Линклар

logo-print

Ўзбек лидерлари Келдибековни судга берди

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон парламенти спикери Ақматбек Келдибеков.

Қирғизистон парламенти спикери Ақматбек Келдибеков.

Қирғизистон республикаси Ўзбек миллий-маданий маркази етакчилари суд орқали парламент спикери қарорининг бекор қилинишига эришмоқчи.

Бу ҳақда Озодликка аризачилар адвокати, бишкеклик юрист Игорь Трофимов маълум қилди.
Адвокатга кўра, Қодиржон Ботиров, Жалолиддин Салоҳиддинов, Иномжон Абдурасулов ва бошқалар суддан парламент спикери Акматбек Келдибеков Ўш воқеалари юзасидан имзолаган қарорни бекор қилишни сўраган.

Адвокат Игорь Трофимовнинг Озодлик мухбирига айтишича, Қодиржон Ботиров ва миллий марказ бошқа фаолларининг аризаси Бишкек шаҳар Биринчи май туман судига топширилган. Яна бир ариза Биринчи май туман прокуратурасига топширилган, бу идора аризани, ўз навбатида, Бош прокуратурага жўнатган.

Аризалар мазмуни ҳақида гапирар экан, адвокат Трофимов парламент қарорини назарда тутиб, бундай деди:

- Қарорда, тилга олинган миллий марказ аъзолари, суд ҳукми чиқмай туриб айбдор, деб эълон қилинган. Бу эса ғайриқонуний ишдир. Суд ҳукми чиққунига қадар ҳеч кимни айбдор, деб ҳисоблаб бўлмайди, бу Конституция талабидир, - деди адвокат Игорь Трофимов.

Гап шундаки, 2010 йил июн воқеаларини текширган депутатлик комиссияси иши юзасидан Қирғизистон парламенти қарори 16 июн куни эълон қилинган эди.

Ҳужжатда 2010 йил май-июн ойларида Ўш шаҳри, Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган фожиавий воқеаларнинг асосий ташкилотчилари ва айбдорлари сифатида ўзбек лидерлари номлари келтирилган, хусусан, Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Жалолиддин Салоҳиддинов, Кароматхон Абдуллаева, Озодбек Кароматов, Муҳаммадрасул Абақжонов, Халилжон Худойбердиев (ЎшТВ), Жавлонбек Мирзахўжаев (МезонТВ), Улуғбек Абдусаломов, Аъзамжон Акбаров “миллатчилик ва айирмачилик ҳаракатларига алоқадор” шахслар сифатида тилга олинганди.

Парламент қарорида номлари келтирилганлар ўтган йилги қонли воқеалар учун “айбдор деб ҳисоблансин” ёзиб қўйилган.

Ботиров ва бошқалар парламент спикерини судга бергани тўғрисида хабар пайдо бўлганидан кейин Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири парламент комиссияси раиси, депутат Тўқўн Мамитовга бир неча савол билан мурожаат қилди.

Унинг айтишича, Ботиров айбдор ва ариза билан судга мурожаат қилгани айбдор эканлигига яна бир далилдир.

Тўқўн Мамитовнинг фикрича, агар Қодиржон Ботиров ва унинг қаторидаги бошқа ўзбек лидерлар агар ўзларини айбсиз, деб ҳисобласалар, Қирғизистонга қайтиб, терговчиларга, судларга ўзларининг айбсизлигини исботлашлари лозим.

Кези келганда шуни айтиш керакки, Қодиржон Ботиров ва бошқа бир неча ўзбек устидан шу йил баҳорда Жалолобод вилоятида судлов бошланган, 29 апрел, 4 май, 11 май, 4 июл, 13 июл, 22 июл кунларига белгиланган суд мажлислари адвокатлар ва асосан жабрланувчилар судга келмагани туфайли кейинги санага қолдирилаверган эди.

Шу кунда ўзбек лидерлари устидан бошланган судлов қачон давом эттирилиши ноаниқ. Жалолобод вилоят прокуратураси жабрланганларни излаш билан овора.

Жўғўрқу Кенеш спикерини судга берган Қодиржон Ботиров мамлакат парламентининг экс-депутати, республикадаги энг бадавлат тадбиркорлардан биридир.

1 сентябр куни маълум бўлишича, Жалолободдаги Ботировга қарашли ва унга алоқаси бўлган 25 та объект Жалолобод туманлараро судининг 25 май кунги қарори билан ҳибсга олинган.

Ботировнинг музлатиб қўйилган мулклари орасида Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети, заводлар, автокорхоналар, ер майдонлари, бозорлар, дўконлар ва бошқалар бор.

Мана шундай шароитда Ботиров ва Ўзбек миллий марказининг бошқа бир неча фаоли парламент спикерини судга берди.

Хўш, бундан бир иш чиқадими?

Бу саволни Ўш воқеалари давомида анча холис позицияда турганлиги билан танилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасуловага бердик.

- Мазкур ишнинг ривожи қандай бўлиши тўғрисида бир нарса дейишга ҳали эрта. Лекин ариза барибир кўриб чиқилиши лозим. Кўрилганда ҳам ошкоралик таъминлаши керак, токи журналистлар жараён тўғрисида маълумотга эга бўла олсин.

Иккинчи томондан, шуни ҳам унутмангки, Ақматбек Келдибеков бугунги кунда ҳам депутат, ҳам спикер сифатида дахлсизлик мақомига эга, - деди Азиза Абдурасулова. .

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG