Линклар

Ўзбекистон пойтахтида валюта “қора бозори”га ҳомийлик қилган милиция ходимлари турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганлар.

Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилган Узметроном сайтининг ёзишича, қамалган милиционерлар бозорлар ва банк муассасалари олдида валюта олди-соттиси билан шуғулланган одамларнинг бемалол ишлашини таъминлаганлар.

Шунингдек, нашр манбалари шу иш билан боғлиқ равишда Тошкент туман ички ишлари собиқ бошлиқларидан бири мамлакатдан қочганини айтганлар.

Мазкур иш “майда балиқ ови” эканига ишора қилинган мақолада айни пайтда миллиардлаб даромад келтирадиган хорижий валютанинг яширин олди-соттиси бўйича схема мутлақо ўзгармай қолгани қайд этилади.

Ўзбекистонда минтақанинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда хорижий валютанинг расмий курси билан бозор, аниқроғи, “қора бозор” курси кескин фарқ қилади. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси 1739.47 сўм қилиб белгиланган бўлса-да, “қора бозор”да бу валютани камида 2500 сўмдан сотиб олиш мумкин. Бу курслар ўртасидаги 30 фоизлик фарқ туфайли Ўзбекистонда валютафурушлик яхшигина даромад келтирадиган “бизнес” тури бўлиб ҳисобланади.

Кузатувчиларга кўра, яхши йўлга қўйилган бу бизнесга синалмаган манфаатдор томонлар тарафидан синалмаган одамлар қўйилмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG