Линклар

logo-print

Тожикистонликлар Медведевдан узр сўрашни талаб қилмоқда

  • Гулнора Равшан

Россия президенти Дмитрий Медведев шу йил 2 сентябр куни Душанбега қилган расмий ташрифи чоғида ҳамкасби Имомали Раҳмон билан рус ҳарбийларининг яна 49 йил Тожикистонда қолиши ҳақида келишиб олганди.

Россия президенти Дмитрий Медведев шу йил 2 сентябр куни Душанбега қилган расмий ташрифи чоғида ҳамкасби Имомали Раҳмон билан рус ҳарбийларининг яна 49 йил Тожикистонда қолиши ҳақида келишиб олганди.

Тожикистонлик бир гуруҳ журналистлар ва зиёлилар Россия ҳарбийлари келгуси 50 йил мобайнида Тожикистонда қолишига қарши чиқди.

Россия ҳарбий базасининг яна 50 йил Тожикистонда қолишига қарши чиққан элликдан ортиқ тожик зиёлиcи “Медведев тожикистонликлардан узр сўраши керак”, демоқда.

“Дмитрий Медведев Душанбе саммитида ўз давлати келгуси 49 йил Тожикистон мустақиллигини ҳимоя қилишини ғурур билан гапирди. У бу баёноти билан руслар яна ярим аср Тожикистонда ўз сиёсатини юргизишига ишора қилди. Бундай баёнот Тожикистон мустақиллигини савол остига қўяди. Медведев бу таҳқирли баёноти учун тожикистонликлардан расман узр сўраши керак”, - дейилади 7 сентябр куни тарқатилган баёнотда.

Баёнот муаллифлари Россия ҳарбий базасининг Тожикистон ҳудудида қолишига ҳеч қандай зарурат йўқлигини таъкидлайдилар.

“Россия оммавий ахборот воситалари ва таҳлилчилари рус ҳарбийларининг тожик-афғон чегараларида яна узоқ вақт қолишини Афғонистон ва қўшни Ўзбекистондан кутилаётган таҳдидлар билан изоҳлашадики, бу ўта мантиқсиз, ахмоқона иддаодир. Тожикистон БМТнинг ҳақли аъзоси ҳисобланади ва шу сабабли Афғонистон толиблари ҳам, Ўзбекистон раҳбари Каримов ҳам Тожикистонга таҳдид қила олмайди”, - дейилган кеча тожик жамиятига тақдим қилинган “Мустақилигимизни ҳимоя қилайлик” сарлавҳали баёнотда.

Аснода Тожикистон ҳукумати республика зиёлиларининг баёнотига муносабат билдирганича йўқ.

Аммо Тожикистон Мудофаа вазирлигидаги манба рус ҳарбийларининг республика ҳудудида қолиш муддатини узайтиришга оид қарор Имомали Раҳмон томондан қабул қилинганини ва бу борада томонлар музокараси бошланмагунича ҳеч қанақа изоҳ берилмаслигини билдирди.

Мазкур баёнот муаллифларидан бири, Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев фикрича, президентлик сайловлари арафасида тақдири номаълум қолаётган иккала президент бундай қарор қабул қилишга ҳақсиздир:

- Маълум бир муддатга сайланган президент келгуси авлод тақдирини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас, - дейди Қаршибоев жаноблари.

Қаршибоев мулоҳазасича, миллат ва халқ шаъни билан боғлиқ муҳим масалалар ёпиқ эшиклар ортида икки давлат раҳбари ўртасида ҳал қилинмай, балки бу борада жамоатчилик фикри ва розилиги олиниши шартдир.

Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ муовини Абдулло Ҳабибов, гарчи жамиятдаги муҳим масалалар ечими учун референдум зарур бўлса-да, аммо Россия ҳарбий базасининг Тожикистон ҳудудида узоқ вақт қолдирилиши мутлақо бошқа мавзу эканини айтади.

- Агар база (Россия ҳарбий базаси назарда тутилмоқда - таҳр.) бўлмаганида эди ўтган йилларда Ўзбекистон томонидан кўплар таҳдидлар ёғиларди. Аммо руслар базасининг бу ерда қолаётгани Ўзбекистонга бундай имкониятни бермаётир, - дейди Абдулло Ҳабибов.

Аснода бир гуруҳ таҳлилчилари расмий Москва ўз манфаатлари йўлида кўпинча Россия ҳудудидаги тожикистонлик меҳнат муҳожирлари билан Тожикистонга босим ўтказаётганига ишора қиладилар.

Таҳлилчиларга кўра, Тожикистон Россиянинг ҳарбий ҳамкорликларга оид таклифларига рад жавобини берган тақдирда, бу меҳнат муҳожирларининг оммавий тарзда ватанга қайтишига ва тожик жамиятида ижтимоий портлаш юз беришига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ кечаги баёнот муаллифлари бундай фикрларни қувватламайдилар. Улар ҳукуматга бу йўналишда муқобил йўллардан фойдаланишни тавсия қилганлар.

Эслатамиз, шу йил 2 сентябр куни Россия президенти Дмитрий Медведев Душанбега қилган расмий ташрифи чоғида Тожикистон томони билан тожик-афғон чегараларини ҳамкорликда қўриқлашга оид шартнома имзоланганди.

Россиянинг 201-дивизияси ҳарбийларининг Тожикистондаги ҳарбий иншоотлардан фойдаланиш муддатини қарийб 50 йилга узайтириш борасида эса 2012 йил бошида шартнома имзоланиши режаланган.
1991 йилдан бошлаб тожик-афғон чегараларини қўриқлаб келган Россия чегарачилари 2005 йили Тожикистондан чиқарилганди. Аммо Россияга тегишли 201-ҳарбий базанинг яна ўн йилгача Тожикистон ҳудудида қолиши борасида 2004 йил икки ёқлама шартнома имзоланган эди.
XS
SM
MD
LG