Линклар

logo-print

2001 йилнинг 11 сентябри эсингиздами?

  • Сарвар Усмон

2001 йил, 11 сентябр, Ню Йорк.

2001 йил, 11 сентябр, Ню Йорк.

Яна бир неча кундан сўнг Америка тарихига энг қора саҳифа бўлиб кирган улкан фожеа юз берганига 10 йил тўлади.

Жаҳон савдо марказининг эгизак биноларига алқаидачилар томонидан қилинган ҳужумдан 3000 дан зиёд киши кўз очиб юмгунча ҳаётдан ажраб қолган эди.

Икки осмонўпар бино вайроналари остида қолганлар орасида нафақат америкаликлар, балки жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор эди.

Машъум сана муносабати билан бугунги ҳамда олдинда турган кунлар давомида ҳавога узатиладиган эшиттиришларимизда шу мавзудаги мақолаларни тинглашингиз мумкин.


11 сентябр воқеаларига бағишланган эшиттиришларнинг бошламаси сифатида Озодликнинг Эркин микрофонига қўнғироқ қилган тингловчиларимиздан тўрт нафари ўртасида ўтказганимиз мухтасар сўровни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Тингловчиларимизга саволни жуда мавҳум, ўта умумий қилиб бердик: "Бундан 10 йил муқаддам, 11 сентябрда жаҳонда қандай воқеа юз берган эди?" деб сўрадик.

Тўрттала тингловчимизнинг ҳам фожеадан хабари бор экан.

Улардан биринчиси воқеанинг Америкада бўлганини билади, лекин ҳужумни ким амалга оширганини эслолмайди.

- Америкадаги осмонўпар биноларга террористик акт уюштирилган эди. Шу бўлса керакда.

Озодлик: Ким амалга оширган ўша террористик актни?


- Билмадим. Энди сизлар қатори матбуотда эшитганимни эшитганман. Мен ҳам энди қишлоқнинг одами. Қаердан биламан, - дейди биринчи тингловчи.

Иккинчи тингловчимизда 10 йил олдин юз берган фожеа тўғрисида информация сал кўпроқ бўлиб чиқди.

- Америкада теракт бўлган бўлса керак.

Озодлик: Бўлса керакми ëки аниқ биласизми?

- Қўшалоқ бинолар портлатилганми, қулаб тушган кун. 11 сентябр-а?

Озодлик: Ҳа.

- Америкада бўлган. Мен олий маълумотлиман. Филолог.

Озодлик: Яна қанақа тафсилотларини биласиз ўша воқеанинг?

- Қўшалоқ бинога самолëт келиб урилган, қулаган. Бин Ладен, яна алламбалолар, - дейди иккинчи тингловчи.


Учинчи тингловчи саволимизни эшитгач бироз ўйланди ва бирдан эсига тушди.

- Ҳа, ҳа, 11 сентябр иккита дом қулаган кун-ку.

Озодлик: Қанақа домлар қулаган?

- Эна-бола домлар. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, бир юзу неччи этажли домлар қулаган.

Озодлик: Нима учун қулаган?

- Телевизордан кўрганмиз энди ака. Самолëт қулатганми нима қулатгану ака 2001 йил 11 сентябрда, - дейди учинчи тингловчи.

Сўровимизда иштирок этган тўртинчи респондент эса, бундан 10 йил муқаддам амалга оширилган террор ҳужумига ўз баҳосини ҳам берди.

- Бундан 10 йил олдин Усома Бин Ладин бошчилигидаги гуруҳ Америкада теракт содир қилган эди. Тўғри 10 йил олдин шу воқеа бўлган эди.

Озодлик: Ўша воқеа тўғрисида яна нималар биласиз?

- Фақат қўшимча қиладиган нарсамки, ўша ишни қилганларни ва ўша ишни буюртма берганларни инсон деб бўлмайди. Бунга ҳуқуқи йўқ. Бу мумкин эмас. Шуни биламан ака,- дейди тўртинчи тингловчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG