Линклар

logo-print

Янгийўлликларнинг ваҳима қилишларига асос йўқ

  • Садриддин Ашур

Янгийўллик шифокорлар туманда вабо тарқалганига оид маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини таъкидламоқдалар.

Янгийўллик шифокорлар туманда вабо тарқалганига оид маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини таъкидламоқдалар.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўткир ичак касаллиги эпидемия тусини олмоқда. Баъзи интернет сайтлари бу касалликнинг вабо эканлиги ҳақида ёзмоқда. Бироқ соғлиқни сақлаш ташкилотлари мутасаддилари бу даъволарни бутунлай инкор этаяпти.

Янгийўлда тарқалган касаллик ҳақида Озодликка маълумот берган ва исми сир сақланишини сўраган манбага кўра, Янгийўл туманида катта ёшдаги одамлар ва болалар орасида тарқалган номаълум юқумли касаллик эпидемияга айланиб кетиши мумкин.

Озодлик илтимосига кўра, Янгийўл марказий касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига бориб, ҳақиқий манзарани кузатган янгийўллик Парпи Соҳибовнинг айтишича, вабо касаллиги ҳақида ҳеч қандай гап-сўз ҳам, ваҳима ҳам йўқ. Бироқ шундай касалликнинг пайдо бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида шифокорлар соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан огоҳлантирилган:

- Вабо тарқалиши мумкинлиги ҳақида гап бор экан. Лекин бу касаллик ҳали чиқмаган. Кимдир бу гапни тарқатган. Лекин, ука, мени тўғри тушунинг, уже ҳаммани предупредит қилиб қўйган, "шунақа хавф бор, агар чиқиб қолса, беш-олти одамга жой тайёр туриши керак" деб. Горздравдан шунақа топшириқ берилган экан. Мен ўзим шахсан бориб, кўриб келдим, - дейди Парпи Соҳибов.

Суҳбатдошга кўра, ўткир ичак касаллиги шаҳарда ва туманда кўпайганлиги боис унинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда:

- Бизда сув муаммоси жуда ёмон бўлаяпти. Кундузи бир-икки соат бериб ўчириб ташлаяпти. Домларда свет йўқ, сув йўқ. Менимча, болалар кўча-куйда газвода, қўлбола шарбат ичиб, шунақа касалга чалинган. Шу сабабдан ҳамма жойга карантин эълон қилиб, болалар огоҳлантирилаяпти. Мен мактабни ёнида яшайман, ўзимни қулоғим билан эшитдим, - дейди янгийўллик Парпи Соҳибов.

UzNews.net сайтининг ёзишича, Янгийўлда ҳар куни 30-40 одам вабо касаллиги билан касалхонага ётқизилмоқда, туман касалхонасида беморларга жой етказиб бўлмаяпти. Сайтга кўра, касаллик ўчоғи Бўзсув каналидаги сувда бўлган.

Бироқ ўзини Янгийўл шаҳар касалхонасининг юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Одил Баротович деб таништирган шифокор ўткир ичак касаллиги билан оғриган беморлар борлигини тан олар экан, вабонинг тарқалганини мутлақо рад этди:

- Ишонмасангиз, келиб жойида кўринг. Мен сизга кўрсатаман касалларни. Ҳеч қанақа холера, вабо деган нарса йўқ.

Озодлик: Бўлмаса қандай касаллик бу?

- Ëз пайтидаги ўткир ошқозон-ичак касалликларидан биттаси.

Озодлик: Бошқача номи ҳам борми?

- Ўткир ичак касалликлари деяпман-ку. Ҳеч қанақа ваҳимали жойи йўқ, - деди Янгийўл туман касалхонаси юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Одил Баротович.

Хабарларга кўра, туман ҳудудидаги мактаб, коллеж ва лицейларда санэпидстанция ходимлари ўткир ичак касалликларини олдини олиш учун профилактика ва тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG