Линклар

Минскка кетаëтган учоқ ичидаги “Локомотив” хоккей жамоасининг асосий таркиби ҳалок бўлгани “Пахтакор” командаси ҳалокатини эслатди.

Бундан 32 йил аввал “Пахтакор” жамоаси ҳам Минскка учаëтиб ҳалокатга учраган эди.

1979 йилнинг 11 августида Минскда терма командалар кубогининг финал ўйини бўлиши керак эди. Бу ўйинга кетаëтган пахтакорчилар учун осмон қабрга айланди.

Украинанинг Днепродзержинск шаҳри осмонида - 10 минг метр баландликда иккита Ту-134 самолëти тўқнашди. Тўқнашув чоғида 178 инсон нобуд бўлди, улар орасида "Пахтакор” жамоасининг 17 аъзоси бор эди.

Спорт жамоаларининг учоқ ҳалокати боис нобуд бўлганига мисоллар кўп.

1949 йили Италия осмонида “Торино” футбол жамоасининг 18 футболчиси ҳалок бўлди.

1958 йили Мюнхен осмонида "Манчестер Юнайтед"нинг 8 футболчиси ҳаёт билан видолашди.

1960 йили Дания осмонидаги авиаҳалокат 8 футболчи ҳаëтига нуқта қўйди.

1961 йили Чилида халокатга учраган учоқ ичида “Грин кросс” футбол жамоасининг барча аъзолари бор эди.

1969 йили Боливияда портлаган учоқ ичидаги Стронгтест футбол жамоасининг 27 аъзоси ҳалок бўлди.

1993 йили Замбия футбол жамоасининг 18 ўйинчиси учоқ ҳалокатида нобуд бўлди.

1970 йилда Эйр ликвид футбол жамоасининг барча ўйинчилари Жазоир осмонида ëниб, кулга айланишди.

"Бир одамнинг ўлими фожеа¸ минг одамнинг ўлими статистика" деган гап бор. Хўш, спорт жамоасининг ўлимини қандай тасниф қиламиз?

Тафовут

“Локомотив” хоккейчиларининг ўлими Россия оммавий ахборот воситалари бош мавзусига айланди. Бундан 32 йил аввал Украина осмонида учоқлар тўқнашган пайтда мулозимлар бу хабарни сир тутишга тиришдилар.

“Пахтакор" жамоасининг 17 ўйинчиси авиаҳалокатга учраганидан бир ҳафта ўтгачгина, бу ҳақда Совет Иттифоқи телеграф агентлиги хабар тарқатди. Унгача ахборотсиз қолган мухлислар орасида турли миш-мишлар урчиди.

Воқеадан саккиз кун ўтиб, "Советский спорт” газетаси "Пахтакор” жамоасининг 17 ўйинчиси ҳамда мураббий ва врачининг дафн қилингани ҳақида кичик бир хабарни эълон қилди, холос.

Яна бир тафовут - ҳалокатга учраган терма жамоа спортчиларининг бола- чақасига молиявий ëрдам бериш масаласида. Бундан 32 йил олдин ўзбек футболининг 17 ëрқин юлдузи осмону фалакда мажақланиб, йўқ бўлиб кетар экан¸ ҳукуматдан ҳеч ким уларнинг бевалари ҳақида қайғурмаган эди.

"Ҳамма тухумларни бир саватда сақламанг" деган инглиз мақоли бор. Лекин тақдирдан қочиб қутула оламизми?
XS
SM
MD
LG