Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:55

Қирғизистонликлар Ўзбекистонга ишонмаяптими?


Қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ўтган йил апрелидан буён ёпиқ турибди.
Қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ўтган йил апрелидан буён ёпиқ турибди.

Қирғизистонликларнинг 30 фоиздан кўпроғи Ўзбекистонни Қирғизистонга таҳдид солувчи давлат сифатида қабул қилади.

Бош қароргоҳи Бишкекда жойлашган “М-Вектор” консалтинг агентлиги ўтказган ижтимоий сўров натижалари ана шундан далолат беради.

“М-Вектор” консалтинг агентлиги расмийси Сергей Кулинин август ойида ўтказилган ижтимоий сўров натижасида қирғизистонликларнинг 32, 8 фоизи Ўзбекистонни таҳдид солувчи мамлакат қаторида билишлари аниқланганини айтди.

Ўтган йили 33, 6 фоиз респондент Ўзбекистонни душман давлат қаторида тилга олганди. Бу эса жорий йилда мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан деярли бир фоизга озайганини англатади.

Сўров натижаларига кўра, Қирғизистонга таҳдид қилувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасини АҚШ эгаллаган. Ўтган йили респондентларнинг 36 фоизга яқини, жорий йилда эса респондентларнинг 46 фоизга яқини АҚШни Қирғизистоннинг асосий душмани сифатида эътироф этганлар.

Қирғизистонга таҳдид солувчи давлатлар рўйхатида 2-ўринни Ўзбекистон, 3-ўринни Хитой, 4-ўринни Тожикистон, 5-ўринни Эрон эгаллаган.

- Мазкур сўровда 2000 одам иштирок этган ва сўров республиканинг 70 та ҳудудида олиб борилган. Сўралганларнинг 400 нафари, яъни 20 фоизи ўзбеклардир, - деди Сергей Кулинин.

“М-Вектор” агентлиги расмийси сўралган қирғизистонлик ўзбекларнинг неча фоизи ва жанубий Қирғизистонда сўралганларнинг неча фоизи Ўзбекистонни таҳдид солувчи давлат сифатида кўриши тўғрисидаги маълумотлар алоҳида тадқиқ этилмаганини айтди:

- Бу саволни биз ҳудудий нуқтаи назардан ўрганганимиз йўқ. Биз мамлакат бўйича умумий тасаввурни ўрганишни мақсад қилган эдик, - деди Сергей Кулинский.

Мазкур агентлик ўтказган ижтимоий сўровда респондентларга “Қирғизистон ҳукумати қайси давлатлар билан ҳамкорликка кўпроқ эътибор бериши зарур?” деган савол ҳам берилган.

Бу саволга сўралганларнинг 17 фоизга яқини “Ўзбекистон билан” деб жавоб берган. Айтиб ўтиш лозимки, ўтган йилги ижтимоий сўровда айни мана шу саволга сўралганларнинг 11 фоизи Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш зарур, деб жавоб берганди. Демак, бир йил ичида “Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш лозим” деб ҳисобловчилар сони 6 фоизга кўпайган.

Ижтимоий сўров натижасида қирғизистонликларнинг асосий қисми Россияга ишонч билдириши ҳам аниқланган. Масалан, сўралганларнинг 1 фоизга етмаган қисми Россияни Қирғизистонга таҳдид солувчи давлат қаторида кўришини билдирган. Айни пайтда сўралганларнинг 95 фоизи Қирғизистон асосан Россия билан ҳамкорлик қилиши тарафдори. Аснода сўралганларнингг фақат 8 фоизигина АҚШ билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини таъкидлашган.
XS
SM
MD
LG