Линклар

logo-print

Тожикистонлик журналист Ўзбекистондан бадарға қилинди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистондан депортация қилинган Ҳомид Отахонов.

Ўзбекистондан депортация қилинган Ҳомид Отахонов.

Ўзбекистондан чиқариб юборилган тожикистонлик журналист инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш халқаро ташкилотлардан кўмак сўрамоқда.

Тожикистон фуқароси ва мустақил журналист, таржимон Ҳомид Отахоновнинг паспортига у жорий йилнинг 23 августида Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилганини исботловчи Бухоро шаҳар прокуратурасининг муҳри босилган.

Тожикистондаги нотинчликлар (1992 ва 1997-йиллар - таҳр.) сабабли аввал Москва шаҳрида, кейинчалик эса Бухорода яшаган тожик журналисти Ҳомид Отахонов Ўзбекистонга 2003 йили касалманд аёлининг қистови билан ўтганини, бир йиллик чоп-чоплардан кейин фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олганини айтади.

Отахоновнинг айтишича, у 2007 йилгача Тошкентда мустақил журналист сифатида фаолият юритган.

2009 йилда эса у Бухоро вилоятидаги “Тожик ва форс маркази”да маслаҳатчи сифатида ишга жойлашган.

Отахоновнинг айтишича, у Ўзбекистонда тожик тилида нашр қилинадиган рўзномалар билан ҳамкорликдан ташқари экология масалаларига оид лойиҳалар ҳам тайёрлаган.

- Ўзбекистондаги халқаро "Экосан" жамғармаси таклифи билан Сурхондарё экологияси билан боғлиқ мониторинг дастурини тайёрлаб топширганимдан кейин бир ой ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва хавфсизликнинг икки ходими Бухородаги уйимга бориб, оиламни сўроқ қилган. Мен бу борада Москвадаги ўзим аъзо бўлган халқаро ташкилотлардан бирига Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари мени таъқиб қилаётгани ҳақида ёздим. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан иккинчи тўқнашувимиз 2009 йилда бўлди. Бунга менинг Берлинда бўлиб ўтган халқаро семинарда қатнашишим учун виза берилмагани бўлди, - дер экан тожикистонлик фуқаро Отахонов ўшанда у икки милиция ходими кузатувида Бухоро шаҳар прокурори қабулига олиб борилганини қўшимча қилди.

Отахоновнинг гапларига ишонадиган бўлсак, ўша учрашувда Бухоро шаҳар прокурори Отахоновни “ўзбеклар ва тожиклар ўртасида низо қўзғаганлик”да айблаган.

Бунга эса на журналистнинг мақолалари ва на экология ҳақидаги лойиҳалари, балки тожикча паспортига виза босилмагани учун жамиятда шовқин кўтаргани сабаб бўлгани уқтирилган.

Мавзу юзасидан Бухородаги “Тожик-форс маркази” директори Саид Қулижонов билан телефонда боғландик.

- Бухорода тожик ва форс миллатига мансуб кишилар жуда кўпчилик. Бу ерда жамият ишларида фаоллари ҳам анчагина. Энди ҳар қанақа баҳона билан уларни мамлакатдан депорт қилаверса, ким қолади бу ерда? Мен Отахонов шикоятларида бирорта асос кўрмайман. Лекин, яхшиси, унинг депортация қилинганининг сабабларини ўша депортация қилган идоралар шарҳласа, яхшироқ бўларди, - дер экан Қулижонов Отахоновнинг Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилганини журналистлардан билганини қўшимча қилди.

Бухородаги “Тожик ва форс маркази” раҳбарининг тавсияси билан Бухоро шаҳар прокуратурасига ҳам қўнғироқ қилдик. Бироқ бу уринишларимиз ҳеч қандай натижа бермади.

Айни пайтда Душанбе шаҳрида яшаб турган Ҳомид Отахонов Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳамда журналистлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш мустақил ташкилотларига мурожаат қилиб, Бухорога – касалманд аёлининг ёнига қайтишга кўмаклашишни сўраган.

Аснода Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев Ўзбекистон ҳукумат расмийларининг бу қарори халқаро меъёрлар талабига зид эканини таъкидлайди.

- Ҳамкасбимиз Ҳомид Отахоновни бу ерда иш билан таъминлаш ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Лекин, шуни айтиш лозимки, қўшни республика ҳуқуқ-тартибот идоралари нафақат журналист, балки Ўзбекистонда яқинлари ҳолидан хабар олишни истаган ҳамма фуқароларимизни ҳурмат қилиши ва имконият бериши лозимдир, - дейди Нуриддин Қаршибоев.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси расмийси Қаршибоев Ҳомид Отахоновнинг Ўзбекистондан чиқариб юборилиши тожикистонликлар тақдирида илк бор кузатилаётган ҳодиса эмаслигини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Қаршибоевнинг айтишича, Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар ва журналистлар Ҳомид Отахонов ҳуқуқларини ҳимоялашга киришган.

Бироқ, Қаршибоевга кўра, Тожикистон ҳукумати ҳар вақтгидек бу борада сукут сақлашни афзал билмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG