Линклар

9/11 - Ўзбекистон: Террор таҳдиди битдими, битмадими?

  • Барно Анвар

АҚШдаги Жаҳон Савдо маркази биносини қулатган ҳужумдан кўрилган террор таҳдиди, аксар экспертлар тахминича, сўнгги 10 йил ичида йўқолмади, аксинча хафвлироқ тус олди.

АҚШдаги Жаҳон Савдо маркази биносини қулатган ҳужумдан кўрилган террор таҳдиди, аксар экспертлар тахминича, сўнгги 10 йил ичида йўқолмади, аксинча хафвлироқ тус олди.

Экспертлар террор таҳдиди битмагани, аксинча, Ўзбекистон учун янада кучайганини тахмин қилмоқда.


Бундан 10 йил муқаддам - 2001 йилнинг 11 сентябрида АҚШнинг Ню Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази биносига бориб урилган самолёт акс этган видео тасвир бутун дунё бўйлаб тарқалган ва кишилар онгига "террор таҳдиди", деган тушунчанинг ўта даҳшатли экани ҳақидаги хавотирни ёйган эди.

Бу хавотир ортидан кейинчалик халқаро сиёсатда "террорга қарши кураш", деган ибора кун тартибига чиқди.

9/11 террор хуружи ва унда берилган қарийб 3 минг одам ўлими учун масъулиятни ўз зиммасига олган "Ал-Қойда" ҳамда унинг эндиликда марҳум етакчиси Усама бин Ладин дунё ҳукуматларининг биринчи рақамли душманига айланган эди.

Бу воқеа, Озодлик суҳбатлашган экспертлар фикрича, умумиятла Ўзбекистон ҳукуматининг 2001 йилга қадар халқаро минбарларда бот-бот такрорлаб келаётган хавотирини тўла оқлаган воқеа бўлган.

Чунки, 1995 - 1999 - 2000 йиллар оралиғида Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган ва аввалига қўшни Тожикистонда, 1999 йиллар охири ва 2000 йиллар бошидан эса Афғонистонга бориб ерлашган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 2001 йилга келиб, Ўзбекистон ва унга қўшни минтақа давлатлари учун биринчи рақамли душманга айланган эди.

1999 йилнинг ёзида, кейин эса 2000 йилнинг баҳорида ЎИҲнинг Қирғизистондаги Боткен вилоятига хуружи Марказий Осиё ҳукуматларини қаттиқ хавотирга солиб қўйган эди.

2001 йил сентябр воқеаларидан сўнг расмий Вашингтон ва Тошкентнинг хавотирлари уйғун келди ҳамда Афғонистонда марказлашган "террор таҳдидига қарши кураш" йўлида сиёсий манфаатлар бирлашди.

2001 йилнинг 7 октябрида НАТО қўшинлари Афғонистонга киритилди ва Ўзбекистон НАТО қўшинларига таъминот юкларининг етказилишидаги муҳим давлатлардан бирига айланди.


"2001 йилдан бери террор таҳдиди сусайди, холос"

Ташқи алоқалар бўйича Германия Кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Штефан Мэйстр 10 йил ортга назар ташлар экан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 11 сентябр воқеаларидан бир йил муқаддам БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқидаги хавотирларини эсга олди.

Таҳлилчига кўра, бир тарафдан, террор таҳдиди бор эди ва у кучайиб бораётган эди.

- Ўзбекистон ҳукумати учун ўша кезда Афғонистонда ҳокимияти кучайиб бораётган Толибонга барҳам берилиши ва шу орқали Толибон қаноти остига йиғилаётган исломий радикал гуруҳлар, жумладан, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига барҳам берилиши жуда жиддий масала бўлиб турган эди, - дейди Штефан Мэйстр.

Бошқа бир тарафдан, деб ҳисоблайди таҳлилчи, бунга қадар ҳам шу таҳдидни сабаб қилган президент Каримов режими ўз сиёсий мухолифлари билан адолатсиз курашни бошлаб қўйган эди.

- Гарчи бироз эриш туюлса-да айтиш мумкинки, 9/11 воқеаси содир бўлиши билан президент Каримов режими учун омад кулиб боқди. Ўйлашимча, у ҳануз "исломий терроризм" таҳдидини ўз давлатидаги мухолиф гуруҳлар, айниқса, диндор гуруҳларга нисбатан босим ўтказишда қўллаб келмоқда, - дейди ғарблик таҳлилчи.

Штефан Мэйстрга кўра, расмий Тошкент ҳамда ўша вақтда "террорга қарши кураш"ни биринчи планга қўйиб, Каримов режими билан ҳамкорликни кучайтирган Вашингтон 10 йил олдин ўз олдига қўйган мақсадга қисмангина эришди.

Хусусан Ўзбекистонга келинса, Исломий радикал гуруҳлар таҳдиди ёҳуд диндорларнинг радикаллашуви хавфи йўқолгани йўқ.

- Аксинча, бу режимнинг сиёсати диндор гуруҳларни янада радикаллашишига олиб келди. Муаммо шундаки, ҳозирга келиб президент Каримов ҳукумати бу гуруҳларни жамиятнинг бошқа қатлами билан интеграциялаштира олмайди ва айни кезда, бу диний гуруҳларни мўътадиллаштира ҳам олмайди. Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз бундай гуруҳлар устидан репрессиясини давом эттирмоқда ва бу сиёсат, эҳтимол, мамлакатда мавжуд бўлмаган радикаллашувни эртами-кечми яратиши тайин эди, - дейди германиялик таҳлилчи.

Яъни унинг хулосасига кўра, бундан 10 йил муқаддам расмий Тошкент важ қилиб келтирган радикал исломий гуруҳлар таҳдиди айнан Тошкент сиёсати боис кучайган ва муқаддам Афғонистонда бўлган бу таҳдид эндиликда мамлакат ичида улғаяётган бўлса, ажабмас.

Вашингтон манфаатлари нуқтаи-назаридан олинганда эса, 10 йил аввал АҚШ раҳбариятию халқини ўта карахт бир аҳволга солган террор таҳдиди фақатгина сусайган холос, деб ҳисоблайди Штефан Мэйстр.

Яъни, Толибларга барҳам беришга эришилгани йўқ.

- Улар НАТО қўшинлари амалиётлари натижасида сусайди. Аммо, Покистондаги вазиятни инобатга оладиган бўлса, Толибон таҳдиди ҳануз мавжуд эканини кўрамиз. Бундан ташқари, НАТО қўшинлари олиб чиқилган тақдирда Кобул ҳукуматининг террорга қарши курашда устунликни ушлаб тура олишига ҳам ишончим комил эмас, тўғриси. Шу боис, менимча бу минтақадан дунёга ва хусусан, Ўзбекистонга келаётган таҳдид ҳануз мавжуд ва ҳатто, улкан таҳдид мавжуд, - дейди Ташқи алоқалар бўйича Германия Кенгашининг Россия ва Марказий Осиё хавфсизлиги бўйича мутахассиси Штефан Мэйстр 9/11 воқеаларидан кейин кечган 10 йиллик даврга назар ташлар экан.


"Ўзбекистон-Россия-АҚШ учлигидаги хавфли ўйин"

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойберганов 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг Ўзбекистон-АҚШ-Россия учлиги ўртасида ўта мураккаб сиёсий муносабатлар бошланганини эслайди.

Искандар Худойбергановга кўра, ўша кезда Ғарб давлатларининг БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига асосланиб, НАТО кучларини Афғонистонга йўллаши ва бу амалиётларда Ўзбекистон ҳамда қўшни минтақа давлатларининг иштироки муқаррар эди.

Аммо, аввалига бу амалиётларни қувватлаган Марказий Осиё республикаларига Москва норозилик билдира бошлаган ва унинг норозилиги кўпроқ зимдан олиб борилган сиёсатда акс этган эди, деб ҳисоблайди Искандар Худойберганов.

- Ўзбекистоннинг қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатлар аста-секин оғирлашган. Бунинг ўртасида ниҳоятда хунук ҳаракат Россия томонидан қилинмоқда. Буни очиқдан-очиқ айтиб бўлмайди, аммо Марказий Осиё давлатлари ўртасини бузишда Россиянинг ҳаракати аниқ кўриниб туради, - дейди Искандар Худойберганов.

Унинг фикрича, 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг кечган бир- бир ярим йил оралиғида АҚШ билан муносабатларини изчил кучайтириб борган Ўзбекистон кейинчалик унинг қўшнилари билан муносабатларини совуқлаштираётган Москванинг зимдан қаршилигига учраган ва Ўзбекистон-Ғарб бирлашувига нисбатан бундай қаршилик ҳануз бор.

- Ўзбекистон ўртага тушиб қолган эди ўша пайтда. Ғарб билан ҳақиқатда яқинлашаман, деса ҳақиқатан демократик реформалар қилиши керак. Яқинлашмаса, бу ёғдан янги угрозалар чиқиб келаяпти. Бу Ўшдаги каби воқеага ўхшаган угроза эди.

Бултур Ўшда бўлган воқеалар исталган пайтда такрорланиши мумкин. Ўзбекистоннинг ичида бунақа воқеа бўлиши қийин, чунки, Ўзбекистонда жуда кучли полициявий тизим бор. Лекин, қўшнилари билан шунақа муаммо бўлиши мумкин. Ўшдаги воқеалар тинчигани йўқ, менимча. Ҳозир шунчаки тинчигандай кўринаяпти холос, - дейди Искандар Худойберганов.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни қанчадир муддат АҚШ ва Россия ўртасидаги мураккаб геосиёсий манфаатлари тўқнашуви марказига айлантирган 11 сентябр воқеаларидан кейинги таранг вазият сақланиб қолди, деб ҳисоблайди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Унга кўра, бу тарангликнинг Россиядаги манбаи Владимир Путин президентлиги вақтида бошлаб қўйилган ва ҳануз давом этаётган сиёсатдир.

- Россия ҳамиша Марказий Осиёда демократик ўзгаришлар бўлишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Демократик ўзгаришлар, деганда эса биз кўпроқ ғарбнинг таъсирини тушунамиз ва ҳақиқатда ҳам шундай. Иккинчидан, Россия Марказий Осиёга нисбатан "Бу бизнинг манфаатларимиз ҳудудидир", деган сиёсатни юргизиб келмоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари давлатлари ҳозирги вазиятдан чиқиб кетиш учун ниҳоят даражада биргаликда ҳамкорлик қилиши керак. Интеграцион ҳаракатлар бўлиши керак. Лекин қараб турсангиз, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан аҳволи жуда оғир ва бунда Россиянинг жуда катта роли бор, - дейди Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойберганов.

Унинг фикрича, бундан 10 йил олдин Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун Афғонистондан келган таҳдид йўқолмаган ва эндиликда унга қўшимча равишда, 11 сентябр воқеаларидан кейин Тошкент-Вашингтон-Москва ўртасида шаклланган мураккаб геополитик сиёсат Ўзбекистон учун митнақавий хавфсизлик билан боғлиқ янги муаммоларга замин тайёрлаган.


"Генераллар ортидан савдогарлар келмаса, ютуқ бўлмайди"

9/11 воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг ғарб ҳукуматлари, хусусан, АҚШ билан иқтисодий муносабатларига назар ташлаган иқтисодчи Саодат Нишонова расмий Тошкент 10 йил муқаддам тақдир тақозоси билан ўзига туҳфа ўлароқ берилган имкониятлардан аввалига тўла фойдалана олди, деган хулосада.

- Афғонистон йўналишида тараққиёт ижобий омил эди ва бундан Ўзбекистон сиёсатчилари тўлақонли фойдалана олди. Шундан сўнг бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилди. Афғонистонга чўзилган темир йўл ўз-ўзидан қурилмас эди. Бу жуда катта ва қиммат турадиган лойиҳа.

Бундан ташқари, яна битта янги лойиҳа тайёр турибди. Яъни, Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун озиқ-овқатни Ўзбекистонда етказиб бериш лойиҳаси. Бу Ўзбекистон иқтисодининг ўсиши учун жуда кучли стимул, яъни қўшимча талаб бу.

Ва энг муҳими, Ўзбекистонга қўшимча валюта кириб келаяпти. Бундан эса конвертация учун имкониятлар кенгаймоқда, - деб ҳисоблайди Саодат Нишонова.

Аммо, 11 сентябр воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга берилган ва ҳануз сақланиб турган бу имкониятни тўла ишга солиш учун Ўзбекистон бир неча жиддий сиёсий ислоҳотларни ўтказиш зарурати қаршисида қолмоқда.

- Ўзбекистоннинг муаммоси шундаки, ички иқтисодда талаб сунъий равишда кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида пул массаси давлат ўрнатган курсда хорижий валютани конвертация қилиш мумкин бўлмаган даражада кўпайиб кетган. Ҳозир асосий муаммо шу. Бу ҳолда ички талабни қисқартириш лозим ёки валютани девальвация қилиш керак, - деб ҳисоблайди Саодат Нишонова.

Аммо унга кўра, айни кезда Ўзбекистон ҳукумати ҳар икки чорани қўллашга қодир эмас.

Девальвация қилинган тақдирда, иқтисодчига кўра, бюжетда давлат қарзи улуши ошиб кетади ва импорт маҳсулотларига талаб камаяди, чунки бундай маҳсулотларнинг нархи кўтарилиб кетади.

- Бошқа тарафдан, девальвация қилишга тўсқинлик қилувчи субъектив омиллар ҳам бор. Мисол учун, валюта нархи расмий курсда 1 минг 800 сўм, қора бозорда эса 1 АҚШ доллари 2 минг 500 сўм ва бу бозорда ишлаб турган одамлар бир кунда камида 1 минг 400 АҚШ доллари ишлаб олиши мумкин. Бу жуда жиддий омил ва унинг аҳамияти сиёсатда ҳам муҳим. Шу боис, девальвация қилишга қарор бериша олмаса керак, - дейди Саодат Нишонова.

Лекин пулга ички талабни қисқартириш учун қўлланаётган чора - пластик карточкалар сиёсати ҳам муаммони сунъий равишда бўғиб туриш холос, деб таъкидлаган Саодат Нишоновага кўра, бу ҳолат мамлакатнинг молиявий соҳаси ривожига тўсиқ бўлмоқда ва демакки, иқтисодий ўсиш бўлмаяпти.

- Менинг назаримда, келгусидаги воқеалар ривожи қандай бўлишини айтиш жуда қийин. Аммо, келгусида Ўзбекистонга бир неча ғарб ҳарбий базалари жойлаштирилиши мумкин, деб тахмин қилаётган таҳлилчилардан бирининг фикрида жон бор. Яъни, Ўзбекистоннинг гоеграфик ўрни геополитик нуқтаи назардан жуда қулай давлат экани факт.

Бундан ташқари, ўтган йили НАТО самитида НАТО қўшинларининг Афғонистонга киритилишидан энг кўп манфаат кўрган давлат Хитой бўлгани ҳақида айтилган эди. Яъни, Хитой вазиятдан фойдаланиб, секинлик билан бир неча йирик савдо-ҳамкорлик шартномаларини амалга оширган.

Шунинг учун, ҳозир қулай бир имкон билан тўқнаш турган Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан савдо-ҳамкорлик алоқаларига муҳит яратиши лозим аслида. Айтишадику: "Генераллар ортидан савдогарлар келмаса, ютуқ бўлмайди".

Яъни, сармоядорларга йўлни очиш шарт. Бунинг учун эса ички сиёсатни ўзгартириш керак. Ҳимояси кафолатланмас экан, сармоядорлар Ўзбекистонга бормайди. Шунинг учун, келгусида Афғонистон йўналишидаги халқаро сиёсатнинг муҳим бўлаги бўлиб қолса-да, Ўзбекистон ички сиёсатини ўзгартирмас экан, бундан катта фойда ололмайди, - дея хулоса қилади иқтисодчи Саодат Нишонова.

Аксинча, иқтисодчи кўра, воқеалар ундай ривожланган ҳолда Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсий аҳволи янада мураккаблашиб, бунинг устига Хитой ва Россия билан зиддиятга кириб қолиши мумкин.


"Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлмаган"

9/11 воқеалари содир бўлган кезда Искандар Худойберганов етакчилигидаги Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан фаол шуғулланар эди.

Искандар Худойберганов воқеалардан сўнг АҚШ билан муносабатларини яхшилаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида баъзи ижобий қадамларни ташлашга мажбур бўлган эди, деб эслайди.

Унга кўра, сентябр воқеаларига қадар Ўзбекистонда 1999 йилги 16 феврал портлашларидан сўнг диндорлар ва сиёсий мухолифларга қарши ошкора олиб борилаётган таъқиб ва тазйиқлар, қамоқхоналардаги қийноқлар авжига чиққан эди.

- 11 сентябрдан кейин бу масала кўтарилгандан кейин Ўзбекистон раҳбарияти қийноқлар борлигини Женевада тан олган эди. Акмал Саидов Женевада қийноқларни тан олган эди. Ўзбекистонда Фридом Хаус, Хюман Райтс Уотч каби ташкилотлар қаттиқ ишлаган. БМТ маърузачиси Тео Ван Бовен келган эди ва Ўзбекистон билан қийноқларни тугатиш бўйича миллий дастур имзоланганини ҳам Акмал Саидов маълум қилган эди, - дейди Искандар Худойберганов.

Унга кўра, ўша кезда қисқа муддатга қамоқхоналарнинг эшиклари ҳам очилган. Аммо, ўшанда ҳам аксарият маҳаллий ҳуқуқ фаолларига қамоқхонага кириш имкони берилмаган.

Худойберганов Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилган такрорий мурожаатлари жавобсиз қолдирилганини яхши эслайди.

Орадан 10 йил ўтиб бу воқеаларни таҳлил қилар экан, Искандар Худойберганов, 11 сентябр воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги соҳасида қилинган ижобий ўзгаришларнинг ҳаммаси ғарбнинг босими остида ва Тошкентнинг ғарбдан келадиган сиёсий-молиявий кўмагига таъма ортидан босилган намойишкорона қадамлар эди холос, дейди.

2005 йилда Андижон воқеалари содир бўлди ва бу ўша намойишкорона қадамларни тТошкентга яхшигина баҳона бўлди.

- Шу воқеа фақат баҳона бўлди. Аслида аҳвол ўзгармаган ўша пайтда. Ўзбекистон қийноқлар, репрессиядан сал орқага тисланган, арзимаган вақт ўтгандан кейин яна кучайиб кетган. Аслида Ўзбекистондаги каби режимлар учун бу табиий ҳол эди. Чунки, ташқаридан бўладиган ҳар қанақа босим узоқ давом эта олмайди. Босим бир кучаяди, бир сусаяди, - дер экан Искандар Худойберганов Ўзбекистонда ҳанузга қадар инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, буни ҳимоя қилишга урниган фуқаролик жамиятига мутлақо барҳам берилгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар эса қувиб солинганини хулосасига далил ўлароқ келтирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG