Линклар

Қочқинлик олиш учун Ўзбекистон "бренд" давлатга айланмоқда


Францияда чиқадиган нуфузли “Le Monde”рўзномаси асли ўзбекистонлик бўлган Анастасия Тревогина Франциядаги 10 йиллик ҳаёти ортидин бу мамлакатда фуқаролиги йўқ шахс деб топилгани ҳақдаги мақолани эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, Анастасия Францияда 25 ёшигача фақат Ўзбекистонда берилган туғилганлик гувоҳномаси билан яшаб келган.

У ота-оналари Ўзбекистонда мухолифат аъзолар бўлганликлари учун Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишгани, ҳатто отаси Францияга кетишдан олдин бир муддат қамоқда ҳам ўтириб чиққани ҳақда “Le Monde” мухбирига сўзлаб берган.

Анастасиянинг ота-оналари сўнгги ўн йил мобайнида Францияда сиёсий бошпана олиш учун зўр бериб ҳаракат қилар экан бу давр ичида у француз мактабини ҳам тугатди, бакалавр унвонини ҳам олди, фарзандлик ҳам бўлди.

Лекин Анастасияни ҳам уни ота-оналарини ҳам Франция қочқинлар масаласи бўйича бошқармаси сиёсий қочқин мақомига лойиқ деб топмади.

Анастасия отаси Ўзбекистонда мухолфат аъзоси бўлгани ва таъқиблар боис бу мамлакатни улар тарк этишга мажбур бўлганини айтган, лекин қайси мухолифат гуруҳи аъзоси бўлгани ва қандай фаолият қилгани, Ўзбекистонда ҳаёти учун қандай хавф бўлгани ҳақда ундан аниқ жавобни олмадик.

Анастасия билан суҳбатлашган “Le Monde” рўзномаси мухбири Анаис Лобе қўрқув боис ўзбек журналистларига гапириш истаги йўқ эканини айтди.

Балки Анастасиянинг ота-оналари ҳақиқатан ҳам ўзбек мухолифати сафида бўлгандир ва Ўзбекистонда таъқибларга учрагандир, лекин ўзбек ҳуқуқ фаоллари ҳам мухолифат аъзолари ҳамда журналистлар ҳам бунақа одам мухолифат сафларида бўлганини эслай олишмади.

Францияда бошпана топган танқили ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Анастасия Тревогина ҳақда бирон нарса дея олмаслиги, лекин сўнгги пайтларда ўзларини ўзбек режими жабрдийдаси этиб кўрсатиб, қочқинлик мақоми олишга уринаётганлар ва шундай урунишлар бўлаётгани бор гап эканини айтади.

“Ўзбекистондаги режим туфайли, Ўзбекистондаги режимнинг қанчалар даражада қаттолиги сабабли ўзбек ҳукумати дунёга қанчалик танилмасин, ёлғон мухолифатчи, ёлғон жабрдийдалар сони ҳам кўпаймоқда ва мени ўзим бундай холатларга кўп гувоҳ бўлдим.

Бу албатта ҳаққоний жабрланганларга ҳам кейин алдаётган бўлиши мумкин деган гумон билан уларга қочқинлик мақоми берилиши жуда қийинлашиб кетяпти”, - дейди Тожибоева.

Икки йил аввал Халқаро Амнистия ташкилоти Британияда яшаб келган ўзбекистонлик Манукянлар оиласини мамлакатга қайтариб юборилишига қарши кампания бошлаган эди.

Нонна ва Арсен Манукянлар насроний динида бўлгани ва Ўзбекистонда радикал исломий гуруҳлар улар ҳаётига хавф солаётгани боис бу мамлакатдан Британияга қочганликларини айтишган.

Лекин, Британия полицияси уларга бошпана бермаган эди. Шунда ҳам Британия полицияси уларда арман фуқаролиги борлигини аниқлаб, уларни Арманистонга депорт қилишга қаррор қилганди. http://blogs.amnesty.org.uk/blogs_entry.asp?eid=5493

Берлиндаги Ўзбек-Немис форуми раҳбари Умида Ниёзова қаттол режим мавжудлиги боис Ўзбекистон сўнгги йилларда одамларга чет давлатлардан бошпана олишлари учун ўзига хос “бренд” давлатга айланиб улгурганини айтади.

“Бошапана сўровчилар шу қадар кўпки. Кўпчилик Ўзбекистон шундай қаттол давлат, у ерга қайтариб юбориш ўлим билан баравар эканини пеш қилиб сиёсий қочоқ статусини олишяпти”, - дейди Ниёзова.

Сўнгги йилларда Швеция Ўзбекистонда кўп қочқинларни ўз бағрига олди. Швеция ҳукуматининг Миграция ва қочқинлар масаласи бўйича идораси матбуот вакили Линда Барри қочқинлик мақомини олиш учун фақат Ўзбекистондан бўлиш кифоя эмас, Ўзбекистондан келганларга қочқинлик мақомини олиши осон, деган тушунча нотўғри эканини айтади.

- Бу ерга келувчилар шунақа деб ўзларича ўйлашса керак. Лекин, Швеция қонунлари барчага бирдай таалуқли ва муҳтож одамларгагина, яъни ватанида хавф борлигини улар исботласагина қочқинлик мақоми берилади. Швеция қочқинлик мақоми бериш сиёсати шундайки, одамнинг қаердан келганига қараб эмас, балки муаян одамнинг холати алоҳида ўрганилиб, қочқинлик мақоми олишга қандай мухтожлигига қараб берилади”, - дейди Линда Барри.

Швециялик журналист Элин Йонсон ўзбекистонлик қочқинлар масаласи билан кўп шуғулланган.

“Ёлғон, асоссиз маълумотлар билан сиёсий бошпана олишга уринишларга мен ҳам гувоҳ бўлганман. Лекин, у одамга қочқинлик мақоми берилиши керак, бунисига берилмасин, деб мен айтаолмайман. Қолаверса, мен кимнидир Ўзбекистонга қайтариб юборилишига ҳам қаршиман. Чунки, ҳар бир одам бу ерга келар экан яхшироқ яшаш умидида келади”, - дейди Йонсон.

Францияда яшаш ҳуқуқини ололмай сарсон бўлаётган ўзбекитсонлик Анастасия Тревогина тақдирига қайтсак. Мавҳумлик қаршисида қолган Анастасия ҳозир иккинчи фарзандига хомиладор. Қизи Александра олти ёшда.

Анастасиянинг отасини Францияда яшашга ҳаққи йўқ, деб Россияга депорт қилишди.
XS
SM
MD
LG