Линклар

Ҳюман райтс уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ Конгрессини Ўзбекистонга кўмак бериш юзасидан чекловларни бекор қилмасликка чақирди.

"АҚШ Конгресси Ўзбекистонга кўмак беришга қўйилган чекловларни олиб ташлаш борасидаги Обама маъмуриятининг таклифини рад этмоғи керак".

Ҳюман райтс уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ана шундай баёнот билан чиқди.

2004 йилда жорий этилган мазкур чекловлар Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида сезиларли қадамларни қўйгани тақдирда олиб ташланиши керак эди.

“Қўшма Штатлар мазкур чекловни олиб ташлаши Марказий Осиёдаги энг репрессив ҳукуматлардан бири учун улкан туҳфа бўлган бўлар эди”, - дея таъкидлади Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уилямсон.

Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш шарти билан жорий этилган чекловларни Қўшма Штатлар бу давлатга ҳарбий ёрдамлар бериш зарурати боис олиб ташлаш ҳаракатида.

2009 йилдан буён Ўзбекистон АҚШ таъминот юкларининг Афғонистонга олиб ўтилишида муҳим рол ўйнаб келмоқда.

“Қўшма Штатлар Афғонистонга транзит йўналишларни кенгайтиришдан манфаатдор, лекин бу йўлда инсон ҳуқуқлари қадриятларини қурбон қилмаслиги керак”, - деди Хью Уилямсон.

2004 йилда АҚШ Конгресси Ўзбекистонга кўмак бериш учун чеклов жорий этган. Бу чекловни бекор этилиши учун қўйилган талабалар эса инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, кучли очиқ жамият ва чинакам кўппартиявий тизимни барпо этиш, адолатли ва эркин сайловларни таъминлаш, сиёсий плюрализм, матбуот эркинлиги учун йўл очиш каби талаблар эди.

“Ўтган етти йил ичида Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда ҳеч иш қилгани йўқ. Кузатганимиз ҳол фақат репрессия ва қаттолликлар, холос”, - деди Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уилямсон.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда камида 13 нафар ҳуқуқ фаоли ва бир қатор журналист ҳамда мухолифат аъзолари қамоқда азоб чекмоқда. Уларнинг айримлари қамоқда қийноқ ва таҳқирлашлар билан юзма-юз келган.

Ўзбекистон ҳукумати қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлари, жумладан, Ҳюман райтс уотчга ҳам мамлакат ичида фаолият юритишига рухсат бермай келаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG