Линклар

logo-print

Озодлик муxлислари Эркин микрофон дастурига энди скайп орқали ҳам боғланишмоқда.


OZODSKYPE даги мулоқот

Ҳозирда АҚШнинг Филадельфиясида яшаётган самарқандлик Обиджоннинг “Эркин микрофон” билан скайп орқали боғланганини айтмаса, унинг ҳикоясида фавқулодда янгилик йўқ.

Америкада яшаётган Обиджоннинг айтишича, Самарқанд вилояти туманларидан бирида яшаётган оиласини туман газ таъминоти идораси ёқмаган газига пул тўлашга мажбур қилмоқда.

- Исмим Обид. Чет элдан телефон қилаяпман. Асли Самарқандданман. Бўлган воқеани айтиб бермоқчиман. Бир-икки кун олдин уйда бўлаëтган вазият. Келинингизга телефон қилиб гаплашганимда, “Уйга горгаздан келишди. Бизларни 1,5 миллион жарима қилаяпти. Горгазга бораркансиз” деб айтиб кетишди деди. Кейин уйдагилар боришган. Ҳар доим кассага тўланган квитанциялар олиб борилган. “Нимага жарима солаяпсизлар? Ҳаммаси счëтчик орқали вақтида тўланаëтган бўлса” деса, “Йўқ, сизларнинг қарзларингиз бор. 2005 йилдан 2008 йилгача бўлган қарзларингиз бор” дейишган. Ҳисоблагични қўйишганда, сизларнинг қарзларингиз йўқ деб китобчага ëзиб ҳам кетишган эди, дейди Обиджон.

Хуллас, кечаги гап – эски гап. Бугунники бошқа. Оиласидан газ учун, Обиджоннинг айтишича, ноҳақ ҳақ талаб қилишмоқда.

Қаердан пайдо бўлди бу қарз?

Обиджоннинг айтишича, жавобнинг ўзи Америкага етиб борган.

- Бир танишимиз келган эди яқинда. Горгазда 10 йил ишлаган одам. Муҳандис бўлиб ишлаган. “Ака шундай вазият бўлаяпти экан. Нима гап ўзи у ерда?” десам,..

Обиджонга муҳандис қарзнинг қаердан пайдо бўлишини тушунтириб берган.

Обиджоннинг сўзларига қараганда, муҳандис янги гап айтган эмас. Бошқа кўплаб тингловчиларимиз айтиб келаётган гапларни: яъни, газ таъминоти идораси раҳбарлари баъзи корхоналарга газни арзон нархда ўғринча сотиши ҳамда пул йиғувчилар газ ҳақини олиб, кассага тўламагани оқибатида йиғилиб қоладиган катта миқдордаги қарзларни шу усул билан бутун аҳолидан йиғиб олишга ҳаракат қиладилар.

Филадельфияда истиқомат қилаётган Обиджондан газ ва электр энергия таъминоти Америкада қандай йўлга қўйилган, деб сўрадик.

- Мен АҚШнинг Филаделфия шаҳрида яшайман. Ўша ерда яқинда тўфон бўлди. Ўшанда салгина сув тошқини ҳам бўлиб ўтдию, лекин асосан сув тошқинидан эмас шамолдан зарар кўрган эдик. Свет ўчди. Ўчган бўлса, икки минутга ўчди. Бизлар турган жойда икки минутга ўчиб ëнди. Газ проблема йўқ бу ерда. Газ ўчган эмас. Бирор марта газ ўчганини ëки газ бўйича бирор проблема бўлганини кўрмадим. Бу ерда ўзининг газ электрик деган корхонаси бор. Иккаласи ҳам битта организация бўлади булар. Улар келмайди ҳам. Автоматический компютерда ëзса керак. Ҳар битта хонадонга ўзига яраша тўлов қоғози келади почта орқали. Бу ерда ҳар бир одамнинг аккаунти бўлади интернетда. Ўша орқали сиз тўлашингиз мумкин кредит кардми ëки дебит кардми. Унинг ҳеч қанақа нимаси йўқ, дейди Америка Қўшма Шататларининг Филадельфия шаҳрида истиқомат қилаётган самарқандлик Обиджон.

Эслатиб ўтаман, Обиджон билан суҳбат скайп орқали ёзиб олинди.

Скайп орқали Сиз ҳам Озодлик билан боғланишингиз мумкин.

Скайпда бизни OZODSKYPE деб ёзиб топасиз.



Эркин микрофон клуби аъзоси

Шуни айтиш керакки, Эркин микрофон эшиттириши пайдо бўлганидан бери унинг доимий мухлислари пайдо бўлди.

Уларни ўзига хос Эркин микрофон эшиттириши клуби аъзолари дейиш мумкин.

Қашқадарёнинг Деҳқонободида яшовчи Зафаржонни ўша клубнинг аъзоларидан бири дейиш мумкин.

Зафаржон Эркин микрофонга тез-тез қўнғироқ қилиб туради ва эшиттиришларимизда кўтарилаётган у ёки бу мавзу юзасидан фикрларини ўртоқлашади.

Зафаржон бугун ҳам қўнғироқ қилди ва Озодликнинг Шоир билан суҳбат туркумидаги эшиттиришларни тинглаш давомида пайдо бўлган фикрлари билан ўртоқлашди.

- Мен Қашқадарë вилояти Деҳқонободдан Зафаржонман. Шоир билан суҳбат деган эшиттиришда ҳар доим ватандан қувилган шоирлар, яъни халқ дардини ëзадиган шоирларга микрофон тутадида. Уни бир китобхон сифатида мен мароқ билан эшитиб бораман. Бу билан айтмоқчиманки, бу яхши эшиттириш. Яъни менга ëқади. Халқнинг дардини ëзадиган шоирлар баробарида ватанпарвар шоирларга ҳам микрофон тутсаларингиз дейман. Жумладан Абдулла Орипов ва шунга ўхшаган бошқа ватанпарвар шоирларга ҳам микрофон тутсаларингиз дейманда. Абдулла Ориповнинг бир мисра шеъри бор эдида. Шуни айтсам ижозат берсангиз.

Майли шоирликни қилмаган ҳавас,
Балки олимлик ҳам сенга шарт эмас,
Англасанг дунëнинг ўткинчилигин,
Комил бўлмоқликка шунинг ўзи бас.

Мени таажжубга солган нарса дунëнинг ўткинчилигини англаган шоир нима сабабдан ўзбек журналистлари, шоирлари қамоқда ëтганию халқнинг дардини ëзиш керак эканлигини англамайди? Ана шулар ҳақида ҳам суҳбат уюштирсаларингиз дейманда.

Озодлик: Биринчидан, шоир билан билан суҳбат эшиттириши меҳмонларининг ҳаммаси ҳам ватандан чиқиб кетган шоирлар эмас. Ватанда яшаëтган шоирлар ҳам чиқаяпти. Иккинчидан, сиз мана Абдулла Ориповни ватанпарвар шоир дедингиз. Нима у эшиттиришда қатнашган шоирлар ватанпарвар эмасми?

- Мен ватанпарвар шоирлар деганимда президентни қўллаб-қувватлайдиган шоирларни назарда тутаяпман. Яъни ватан ҳақида мадҳия айтадиган шоирлар. Ўтган адабиëтга назар солсак, уларни маддоҳ шоирлар деб аташадида.

Озодлик: Ҳар доим ҳам тўғрими шоирни танлашга мажбур қилиш халқ ëки ҳокимият деб?

- Нима учун бепарвосизлар, нима учун шоиру журналистлар қамоқда ëтганлиги ҳақида бирорта очеркми, қиссами, повестми ëзмайсизлар? Бу сизларнинг вазифаларингизку. Яънин кўприк бўлишку. Ана шуларни олиб чиқсаларингиз яхши эмасми?

Озодлик: Сиз шунақа демоқчисиз-а шу шоирларга?

- Ҳа, дейди қашқадарëлик Зафаржон.

Қашқадарёнинг Деҳқонободида яшовчи Зафаржонни ўйлантираётган мавзу - ижод аҳлининг – шоир, ёзувчи, ҳофизларнинг жамиятдаги ўрни тўғрисида одамлар ҳар доим баҳс юритиб келган.

Мутлақ кўпчилик ижод аҳлини Зафаржонга ўхшаб Халқ билан Ҳокимият ўртасидаги кўприк, деб улар зиммасига жуда оғир юк ортмоқчи бўлади.

Шоир бундай юкни кўтаришни истамасачи?

Тўғриси, менинг ўзим ҳам бу масалани охиригача ҳал қила олганим йўқ. Шахсан менга бир нарса таскин беради. Шеър ёзмайман ва бу масалани ўзим учун ҳал қилиш заруратидан холисман.


"Бобур Бобомурод бемалол яшаяпти-ку"

Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Эркин микрофон клубининг аъзоларидан бири.

Бухоролик Иброҳимжон ҳам деҳқонободлик Зафаржон бошлаб берган мавзуни давом эттиради, деб бемалол айтсак бўлаверади.

Мавзуки, ижод аҳлининг жамият ҳаётидаги масъулияти.

- Мен Бухоро шаҳриданман. Исмим Иброҳим. Озодлик таҳририятидан илтимосим бор эди. Яқинда қўшиқчи Абдулазиз Каримов Озодликка эксклюзив интервью берган экан. Шу суҳбатнинг бир қисми эфирга берилдию, тўлиғини Оозодликнинг интернет сайтидан эшитиш мумкин дейилди. Илтимосим шуки, шу суҳбат бўлиб-бўлиб бўлса ҳам эфирга берилса.

Озодлик: Нима учун сизни бу қадар қизиқтираяпти у киши билан суҳбатни тўла эшитиш?

- Мен у одамнинг фикрларини, нималарини яхшилаб эшитмоқчи эдим. Билмаган баъзи нарсаларимиз бўлса, билиш нимам бор. Иккинчидан, у суҳбат мени қизиқтираëтганики, у одам ҳеч ким қилмаган ишни қилиб мана бундай нимага тушган экан. Қаранг у одам аламзадалик қилмоқчими ëки мардона нима қилаяптими? Шу нарса билан қизиқаяпман тўғриси.

Озодлик: У киши “Мен Салим Абдувалиевга бағишлаб қўшиқ айтганим учун мени ҳамма нарсадан маҳрум қилди” деяпти. Сиз ишонасизми шунга? Шундай бўлиши мумкинми?

- Менимча, гап фақат унинг ўзида ҳам бўлмаса керак. Бошқа бирорта бир нима ҳам бордир. Лекин яна билиб бўлмайди. Масалан, битта нарсада. Унчалик ишонгим келмаяпти бу гапгада. У одам қўшиқнинг матнини Бобур Бобомурод ëзган деяптида. Бобур Бобомурод юрибдию. Ҳеч қанақа нима бўлгани йўқку. Яшаяптию. Ўзбекистонда ижоди ҳам эркин, ҳеч ким тегмаяптию.

Озодлик: Қўшиқчиларнинг Салим Абудвалиевга ўхшаган бадавлат кишиларга атаб қўшиқ ëзиб, уларга мадҳиялар ўқишига сиз қандай қарайсиз?

- Ўзбекчиликда қандайдир ярашмай кетар экан. Мен бу нарсани қандай билдим? Салим Абдувалиевга бағишлаб айтилган қўшиқни эшитгандан кейин ярашмай кетар экан. Қанақадир қулоқ ўрганмаганигами, қалб ўрганмаганигами қанақадир ўзбек санъатига маддоҳлик, ўзбек шеъриятига маддоҳлик тўғри келмас эканда.

Озодлик: Давблат раҳбарларига айтиладику. Нима фарқи бор?

- Барибир икки ўн беш бир ўттиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам маддоҳлик нима эмас барибир. Нима бўлганда ҳам, дейди бухоролик Иброҳим.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG