Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:40

Даврон Ҳотам: "Шоирлик Зулмга қарши яшамоқликдир"


"Шоир билан суҳбат" дастури меҳмони ўшлик шоир, "Хиргойи" ва "Кўнгилга йўл" китоблари муаллифи Даврон Ҳотам.


Жуда юрагимни ғашлатаётган¸
Қаердан қоронғу гаплашаётган¸
Мавҳум кўчаларда дайдийди кўнгил¸
Ким у кўчларимни талашаëтган?

Соҳибсиз итмидим ëғилар тошлар,
Ë ношуд савдогар, сув текин ёшлар¸
Ëмонлар кўлида ëлғон сузаман,
Сув пари - каламуш ғажилай бошлар.

Ишқман деб алдайди, аврайди ҳислар,
Иблис қўшиғига шўнғиб кетаман,
Муҳаббат ҳақида шеърлар ëзаман,
Шеърлардан туғилар ногирон ҳислар.

Туманлар боғлайди кўзимга рўмол,
Сўнг ҳавас ҳавасманд ўйин бошлайди,
Вақт эса умримни бурда бурдалаб,
Суягим бир четга отиб ташлайди.

Шошма, сен кимсан юрагим ғашлатаëтган,
Билдирмай ичимда гаплашаëтган.
Зулматда англанмас, ким келаётган,
Ким у?
Ким у?!
“Ким?” деяётган...

Шоирлик нима?

Озодлик: Даврон Қирғизистонда ўсиб келаëтган ëш, умидли, келажаги порлоқ шоирлардансиз. Биринчи анъанавий саволим қуйидагича: шоирлик сиз учун нима?

- Ўзим ҳам шу нарсани ўйлаяпман. Шоирлик нима у? Чиройли сатрлар ëзишми, чиройли ташбеҳлар топишми? Нима у? Ўзимча ўйладимки, шоирлик хоҳ сен бирорта сатр ëз, хоҳ ëзма гўзалликдан завқлана билишлик. Бу дунëни, одамлардан гўзаликкни излаб топа олишлик, зулматга қарши, зулмга қарши тура олишлик, яшай олишлик, айтганингдай яшаш, яшаганингдай айтишлик менимча шоирлик бўлса керак.

Озодлик: Ҳамма замонларда шоирларга шоирлар айтганидай яшаш осон бўлган эмас. Бугунги кунда сиз қандай яшаяпсиз бундай принциплар билан?

- Бугунги кунда иложи борича айтмасликка ҳаракат қилиб яшаяпмиз. Чунки боя айтганимдай айтдингми, ана шундай яша. Яшаяпсанми, қандай яшаëтган бўлсанг, ана шундай айт деб айтаяпман ўзим. Бугун, нима десам бўлади, нима қилишни, қандай қилиб курашишни билмаëтган одам сифатида яшаяпман деб ўйлайман. Яъни қилаëтган курашларим тор доирага, ички тортишувларга, ўзим билан ўзим курашишга ëки бир атрофдагиларга далда беришга – мана шуларгагина сарфланаяпти.

Озодлик: Кураш деганда нимани назарда тутаяпсиз?

- Кураш мана бундай нарса десам мен бугун алдаëтган бўламан. Чунки курашнинг шакллари шахсан ўзимда доимо ҳар хил алмашиб туради. Шавкат Раҳмон айтганидай “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир”. Бу ҳам бор. Ëки бошқаси ҳам. Ҳамма кураш турлари менда жуда ҳам ўзгариб туради. Шунинг учун мен “Мана бундай деяпман” деб ақллилик қилсам, бироз ëлғон бўлади. Мен айтмоқчи бўлаëтган нарса шуки: атрофга қарайман мазлумни кўраман, атрофга қарайман золимнинг шод-хуррам юрганини кўраман. Мана шундай пайтларда ичимда мен туғилади. Ана шундай пайтларда чорасиз қолади инсон. Чорасизлик ичида сабрга чақиришми ўзимни ўзим.

Бир каттанинг дегани

Оқни оқ, қорани демагин қора,
Ҳар не ҳам нисбийдур, ҳар ранг ўзгарар,
Шоҳлар ўзгаради, кўчгай идора,
Бугун тун, эртага қора жилвагар.

Оқни оқ, қорани демагин қора,
Бўлмаса муттаҳам ëлғончи зотсан,
Ранглар ўзи сени айлагай пора,
Сен рангин дунëга бутунлай ëтсан.

Оқни оқ, қорани демагин қора,
Оқ оппоқ бўлгунча, индама!

"Ўзбек адабиётида мухлис муаммоси бор"

Озодлик: Бизни сизнинг ўзбек адабиëтига муносабатингиз қизиқтиради. Мен Ўзбекистондаги, Қирғизистондаги ëки хориждаги ўзбек адабиëти деб айтаëтганим йўқ. Мен умумий катта ўзбек адабиëтини назарда тутаяпман. Шеърият мухлисини, адабиëт мухлисини қондира олаяптими? Унинг талабларига жавоб бера оляаптими? Унинг ҳисларини жунбушга келтира олаяптими?

- Биласизми бугунги кунда ўзбек адабиëтида шеъриятнинг ëки адабиëтнинг ҳар бир йўналиши, ҳар бир шакли бор деб ўйлайман у қандай мавқедалиги, қандай мазмундалигидан қатъий назар. Менимча, ҳар бир шакл, ҳар бир кўриниши мавжуд адабиëтнинг. Аммо битта масалаки, тепадан қарамасдан пастдан қарайдиган бўлсак, ” ўзбек адабиëти” деган калиманинг олдига “ўзбек адабиëти мухлислари” деган калимани қўшадиган бўлсак, ана шунда муаммо пайдо бўлади. Ана шунда қандайдир ўртада узилиш, бўшлиқ пайдо бўлади деб ўйлайман. Чунки умуман ўзбеклар ичида, мени кечиришсин, адабиëтга бўлган қизиқиш, менимча, анча суст.

Балки бу бутун дунëда бўлаëтган бир ҳодисадир. Лекин менинг назаримда ўзбек адабиëтидаги мухлислар масаласи менимча жуда ҳам сустроқ.

Адабиëтга келадиган бўлсак, бир пайтлар талабаларга дарс берардим. Ана шундаги кузатувим бўйича қарайдиган бўлсак, биз кўпроқ 80-йилларга қайтиб, 80-йиллар адабиëти билан, 80-йиллар шеърияти билан кўпроқ озиқланаяпмиз бугунги кунда. Нимагалигини билмадим. Балки 80-йилларнинг руҳияти энди бизнинг руҳиятимизга кўчаëтгандир ëки 80-йилларда ҳис қилинган шоирлар айтган фикрларни биз энди кўнглимиздан кечираëтганлигимиз учундир.

Кейинги 90-йиллардаги модерн адабиëт, янги услублари, кўнгил шеърияти деймизм,и мана шу шаклларга келадиган бўлсак, албатта Фахриëр, Абдували Қутбиддин каби жуда ҳам забардаст шоирлар бор. Аммо шакл биринчи ўринга чиқиб қолганиданми ëки бошқа бир ғарбга тақлиднинг кўр-кўрона кучаяëтганиданми, баъзида кўнглим тўлмайди. Чунки дарднинг йўқлиги, ягона дард йўқ. Шаклбозликка уриниш, қандайдир янгича бир нарсаларга, шаклларга интилиш ҳодисалари кўп. Балки бу ҳам вақтинчадир.

Ўзбек адабиëтидаги сиëсий шеъриятни оладиган бўлсак... Қайсидир сиëсий шеърларни ëзаëтган шоирларимизнинг шеъриятини кўрадиган бўлсак, уларнинг шеърияти вақтинчалик эканлигини ëки тор бир доирага мосланганлигини, умуман адабиëт бўлиб санъат даражасига чиқмаганлигини кўришимиз мумкин. Лекин шундай бўлса ҳам ўзбек адабиëти бошқа қардош халқларимизнинг шеърияти олдида жуда ҳам қадрли ва жуда ҳам кучли деб ўйлайман.

Сен баҳор тонгига ўхшайсан,
Нигоҳинг уятчанг, ҳаёли.
Оқ булут рўмолинг ўрайсан,
Сен ҳали маъсума, иболи.

Сен яшил рангдаги тушимсан,
Қуëшга нур берган ҳаëлим,
Майсалар шароби ëшимсан,
Шабнамга айланган аёлим.

Гўзаллик чиндан ҳам оламни қутқарадими?

Озодлик: Даврон, сиз ўзбек адабиëтида мухлис муаммоси бор дедингиз. Жаҳонда адабиëт ривожини кузатиб бораëтган одам сифатида айтишим мумкинки, Европада, Америкада адабиëтга қайтиш жараëни узоқ йиллар аввал бошланган. Европа давлатларида 3-4 қаватли китоб магазинлари бор. Жуда катта кўчалар бор икки-уч қаватли китоб дўконларидан иборат. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, балки ўзбек ижодкорлари мухлиснинг кўнглига йўл топа олмаëтгандир, мухлис талаб қилаëтган сўзни айта олмаëтгандир?

- Бу ҳам тўғри. Ҳамма ўзининг молининг, сўзининг ўтишини яхши кўради. Чиндан ҳам бугун шундай. Агар кимнингдир юрагини жизиллата олсангиз, бугун интернет, радио, телевидение жуда ҳам оммалашган. Агар кузатадиган бўлсак, ростдан ҳам ëшлар, кўпроқ омма ҳақида гапирадиган бўлсак, омма эшитиб маза қилаëтган шеърлар ëки “Фалочани ўқидингми?” деяëтган асарлар йўқ эмас. Фақат одамнинг ачинадигани биз дангаса, ялқов бўлиб кетаяпмизда. Ҳатто адабиëтда ҳам енгилига, бизнинг бошимизни оғритмайдиган, кўп ҳам ақл ишлатишимизга мажбур қилмайдиган нарсаларга қараб кетаяпти деб ўйлайман кўпчиликни.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада?

- Ким билади балки бу тобора инсоннинг ялқовлашиб бораëтгани, ижтимоий соҳада ҳам, бошқа соҳада ҳам енгил ҳаëтга интилаëтгани ëки оддий телевизорнинг мурувватини бурашга эриниб қолганида узоқдан бошқариш мосламалари чиққандан кейин, балки шудир. Балки бугун қоринни тўйғазиш учун ҳаракат қилаëтган, қаердан қайси пулни топсам экан, бу уйни қандай қилиб қурсам экан деб оғриëтган бошни яна қайтиб қийнашга, яна қандайдир қаҳрамонларга, қандайдир лирик қаҳрамонларга, қандайдир сиëсий қаҳрамонларга бошини оғриитшни истамаëтганидадир балки.

Озодлик: Гўзаллик оламни қутқаради, деган эски гап бор. Агар шеъриятни гўзаллик оламининг бир ғунчаси деб қабул қила оладиган бўлсак, сиз шу гапга ишонасизми? Менга баъзан эриш туюладида бу гап. Мана мен шеър ўқимадим. Яшаяпман.

- Бу ҳам ҳақли савол. Мана қанча авлод пайдо бўлдики, китоб кўрмаган. Шундай бир авлод пайдо бўлдики, шеърни бугун фақат севгилисига СМС ëзиш учунгина газетадан шеър топади. Мана шундай бир авлод пайдо бўлди. Булар яшаяпти деб ўйлаймиз.

Лекинг менинг ўйлашимча, олам жуда кенг, дунë гўзал. Ҳамма яшаяпти, ҳамманинг ўзининг дарди бор, ғами бор, лекин “дунëни гўзаллик қутқаради” дер эканмиз, биз қаëққа қараб кетаëтганимизни қачон ҳис қиламиз, қачон дунëни қутқаришга зарурат борлигини ҳис қиламиз ëки кичик дунë, кичик олам бўлган ўзимизни қачон қутқариш керак бўлади, ана шу пайтда масалан ким нимадан нажот истайди? Кимдир ўша гўзалликка, гўзалликни нимадан топади? Балки адабиëтдан топар, балки илоҳий китоблардан топар, балки эътиқодидан топар.

Лекин барибир инсоннинг нимагадир ишониши, нимагадир таяниши, руҳиятини нима биландир озиқлантириши менимча жуда ҳам муҳим масала. Айтайлик кимдир эътиқод, имон ëки диний илмлар билан ўзининг руҳини озиқлантираяпти. Бу ҳам зўр. Кимдир адабиëт билан, кимдир бошқа санъат турлари билан. Бу ҳам зўр. Лекин афсуски бугун биз руҳимизни ана шу айтаëтганимиз китоб ушламаган инсонлар, ëш авлодлар руҳини нима билан тўйинтираяпти, нима билан озиқлантираяпти? Бу руҳ ниманинг ҳисобига ўсаяпти, ниманинг ҳисобига яшаяпти? Моддиятнингми? Менимча, мана шуни ўйлаб кўриш керак.

Шеър ëзилмас анчадан буëн,
Хиралашиб қолган туйғулар,
Дунë аниқ сонлардек аëн,
Кўнгил саҳро, ташна оҳулар.

Шеър ëзилмас анчадан буëн,
Истеъфога чиқдими севги,
Тужжор бўлди бойиди қуëн,
Шеър ким бўпти йўқ унинг тенги.

Шеър ëзолмай анчадан буëн,
Оввораман қорин дардида,
Кўнгил йиғлар бу қандай замон,
Кирландим-ку дунë гардида.

Шиддат билан оқмоқда дунë,
Оқмоқдамиз беному нишон,
Қутқарсангчи муҳаббат, зиë,
Севги йўқдир анчадан буëн.

Шоирлар нега севги, муҳаббат ҳақида кўп ёзишади?

Озодлик: Умуман шоирлар севги ҳақида жуда кўп ëзишади. Шоир нимага фақат севги ҳақида ëзади? Сермуҳаббатлигиданми?

- Жуда ҳам қизиқ савол экан. Билмадим, шоирлар мана бу учун ëзади деб сизга айта олмайман. Ҳатто ўзим ҳам севги ҳақида мана бу учун ëзаман деб аниқ бир нарса айта олмаслигим мумкин, лекин мулоҳазаларимни ўртага ташлашим мумкин албатта. Инсоннинг, хусусан кўпроқ ëшларнинг қалбини қитиқлайдиган, қалбини уйғотадиган, кўнглини бошқача қиладиган нарса бу севги. Қачонки ана шу севги кўнгилга илашаркан, у қандай шаклда бўлсин, кимга нисбатан бўлсин, менимча мана шу туйғугина кўнгилни биринчи марта уйғотадиган туйғу деб ўйлайман-да.

Ўз ўзидан жуда кўп ëшлар мана шу туйғусини шаклга солишни, мана шу туйғусини кўришни хоҳлайди, менимча. Уринишлар натижасида кимдир яхшигина шоир бўлиб қолиши мумкин. Хусусан менинг ҳам шеъриятга кириб келишимга биринчи сабаб, менимча, балки севги бўлгандир. Мен билмайман бу ахмоқлигимми ë бошқами.

Аслида менинг опам менинг устозим бўлади. Яхшигина чиройли шеърлар ëзарди. Мен ҳавас қилардим. Телевидениедан келиб интервюлар олиб, кўрсатувлар тайëрлашганда мен ҳам шеър ëзишга ҳаракат қилганман. Ўхшамаган. Шунда Худодан сўраганманки, “Худойим мен ҳам шеър ëзайин, шеърга ўхшаган бир нарса ëзайин”. Кейинчалик шеърга ўхшаган нарсалар ëза бошладим. Кейин билмадим ахмоқлигимданми Худодан сўрадимки, “Эй Худо менга бир муҳаббат бергинки, бу муҳаббар армон бўлсин менга. Шундай армон бўлсинки, юрагимда қолсин” деб дуо қилибман. Билмадим, бу яхшиликками ëмонликками, лекин шундай бўлди ҳам. Ана шу пайтларда армон бўлиш, армон бўлгандан кейинги пайтларда жуда кўп шеърлар ëзилди.

Хазонрезда ëзай шеър,
Сариқ барглар ҳақида,
Сариқ дардлар ҳақида,
Сариқ девлар ҳақида.

Қиш қўйнида ëзай шеър,
Совуқ ейиш ҳақида,
Совуқ севиш ҳақида,
Совуқ ўлиш ҳақида.

Кўкламга чиқолсам гар,
Кўм-кўк осмон ҳақида,
Кўп-кўп ëлғон ҳақида,
Ëзай Ойхон ҳақида.

Кейин недир кутаман,
Келмасмикан сариқ дев,
Ютмасмикан совуқ дев,
Юпатаман, ëлғон дев,
Демак, тамом,
Саратонда шеър ёзилмайди.
XS
SM
MD
LG