Линклар

Ўзбекистон Қирғизистонга бериладиган газ нархини йил бошидан бери 223 доллардан 278 долларга кўтарди.

Йил бошида Ўзбекистон Қирғизистон билан газнинг ҳар минг куб метрини 223 доллардан сотилиши ҳақидаги шартномани имзолаган эди. Бироқ йил бошидан то шу кунгача ўзбек томони газ нархини 55 долларга қимматлатган. Натижада бугунги кунда ўзбек гази 278 доллардан сотиб олинмоқда.

“Қирғизгаз” ширкати раҳбари Тургунбек Калмурзаевнинг айтишича, Қирғизистон томони газ нархининг кўтарилмаслигига таъсир кўрсата олмайди. Чунки 2009 йилда Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Данияр Усенов Ўзбекистон билан газ нархи Европа формуласи асосида, яъни жаҳон баҳосидан келиб чиқиб белгиланиши ҳақидаги шартномани имзолаган.

- Бизга бу формула мутлақо тўғри келмас эди. Шунга қарамасдан Данияр Усенов бу шартномани имзолаган. Ўзбекистон ва Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия газ шартномаларида бундай формула йўқ. Ўзбекистон мазкур формулага асосланган ҳолда ҳар кварталда Қирғизистон учун газ баҳосини кўтараяпти, - деди Тургунбек Калмурзаев.

Мутахассиснинг айтишича, Қирғизистон газ бўйича Ўзбекистонга қарам. Шунинг учун ҳам қирғиз ҳукумати Тошкент расмийлари газ учун белгилаган нархга иложсиз кўнишга мажбур.

Айрим сиёсатчилар эса Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистоннинг газга қарамлигидан сиёсий қурол сифатида фойдаланиши ва ўрни келганда қирғиз сиёсатига ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

- Газ Ўзбекистон қўлидаги Қирғизистонга таъсир кўрсатишнинг ягона ричагидир. Қирғизистонда электр энергияси бор. Лекин бу электр энергиянинг рубилниги ҳам Ўзбекистоннинг қўлидадир. Шунинг учун Ўзбекистон катта сиёсий таъсир кучига эга, -дейди парламент депутати Азамат Арапбаев.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон гази қарамлигидан қутилиш мақсадида муқобил йўлларни изламоқда. Масалан, 7 сентябр куни Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев Россиянинг “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер билан музокаралар ўтказди. Музокарада “Қирғизгаз” ширкати акцияларининг 75 фоизини “Газпромга” сотиш масаласи муҳокама қилинди.

“Газпром” ширкати эса ўз навбатида бунинг эвазига Қирғизистонни газ билан таъминлаш ва мамлакат ҳудудида газ ва нефт конларини қидириш ишлари билан шуғулланиш мажбуриятни олмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG