Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

"Ўзбекларнинг тарбия усули нотўғри"


Бу гапни айтган жиззахлик Жасурбек оиласида туғилган баъзи муаммолар туфайли уйидан чиқиб кетганини айтади.

"Мустақил яшаб кўрмоқчиман"

Жиззахдан боғланган 18 ёшли Жасур исмли йигит уйидан чиқиб кетиб, мустақил ҳаёт бошлагани, бунга эса ота-онасининг ўзи танлаган касбни эгаллашига рози бўлмагани, шунингдек, оиласида туғилган баъзи муаммолар сабаб бўлганини сўзлаб берди.

- Ëшим 18 да. Уйдан қочиб кетганимнинг сабаби - дадам ишдан бўшади. Ўзи шундоқ ҳам уйда келишмовчиликлар бўлиб турарди. Юрагингиз сиқилиб кетади-ку барибир. Тўйхонага бориб гаплашдим. “Эртадан бошлаб ишхонага келасан, формангни олиб кел”, деди. Эртадан бошлаб ишга ўтаман. Просто ўзим мустақил яшаб кўрмоқчиман-да. Авваллари айтилганда "ўзбекларнинг тарбия усули нотўғри" деб. Умуман, тарбия усули нотўғри-да. Масалан, мен математикага қизиқаман. Келажакда математика ўқитувчиси бўлмоқчи эдим. Уйдагилар устимдан кулишди.

Озодлик: Нимага?

- Паст экан-да математика ўқитувчиси. “Обрўси ҳам, ойлиги ҳам паст. Келиб-келиб шунақа касб танлайсанми?” дейишди. Аксинча қўллаб-қувватлаш керак-ку.

Озодлик: Сиз нимага математика ўқитувчиси бўлмоқчисиз?

- Математика ўқитувчимиз бор эди. Менга ëқарди. Шунга ҳавас қилиб математика ўқитувчиси бўлмоқчи эдим.

Озодлик: Улар сизнинг ким бўлишингизни хоҳлашади?

- Врач.

Озодлик: Лекин сиз врач бўлишни хоҳламайсиз?

- Врач бўлишга тўғри келмайман, чунки қўлим қалтирайди.

Озодлик: Уйдагилар билан жиддий ўтириб гаплашиб кўрсангиз бўлмасмиди? 18 ëшга кирибсиз, катта йигит бўлиб қолибсиз.

- Ўзбекларга шунақа гапиринг-чи. Фарзанд ота-она чизган чизиғидан чиқмаслиги керак. Қайси ўқишга кириш ҳам ота-она, уйлантириш ҳам ота-она, ҳатто қанақа фарзанд кўришини ҳам белгилаб беради ота-она. Фикр бўлиши керак-ку фарзанднинг ўзида ҳам, - дейди судҳбатдошимиз Жасурбек.

Жасурбек ўзбек оилаларида фарзанднинг қарори ҳам инобатга олиниши лозим, деб таъкидлади суҳбат якунида яна бир бор.


"Дадамнинг пенсиясини беришмаяпти"

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан боғланган Шуҳрат Ашуров отасига бир умрлик ногиронлиги учун белгиланган нафақа асоссиз равишда бекор қилингани, арзу шикоятлардан сўнг қисқа муддатга тикланиб, яна бекор қилингани ҳақида сўзлаб берди ва нафақа, пенсия бериш тизими у яшаб турган вилоятда порахўрлик устига қурилгани ҳақидаги хулосаларини айтди.

- "Врачнинг ўзи билан гаплашиб кўрай" деб, врачнинг ўзи билан ҳоли учрашишга муяссар бўлдим. У: “Йил давомида даволанган ҳужжатларни олиб келиш имконияти борми?” деганди, “Бундай ҳужжатлар йўқ” деган эдим, врач: “Ундай бўлса, полвон, белни маҳкамроқ қилинг”, деди. “Тушунмадим, очиқроқ гапириш имконияти борми?” десам, “Ундай ҳужжатлар йўқ бўлса, 1 миллион сўм пул олиб келасиз”, деди. 1 миллион бериш имконияти бўлмади. “Умуман касал эмас, соғлом. Нафақаси тўхтатилсин”, деди. Соғлом бўлиб туриб, "касал" деб, пора бериб, нафақа олаëтган одамларни аниқлаб, кейин дадам мурожаат қилгандан кейин дадамни касал деб яна нафақа тайинлади.

Озодлик: Дадангиз қаерга мурожаат қилган эди?

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарë вилоят бўлимига. Яна дадамга нафақа тўғирлади-да. Пластик карта орқали берамиз, деган эди, дадам “Пул қилиб беринглар” дегандан кейин “200 минг сўм пул берасиз” дейишди. Дадам ваъда қилди, лекин 200 минг сўм бермади. Пулни олмагандан кейин яна нафақани тўхтатиб қўяяпти. Биз нима сабабдан тўхтатаëтганини райсобесдан бориб сўрасак, "корешоги йўқ" деган баҳонани кўрсатаяпти. “Нимага корешоги йўқ?” десак, “Райсобесда пожар бўлган” дейди. “Ëниб кетган бўлса, нима учун шу кунгача чиқариб келинадида, ўртада узилиб, яна нимага чиқараяпсизлар?” деса, “Дадангиз келиб илтимос қилган” дейди. “Биз ҳам илтимос қилсак чиқараверасизми? Давлатнинг ажратаëтган пули ўйинчоқ эмас-ку. Ким илтимос қилиб келса, чиқариб бериш керак деган жой қонунда йўқ-ку” дегандан кейин ҳеч қандай изоҳ бера олмади.

Озодлик: Ҳозир нима бўлди? Охир-оқибат дадангиз пенсиясиз қолдими?

- Ҳозирги кунда яна ҳам тўхтатиб қўйишди, - дейди чироқчилик Шуҳрат Ашуров.


"Корея Россиядан яхшироқ"

Жанубий Кореядан боғланган сурхондарёлик меҳнат муҳожири Файзулло Жаҳонгиров Россияда ҳандалак экиб юрган фарғоналик 54 ёшли деҳқон Расулжон ака билан ўз шароитини қиёслаб баъзи фикрларини тилга олди.

- Розичилиги бу ерда шароити яхши биринчидан. Одамнинг ҳуқуқи поймол бўлмайди бу ерда. Ойлик тарафидан ҳам, фойда тарафидан ҳам яхши. Ойликлари катта. Долларга ҳисоблаганда 2000-2500, ҳозир Кореяда энг кам иш ҳақи 1000 доллар. Ишчиларнинг ҳуқуқи корейсларнинг ҳуқуқи билан тенг. Ишлатади, иши вредний бўлиши мумкин, лекин яхши-да. Оз ишлаб кетса бўлади. Кеча сизларнинг радиода чиқди - элликдан ошган отахон Россияда юрган экан кетмон кўтариб.

Озодлик: Ҳандалак эккан амакини айтаяпсизми?

- Ҳа. "Саккиз йилдан бери юрибман, ўғлимни ўқишга солдим, тўй қилдим", дейди. Бу ерда саккиз йилда, эҳҳе, қанча нарса қилиб юборса бўлади-ку. Саккиз йил Россияда юриб шу ишни қилибди. Россияга қараганда Корея 70-80 фоизга яхши.

Озодлик: Лекин Кореяга боришга ҳамманинг ҳам имкони бўлмайди-да. Озгина маблағ керак шекилли Кореяга боришга.

- Ҳозир тест орқали келаяпти. Фақат самолëт пулини тўлайди.

Озодлик: Сизга қанча кетган?

- Менинг келишимга самолëт пули, ҳаммаси бўлиб 2 миллионча кетган.

Озодлик: Ҳозир келаëтганларга қанча кетаяпти?

- 2,5-3 миллион атрофида кетса керак. Лекин бир тарафи бор, шу Кореяга келаëтган ўзбек аëллари, қизларига ичим ачийди-да. Бугун ҳам кўрдим. Заводимизга биттаси келибди. Эрга тегиб келган экан-да, қочиб кетибди экан. Энди у нолегалда.

Озодлик: Корейсга текканми?

- Ҳа. Корейслар ўзбекларни бундай олганда хотин сифатида олмайди-да. Икки ойми, уч ойми хотин қилиб, қўйиб юборади. Қўймаса ҳам ўзи қочиб кетади. Аëллар учун бўлмайди бу ер. Озодликка кирадиган, ўқийдиган қизларга, аëлларга айтсангизлар - Кореяга эрга тегишга, Кореяга келиб ишлашга қизиқмаса, дейман-да, - дейди Жанубий Кореядан боғланган сурхондарёлик меҳнат муҳожири Файзулло Жаҳонгиров.


"Чегарачиларимиз қариндошимни қийнашибди"

Қоғозистонда ишлаб юрган наманганлик деҳқон эса қозоқ-ўзбек чегарасидаги куни кеча содир бўлган воқеани тилга олиб, яна бир бор ўзбек чегарачиларнинг қонунга зид ҳаракатларидан шикоят қилди.

- Бир кеча чегарадан одам ўтказгани борган эдик Қозоғистонга.

Озодлик: Сиз ўзи доим одам ўтказиб юрасизми?

- Йўқ, ўзимнинг сингилларимни, қариндош-уруғларимни ўтказишда қийнади-да.

Озодлик: Қайси чегара постидан?

- Яллама. Совғани олиб олишди "мумкинмас" деб.

Озодлик: Қанақа совға эди у?

- Холодний оружие - пичоқ эди.

Озодлик: У пичоқни сингилларингиз олиб келаëтганмиди?

- Олиб келаëтганда ëзилган.

Озодлик: Ким олиб қўйди у совғани?

- Ўзбекистонники.

Озодлик: Фақат шу совғаларни олиб қўйди, холосми?

- Совғани олиб қўйган, ўзини қийнаган. Биттасидан тилла чиққан экан. "Гувоҳлик берасизлар", у-бу деб қийнабди-да.

Озодлик: Булар хоҳламаса ҳам мажбурлаб олиб кетиб, гувоҳлик олдирган...

- Паспортини олиб олган. Бошлиғининг олдига олиб чиқиб кетган.

Озодлик: Неча соат қолиб кетган чегарада?

- Тўрт соат.

Озодлик: Охири нима бўлди?

- Чиқди. Бу ëқдан Қозоғистон таможнялари телефон қилиб, олиб чиқишди. Қозоғистон таможняси зўр, одамлари зўр. Деҳқончилик қиламан мана шу ерда тўрт йилдан бери. Яхши яшайман. Ўзимнинг қишлоғимдагидай юраман. Одамлари яхши. Ҳеч ким ҳеч нарса демайди, -дейди Қоғозистонда ишлаб юрган наманганлик деҳқон.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG