Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:55

Телевизор: ОйнаБанд гўзаллик


Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради.

Бировлар хафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу!
Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни.

Сийнабанд размери

Бугун эрталабки мажлисимизда ҳамкасбимдан аччиқ-тирсиқ гаплар эшитдим.

(Шу жойдан бошлаб тақвосида собит эканлигини иддао қиладиганлар ўқимасин)

- Меҳрибон, бир тадқиқот натижалари чиқибди. Эринмаган олимлар дунё бўйлаб аёллар сийнабандининг ўртача размерини ўлчаб чиқишибди. Марказий Осиё мамлакатларида ўртачаси иккинчи размермиш. Россияда тўртинчи. Япон, хитой, мўғул аёллар жуда ўксинармиш. Шу мавзуни ўрганиб кўрмайсизми? - дедим.

- Кўрмайман, - деди шартта Меҳрибон совутдай кўйлагининг ёқасини чангаллаб. - Бунақа беҳаё мавзуда ҳеч нарса ёзмайман.

Қарасам, мениям ёқамдан оладиган. Ён берақолдим. Ҳар эҳтимолга қарши масалани юмшатишга ҳаракат қила бошладим.

- Ахир ҳаммамиз ҳам кўкрак эмиб катта бўлганмиз. Бечора япон, хитой, мўғул гўдаклар сутга тўймай қолаётганмиш...

Гапимни тугатолмадим. Меҳрибон гапимни бўлди.

- Япон гўдакларни ўйлаб бошингиз қотмасин, ўзлари боқишволади.

- Ахир...

- Ахир-пахири йўқ. Сиз айтган мавзуда ёзмайман, - дедию Меҳрибон ҳам қаҳрини бироз юмшатди, - ўлинг, суюлмай! Тингловчимиз бизни тушунмайди.

- Нега тушунмасин. Ана яқинда президент Каримовнинг ўзи ҳам
“Гўзалликни кўпроқ кўрган одам яхшиликка интилади”, дедилар-ку?

- Президент гўзаллик ҳақида гапирганларида йўллар четига қўйиладиган тўсиқлар гўзаллигини, умуман, тўсиқлар гўзаллигини, агар эътибор берган бўлсангиз, тартиб-интизом гўзаллигини гапирганлар. Сиз айтган нарсани эмас...

- Ҳа-а... - деб қистиришга улгуриб қолдим.

Меҳрибоннинг тили ечилиб кетганди:

- ...аксинча Ислом Каримовнинг талаби билан ЎзТВда аëллардан тизза, кўкрак ва елкани очмасликни талаб қилаяптилар. Бўптими?! Сийнабанд размерининг ўртача размеримиш-а...

Қарасам, бугун мажлис тугамайдиган, радио мақоласиз қопкетадиган.

Қўлимни кўтардим. “Талабнинг ёмон жойи йўқ. Бошқа мамлакатлардаям бор бунақа талаблар, лекин нима учун талаб қилган кишининг ўз қизлари...” деб гапни чўзиб ўтирмадим.

"Сийнабандлар размерини ўлчамаям ўл!" Олимларни сўкаяпман-да!

Мажлисдан кейин гўзаллик тўғрисида ўйлай бошладим.

Жавондаги китоблар кўрки

Президент жаноблари тўғри айтдилар. Чиндан ҳам “Гўзалликни кўпроқ кўрган одам яхшиликка интилади!”

Ҳар сафар ЎзТВни томоша қиларкан, мен, аслида, фақат шу ҳақда ўйлайман.

Мана, Сиз ўзингиз айтингчи, топ-тоза, эндигина босмахонадан чиққан китоб чиройлими ё қўлдан қўлга ўтавериб, униқиб-титилиб кетаёзган китоб чиройлими?

Албатта, янгиси чиройли-да!

Бутун Ўзбекистон танийдиган теледомла бор. Сиз ҳам танийсиз у кишини. Жуда чиройли маъвизалар қилади. Эсингизга келмадими ҳалиям? Бор-ку, анув, китоб жавонига орқа қилиб ўтирадиган. Энди эслагандирсиз? Ҳа, ўша домлани айтаяпман.

Китобларига эътибор берганмисиз? Ҳа, ҳа, мен ҳам шуни айтяпман-да. Бирам янги, бирам тоза. Бирон криминалист кундузи лупа билан қарасаям ,биронта бармоқ изи тополмаса керак. Ҳавасим келади. Тўғри қиладилар домла - Китоб бойлигимиз. Уни авайлаш керак. Айниқса диний китобларни.

Теледомланинг қордай оқ либосини айтмайсизми? Оппппоғ-а?!

Тунов куни неварамнинг бувиси домланинг маъвизасини эшитиб ўтириб, бирдан “Қанақа порошок ишлатишаракан-а?” деб сўраб қолди.

- Одноразовий киядилар домла, - дедим шошиб-пишиб.

Шунақа демасам, эртага ваннахона порошокнинг ўттиз хили билан тўлади – хотин навбатдаги илмий-амалий экспериментини бошлаворади.

Стильний аристонлар

Умуман, ЎзТВни кўриб кўз қувнайди. Ҳатто аристонлар ҳам стильний ЎзТВда. Оқ либосли теледомла бир куни анжанлик аристон йигитлардан 5 нафари билан суҳбатлашдилар.

Турмада соғлиқларини ўйлаб, диет қилишаётган бўлсалар керак, бешаласи ҳам бирдай қотма анжанликларга қора роба бирам ярашипти, бирам ярашипти.

Қара-аб ўтириб, компьютердан бери келмайдиган Сарварни чақирмоқчи бўлдим. Стиль нима эканлигини шу аристонларнинг робаси мисолида тушунтирай дедим-да! Лекин бир зум ўйлаб фикримдан қайтдим. "Стилни тушунтираман, деб тарбиясини бузволмай", дедим.

Террорчи-ку улар!

Ана теледомла уриниб ётибдилар оқ либосларида уларни "тўғри йўлга соламан", деб.

Рангларнинг танланганини қаранг. Теледомла оқ либосда, аристонлар - қора.

Стол тагидаги бозор халта

Гап рангларга қолганда неварамнинг бувисига тан бервораман. Бир куни тонгда “Чао, Ўзбекистон”ни кўриб ўтирувдик, неварамнинг бувиси бир хўплам чойни “ғилт” этиб ютди-да, “бечоранинг анемияси боракан”, деб қўйди ўзича.

- Кимнинг?

- Анов қизнинг. Бошловчининг.

- Сен қаердан билақолдинг?

- Яхшироқ қаранг, юзларидаги доғларни кўрмаяпсизми, упасининг тагидан ҳам тепчиб турибди-ку?!

- Мен номаҳрам аёлларга қарамайман. Тем более тикилиб, - дедим.

- Вой, мен сезмай қолибман-а?! Неча соатдан бери?

Хотиннинг ҳайратини жавобсиз қолдирдим.

- Сен кўп гапирмай, яхшироқ қара. Столи тагида бозор халтаси турибди. Халтада икки кило картошка, бир кило пиёз. Ҳозир сенга илжайяптию, лекин хаёлида уйи, қўлини белига тираб турган қайнонаси, съёмка тезроқ тугасаю уйига чопса...

Қарасам, хотин телевизорнинг тагига борвопти.

- Қани халта? Кўринмаяптию?

Шу содда хотин билан яшаб юрибмана-ей?!

Телевизорни узоқроқдан кўриш керак

Айниқса, ЎзТВни. Бўлмаса, менга ўхшаб стол тагидаги бозор халтани кўриб қоласиз.

Узоқроқдан кўрсангиз, ЎзТВдан кўз қувнайди. Мустақиллик куни мазза қилиб Миллий боғдаги байрамни кўрдик. Кўзлар яйради.

Қароқларим оромини кеча бир тингловчимиз қўнғироқ қилиб бузди-қўйди. Нима эмиш, Миллий боғдаги кўлда кимдир балиқ боқаётганмиш.
Негадир гўнг ҳам ағдарармиш кўлга. Бу гапни эшитиб кўнглим бузилди, оромим йўқолди.

Балки, бугун эрталаб сийнабандлар размери тўғрисидаги хабар қизиқтириб қолгани йўқотган оромимни излаганимдир?

Ҳамкасбим кўнмади. Демак, сийнабанд мавзуи Озодликда ҳам кетмайди.

Демак, ЎзТВни кўраман. Чунки уни кўриб, кўз фақат қувнайди. ЎзТВ Миллий боғ кўлига тўкилган гўнгни кўрсатмайди. Чунки Ислом Каримов уқтирганидай “Гўзалликни кўпроқ кўрган одам яхшиликка интилади”.
XS
SM
MD
LG