Линклар

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу йилги пахта мавсумида ишчи кучи кам бўлган вилоятларда 37 та пахта териш машинасидан фойдаланилади.


Жорий пахта мавсумида Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятлари пактакорларига жами 37 та пахта териш машинаси кўмаклашади.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахасиси Саъдула Алиқуловга кўра, ўтган йили бу машиналар синовдан ўтказилган ва жорий йил улардан теримда фойдланилади.

- Вазирлар Маҳкамасининг баëнномаси бўлган ўтган йили. Ўша баëнномага асосан вилоятларга бултур ўзимизда чиқарилган МХ-1,8 пахта териш машиналаридан 37 та жўнатилди. Шундан Қашқадарë вилоятига 16 та жўнатилган, Сурхондарë вилоятига 18 та, Навоий вилоятига 2 та, Тошкент вилоятига битта, жами 37 та. Ўтган йили мана шу 37 та пахта териш машинасини банклар ҳисобидан, банк кредитларига вилоятларга етказиб берилди. Мана шу техникалар бултур ишлатиб кўрилган жойларда. Уларнинг барча кўрсаткичлари аниқланиб, пахта теримида қўллаш мумкинлиги айтилган. Бу йил мана шу техникалар пахта териш мавсумида вилоятларда ишлатилади, деди мутахасис.

REGNUM маълумотига кўра, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон пахта терим машиналари ишлаб чиқариш бўйича дунё бўйлаб АҚШдан кейин иккинчи ўринда турар эди.

Саъдулла Алиқуловга кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, пахта териш машиналари ишлаб чиқариш тўхтатилди ва бунинг ўрнига Америкадан замонавий терим машиналари харид қилинди.

Бироқ мутахасис бугунги кунда бу терим машиналаридан фойдаланиш имкони қолмагани учун, Ўзбекистон ўзининг пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришга қарор қилган.

- Мустақилликка эришгандан кейин бизда ҳозирги замон пахта териш машиналарини олиш учун йўналиш бўлганди. Натижада бизлар Америкадан CASE 2022 деган пахта териш машиналари олдик. У горизонтал шпиндл пахта териш машиналари. Ана шу машиналар бир неча йиллар давомида пахта теришда қатнашди вилоятларда. Лекин ҳозир буларни таъмирлаш ишлари, тайëрлаш ишлари бир мунча мураккаб бўлгани учун улардан фойдалиниш имкони қолмади. Уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда эҳтиëт қисмлари етказиб бериш мураккаб бўлганлиги учун улардан фойдланилмаяпти. Шунинг учун ўтган йилдан бошлаб бизларда МХ-1,8 пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топшириғи берилган, деди Саъдулла Алиқулов.

Жиззахдаги “Марҳабо” фермер хўжалиги аъзолари бу йил 22 гектар ерда пахта етиштираяпти.

Хўжалик раҳбари Меҳри Эрматова Ўзбекистонда пахта териш машинаси ишлаб чиқарилаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб хурсандлигини яшира олмади. Собиқ иттифоқ даврида 6 йил пахта териш машинасида пахта терган собиқ мехнизатор Меҳри Эрматова терим машинасининг афзалликлари борлигини ва уни фермерлар учун фойдаси кўп бўлишини айтади.

- Мен бу ҳақда эшитмаган эдим. Агар пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса бу жуда яхши. Фермерлар учун катта ёрдам бўлар эди. Биз 3-4 фермер биргаликда харид қилишимиз мумкин. Ҳаммасиз ҳисоб рақамимиздан пул ўтказамиз ва терим машинасини харид қиламиз. Кейин ўша 3-4 фермер навбати билан пахтасини териб олиши мумкин. Бу яхши албатта. Бироқ ҳали бизга ҳеч ким бу ҳақда гапирмади, деди Меҳри Эрматова.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги мутахасиси Саъдулла Алиқулов кейинги йилдан бошлаб пахта териш машиналари ишлаб чиқариш кенгайтирилиши натижасида қўл кучидан фойдаланишга барҳам берилиши мумкинлигини таъкидлади.

Бироқ жиззахлик фермер аёл Меҳри Эрматовага кўра, пахта териш машинасидан биринчи теримда фойдаланиш мумкин, кейинги теримларда эса барибир қўл кучига эҳтиёж бўлади.

Ўзбекистонда жорий йилда турли хилдаги 3560 та трактор ишлаб чиқарилади. Шундан 1940 таси ғўза қатор ораларига ишлов беришда фойдаланиладиган “ТТЗ-80.11" трактори, 1140 таси юк ташишга мўлжалланган "ТТЗ-80.10" тракторларидир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ ҳўжалик техникалари хорижга ҳам экспорт қилинада.

Жумладан, Туркманистон жорий йил пахта мавсумида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1000 та қишлоқ хўжалик техникаларидан фойдаланади.

Туркманистонда ҳам худди Ўзбекистондаги каби пахта асосан қўлда терилади.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида пахта мавсуми бошланди.

Мамлакатда ўқув йили бошланганига бир ҳафта бўлмасдан олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида пахта йиғим-теримига сафарбарлик эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG