Линклар

logo-print

"Фоҳишаликка зўрланган қизлар туҳматга қоляпти"

  • Барно Анвар

Бир неча йил муқаддам Индонезия полицияси томонидан Жакартада қўлга олинган ва Ўзбекистонга депортация қилинган бу қизлар алдов билан хорижга олиб кетилган минглаб қиздан уч нафари, холос.

Бир неча йил муқаддам Индонезия полицияси томонидан Жакартада қўлга олинган ва Ўзбекистонга депортация қилинган бу қизлар алдов билан хорижга олиб кетилган минглаб қиздан уч нафари, холос.

Одам савдогарлари қўлида фоҳишалик қилишдан қочган хоразмлик бир неча аёл одам савдосида айбланмоқда.


Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаат қилган ва асл исмини жамоатчиликка ошкор қилмасликни сўраган беш аёл шу кунларда Хоразм ва Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан одам савдосига алоқадорликда айбланмоқда.

Бу аёллар Ўзбекистондаги уюшган жиноятчи гуруҳнинг алдови билан Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Ҳиндистонга сотиб юборилгани, сўнгра у ёқдан Ўзбекистонга қочиб келганини айтмоқда.

Ташкилот етакчиси Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, Хоразм вилояти Шовот туман суди ва Бухоро вилоят судида кўрилаётган иш аслида қизларнинг ҳимоя излаб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаати асосида қўзғатилган эди.

- Ўша қизлар айтаяптики, уларни олиб кетган йигит ўзи Нукусдан. Исми Шуҳрат. Унинг онаси ҳам одам савдоси бўйича айбланиб, қамоқда ўтирибди ҳозир. Шуҳрат қизларни Дубайга олиб кетган. Менга мурожаат қилган қиз яна учта қиз билан жами 27 минг долларини унга беришган экан, - дейди Ҳ.Ёқубов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қочиб келгандан кейин қизлар бу йигитни излаб топган, лекин пулини ундира олмагандаи боис судга шикоят қилган.

- Ўзбекистон суди буларни қараб чиққандан кейин Шуҳратни эмас, жарбланган қизларнинг ўзини ëмон отлиққа, гуноҳкорга чиқараяптида. Бу аёллар ўзларни алдаб олиб кетишганини исботлаб беришган бўлса-да, суд уларнинг арзини инобатга олмаяпти, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Хоразм ва Бухоро вилоятидаги номи тилга олинган судлардан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, гарчи кейинги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноятга қарши курашаётганини иддао қилаётган, расмий ахборот воситалари эса бу жиноятда айбланган фуқаролар устидан судларни намойиш қилаётган бўлса-да, аслида бу борадаги вазият жуда аянчлидир.

- Менинг кузатувимча хорижга иш излаб кетаётган ва одам савдогарлари қўлига тушиб қолаётган аёлларнинг 65 фоизи алданмоқда, - деб тахмин қилади ҳуқуқ фаоли.

Биз "Нажот"га мурожаат қилган аёлларнинг уч нафари билан ҳам гаплашишга уриндик. Аммо, ҳозирча бунинг имкони бўлмади.

Улардан икки нафарининг тақдири номаълум қолмоқда. Яна бири эса Россияга кетган.

Бу қизлар ўзлари босиб ўтган азобли йўл ҳақида қилган ҳикояларидан баъзиларини Ҳайитбой Ёқубов қисқача бизга сўзлаб берди.

- У ёқдан қочиб келган шу беш қиз алдов йўли билан ресторанларга, тозалаш ишларига, посудомойкага, деб олиб кетилган. Айнан мен билан гаплашганларнинг иккитасини Қозоғистон, учтасини Қирғизистон орқали олиб кетишган экан. Ҳатто, сопровождаюшийлари борлиги, масалан Хоразмдан Бухорогача, Бухородан Тошкентгача, Тошкентда бир жойга тўпланиши, кейин Қирғизистонга бориши, у ерда ҳам чегара районда тўпланиши, маълум бир пайтда чегарадан ўтказиб қўйишганини гапириб беришди.

Озодлик: Яъни бутун бошли система ишлаяпти?

- Ҳа. Ҳатто, чегаранинг ўзида шунақа нарсалар бўлган эканки, тушуниб етганлар орқага қайтишга ҳаракат қилишса, дўппослашган, азоб беришган, қийнашган. Ҳатто, носилкада ҳам олиб ўтишган чегарадан, - дея Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятни тилга олди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, жиноятчи гуруҳ сафида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

Ҳуқуқ фаоли "Нажот"га мурожаат қилган яна бир қизнинг ҳикоясини қисқача тилга олар экан, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд, БАА каби давлатларда, асосан, ўзбек аёлларининг зўрлик билан фоҳишаликка мажбурлайдиган гуруҳлар қўлида қул бўлиб қолаётгани асл сабабларидан бири — уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги ва аксарият ҳолларда, уларнинг хориждаги Ўзбекистон дипломатик корпуслари томонидан ҳимоя қилинмаслигидир.

- Яна битта Ҳуснобод деган қиз Ҳиндистондан келган. У ҳам тўрт марта қочмоқчи бўлган. Кейин яхши одамга учраган. Шу киши пул бергандан кейин бу қайтиб келган. Ҳиндистонда қамоқда ўтирганда бизнинг аëллар билан танишиб олган экан. “Фақат хоразмликлардан 18тасини биламан” деб менга айтди.

Туркиядан келганлар ҳам бор. 31 нафар қизимиз қамоқда ўтирганини, агар қўларидан пули бўлса, қамоқдан чиқиб кетишларини, уларнинг оилалари Ўзбекистонда қийинчилик билан кун кечираëтгани, уларнинг ҳам пули йўқлиги, кўп одам ҳуқуқий ëрдамга муҳтож эканлигини бизга гапириб беришган, - дейди ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG