҳайдаворарди, - дейди мактаб директори.

Безродних алданган ўзбек йигитларининг иш ҳақини ўзи талаб қилиш ниятида Мартиросянга қилган қўнғироғи жавобсиз қолаётганини қўшимча қилди.

У ҳозирда “Плато” ташкилоти билан ҳар қандай шартномалар бекор қилингани ва мактабдаги ремонт ишларига бошқа ширкат жалб қилинганини маълум қилди.

Безродних фикрича, эндиликда мактабни шартномасиз ремонт қилган ўзбек мардикорларининг 450 минг рубл меҳнат ҳақини беришдан бош тортаётган Мартиросян жаноблари билан прокуратура ва бошқа назорат органлари шуғулланиши керак. Бироқ бунинг учун алданган мардикорларнинг ўзлари ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишлари керак экан.

Армен Мартиросяннинг қўл телефонига қилган қўнғироқларимиз ҳам жавобсиз қолди.

Айни пайтда бу иш бўйича адвокатларга мурожаат қилган Жамшид эса биринчи маротаба бундай алдангани ва қиссадан ҳисса чиқарганини айтади.

- Хулоса шуки, ҳеч қачон ишонмаган одам билан ишламаслик керак, ҳеч қачон қоғоз-шартнома тузмасдан ишламаслик керак. Бўлмаса охири хайрли бўлмайди, - дея хулоса қилди Жамшид.

Бухоролик бригадир Мартиросян муроса йўлини тутиб, ўзбекистонлик қурувчиларга иш ҳақини бермаган тақдирда назорат органларига мурожаат қилишини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG